“Кексалар ҳафталиги” тадбири доирасида “Нуроний” жамғармаси Шўрчи тумани бўлими раиси Ўрол Чўтбоев бошчилигида бир гуруҳ фаол нуронийлар 103 ёшни қаршилаган Дўсқобил бобо Юсупов хонадонида бўлдилар.
Учрашув давомида узоқ умр ва бой ҳаётий тажриба соҳиби бўлган отахон билан самимий суҳбат қурилиб, у кишининг дуолари олинди. Отахонга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувининг табриги етказилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Дўсқобил бобо 1923 йил 4 май куни колхозчи оиласида таваллуд топган. Отахон ёшлигидан меҳнатда чиниқиб, 14 ёшидан Тожикистон Республикасининг Қўсангир туманидаги колхозда меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик колхозда аравaкашлик қилиб, ҳалол меҳнати билан эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронтга сафарбар этилмаган бўлса-да, Дўсқобил ота фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, буюк ғалабага улкан ҳисса қўшган. 1960 йилда автомактабда таҳсил олиб, ҳайдовчилик касбини эгаллаган. Шундан сўнг колхозда ҳайдовчи бўлиб, узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган. 1985 йилда нафақага чиққан отахон халқ хизматидан тўхтамаган. Маҳаллада тегирмон очиб, аҳолига беминнат ёрдам кўрсатган, эл оғирини енгил қилган.
Дўсқобил бобо 5 ўғил, 1 қизни эл-юртга наф келтирадиган, меҳнатсевар ва ҳалол инсонлар этиб тарбиялаб, вояга етказган. Бугунги кунда 26 нафар невара, 35 нафар чевара ҳамда 1 нафар эвараси даврасида ардоқли бобо сифатида умргузаронлик қилмоқда.
Табаррук отахоннинг ҳаёт йўли — меҳнатсеварлик, сабр-тоқат, элга хизмат қилиш ва оилага садоқатнинг ёрқин намунасидир. У кишининг мазмунли ҳаёти, босиб ўтган шарафли йўли ёш авлод учун муносиб ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Дилшода Алимова,
“Нуроний” жамғармаси
Шўрчи тумани бўлими мутахассиси.