Кексаларни эъзозлаш, уларнинг дуосини олиш, ҳаётий тажрибасини амалда кенг татбиқ қилиш — миллий қадриятларимизнинг муҳим мезони. Қолаверса, бугунги кунда нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга устувор вазифалардан бири сифатида қаралаётгани ислоҳотларимизнинг самарадаорлигини оширишда ўзига хос омиллардан бўлмоқда.
Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Чорвадор” маҳалласида яшовчи 100 ёшли Салимжон ота Мирзажонов хонадонида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди. Унда туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, маданият бўлими вакиллари, 42-мактаб ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбирда табаррук отахоннинг ҳаёт йўли, сабр-матонати, бугунги ёш авлод учун ибрат бўладиган фазилатлари алоҳида эътироф этилди.
Салимжон ота Мирзажонов 1926 йил 20 майда Наманган вилояти Чуст туманидаги Олмос қишлоғида туғилган. Мактабда бор-йўғи 4-синфгача ўқиган. Рўзғорга ёрдам бериш учун ўқишни ташлаб, меҳнат қилишга мажбур бўлган.
Кейинчалик ишчи ёшлар учун ташкил этилган кечки мактабни ишдан ажралмаган ҳолда ўқиб битиради. 18 ёшидан бошлаб, Олмос қишлоғида ташкил этилган жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаган. 1966 йилда Тошкент вилояти Чиноз туманига оилавий кўчиб келишган. Дастлаб деҳқончилик билан шуғулланишган, совхозда боғ ташкил этилгандан сўнг отахон боғ бригадири лавозимида ишлаган. Узоқ йиллар Чинозда боғлар барпо этилишига ҳисса қўшган. Янги навлар яратиб, пайвандлаб, сара мевалар етиштиришга асос солган. Салимжон ота яратган боғларнинг меваларидан бугунгача туман аҳли баҳраманд бўлиб келмоқда.
Отахоннинг 25 нафар набираси, 49 нафар чевараси, 2 нафар эвараси бор. 8 нафар фарзандидан бугунги кунда уч нафари ҳаёт. Бевақт вафот этган фарзандларининг болалари, набираларини ҳам ўз қарамоғига олиб, ҳеч кимдан кам қилмай қаторга қўшган отахон ҳалоллик ҳар доим инсонга обрў-эътибор, рўзғорига қут-барака олиб келишини таъкидлайдилар. Отахонни зиёрат қилиш учун маҳалла фаоллари, фаол нуронийлар, қўни-қўшнилар тез-тез келиб, дуоларини олиб турадилар.
Тадбирда жам бўлганларга отахон миннатдорлик билдирар экан, ўзи гувоҳ бўлган, бошидан ўтказган оғир йиллар ҳақида гапириб берди. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, она Ватанимиз равнақи учун бор куч ва ғайратларини бериб ишлашлари лозимлигини уқтирди.
Учрашувда туман ҳокими ўринбосари Ш.Низомитдинов “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви томонидан юборилган табрикни ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг отахонга туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармасининг эсдалик совғалари топширилди.
Дарҳақиқат, ҳаёт синовларига узоқ йиллар дош бериб, табаррук ёшга етган отахону онахонларимизнинг ҳар бир сўзи — ҳикмат, ҳар бир қадами — ибрат. Айни ҳақиқатни ёш авлодга уқтириш, бу каби тадбирларни мазмунли ташкил қилган ҳолда, авлодлар ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлаш — барчамизнинг устувор вазифамиз.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.