Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадрини юксалтириш йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар замирида ҳар бир инсонни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсад мужассам, албатта. Айниқса, нуронийларимизнинг жамият ҳаётидаги мавқеини ошириш, уларнинг беназир мураббий сифатидаги сабоқ ва тажрибаларидан ёш авлод тарбиясида самарали фойдаланишга оид давлат сиёсати бугун ҳар бир маҳаллада ўз натижасини бераётганлигига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили доирасида ўтказилаётган анъанавий кўрик-танлов фаол нуронийларнинг ўзига хос ҳисоботи ва тақдимоти бўлиб хизмат қилмоқда. Айни пайтда ислоҳотлар жараёнида кутилган натижаларга йўл очмоқда.

Куни кеча Наманган шаҳридаги “Маърифат” масканида ушбу танловнинг вилоят босқичи ташкил қилинди. Унда  вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон  Нажмиддинов, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид  Хатамов, фахрий меҳмонлар ва фаол нуронийлар иштирок этдилар. Танловда туман (шаҳар)лар босқичларида ғолиб чиққан фаол нуронийлар ўзаро беллашдилар.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари туфайли нуронийлар ва уларнинг ёш авлод билан ишлаш борасидаги тадбирлар, ташаббуслар ўзига хос умуммиллий ҳаракатга, қадриятлар тантанасига айланди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Хатамов сўз олиб, бугунги кунда юртимиз нуронийларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан ислоҳотларни жадаллаштириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш йўлида оқилона фойдаланиш устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг иштирокчиларга йўллаган табригини етказди.

Баҳсларда иштирокчилар  “Таништирув”,  “Ёшлар — бизнинг келажагимиз”, “Нуронийлар беллашуви” шартлари бўйича ўзаро беллашдилар.

Биринчи шартда ҳар бир иштирокчи йиғилганларни ўз фаолияти билан таништирди. Иккинчи шартда уларнинг “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили доирасида амалга оширган ишлари юзасидан тайёрлаган альбом ва ёзма маълумотлар баҳоланди. Учинчи шартда иштирокчилар ўзига бириктирилган уюшмаган, муаммоли 10 нафар ёшни тўғри йўлга қайтариш ва жамиятда ўз ўрнини топиши борасида амалга оширган ишлари бўйича сўзлаб бердилар.

Фаол нуронийлар саҳнада, чинакам маънода, ўз билим-малакалари ва ҳаётий тажрибалари, истеъдодларини намоён этдилар. Кўрик-танлов ажойиб байрам дастурига айланди. Бундан завқ олган нуронийлар тадбирни юқори кўтаринкилик билан ўтказдилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, Мингбулоқ тумани “Ингичка” МФЙ фаол нуронийси Абдуқаҳҳор Раҳимов фахрли 1-ўринни, Учқўрғон тумани “Пахтачи” МФЙ “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзоси Гулнора Даминова 2-ўринни, Давлатобод тумани “Истиқлол” МФЙ “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзоси Ақида Маматханова 3-ўринни эгалладилар.

Танлов якунида “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон  Нажмиддинов сўз олиб, ғолиб ва совриндорларни муборакбод этди. Ўз навбатида, бугунги кунда фаол нуронийлар зиммасида ғоят масъулиятли вазифалар борлиги, улар ушбу ишонч ва эътиборга жавобан ҳар лаҳзада фаол, зийрак ҳамда фидойи бўлишлари лозимлигини яна бир карра эслатиб ўтди.

Ғолиблар ва совриндорларга мутасаддилар томонидан махсус диплом ва пул мукофотлари топширилди.

Беллашувлардан сўнг нуронийлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашдилар. Юртимизда бугунгидек фаровонлик бардавом бўлишини тилаб, дуога қўл очдилар.

Абдурашид Болтабоев,

Наманган вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan