Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида олиб борилаётган хайрли ишлар ўз мевасини бериб, юрт равнақи ва ёшлар тарбиясида муҳим омил бўлмоқда. Хива шаҳридаги “Исломхўжа” мажмуасида ўтказилган анъанавий кўрик-танловнинг вилоят босқичида бу яққол кўзга ташланди.

Тадбирни “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Рустам Султонов очди. У ўз сўзида бой ҳаётий тажрибаси билан ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларни иш билан таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда чинакам фидойилик кўрсатаётган отахон-онахонларнинг меҳнатини эътироф этди.

Дарвоқе, уч босқичли ушбу анъанавий танлов мамлакатимизда кенг қулоч ёяётгани юқоридаги фикрларнинг яққол далилидир. Хоразмликлар ўзлари яшаб келаётган маҳалладаги уюшмаган, муаммоли ёхуд ишсиз ёшлардан ўн нафарини ўз бириктирувига олиб, уларга мураббийлик қилмоқда. Ҳар бир йигит-қизнинг тақдирига бефарқ бўлмасдан, уларга маслаҳатлар бериб, ҳаётда ўз йўлини топишига ҳар томонлама кўмаклашаётгани аҳамиятлидир.

Иштирокчи фахрийлар муайян тайёргарлик билан келгани беллашув савиясини кўтарди. Якунда Ҳазорасп туманидаги “Тараққиёт” маҳалласи фаол нуронийси Равшанбек Кўчқоров 3-ўринга лойиқ кўрилди. Қўшкўпир туманидаги “Ғозовот” маҳалласи вакили Отабой Шарипов эса фахрли 2-ўринни эгаллади. Танлов ғолиби сифатида 1-ўрин ва республика босқичига йўлланмани Боғот туманидаги “Найман” маҳалласида истиқомат қилаётган жонкуяр фахрий педагог Шарофат Худойберганова қўлга киритди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар ва рақслар йиғилганларга байрам кайфиятини улашди. Ғолибларга эсдалик совғалари, диплом ва пул мукофотлари топширилди.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan