Юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” бошланишига ҳам оз қолди. Шу муносабат билан фаол фахрийлардан иборат гуруҳлар мамлакатимиз бўйлаб саёҳат ва зиёрат тадбирларида иштирок этмоқдалар. Шу доирада республикамиздаги қадимий обидалар, қадамжолар ва меъморий ёдгорликлар, янгидан бунёд этилган мажмуаларда бўлиб, Ўзбекистон тарихи ҳамда маданияти билан яқиндан танишиш билан бир қаторда, улуғ алломалар, юртимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоблари, дин ва маърифат намояндаларини хотирлашмоқда.
Жумладан, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ташаббуси билан Жиззах вилояти Фориш туманидан бир гуруҳ фаол нуронийларнинг пойтахтимизга саёҳати ташкил этилди. Улар дастлаб “Зангиота” зиёратгоҳида бўлиб, улуғ аждодимизнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилдилар. Навбатдаги манзил — “Ҳазрати Имом” мажмуаси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази. Меҳмонлар мажмуада улуғ алломанинг ҳаёти ва фаолияти билан танишиб, Қуръон тиловат қилди. Ислом цивилизациясидаги муҳит, у ердаги шароит, бир-биридан гўзал, рангба-ранг, ёрқин тасвирлар ҳамда янгича, замонавий технологияларга бой экспонатлар нуронийларни тамомила маҳлиё этиб, бир ҳайратларига ўн ҳайрат қўшди. Таърифга тил ожиз, деди онахонлардан бири…
— Марказдаги таассуротларимизнинг чеки йўқ, — дейди жамғарманинг туман бўлими раиси Шароф Унгалов. — Чунки бу мажмуа ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам жуда катта меҳнат, вақт, маблағ сарфланганлигини кўрсатиб турибди. Бу, ўз навбатида, муносиб самарасини бермоқда. Мажмуанинг рекордлар китобига кирганидан ҳам билсак бўладики, ҳали бутун оламга янада машҳур бўлади. Ҳозирда ҳам бу жой нафақат бизга ўхшаган ўзбекистонликлар, балки хорижий сайёҳлар билан ҳам гавжум. Уларнинг юз-кўзларида ҳам ҳайрату ҳавасни яққол кўриб турибмиз.
Дарҳақиқат, маънавиятимиз, миллий ўзлигимизни ёш авлод онги ва қалбига сингдирибгина бардавомлигини таъминлашимиз мумкин. Шу куни нуронийлар ўз уйларига қайтар эканлар, ёшлар билан ишлашда янгидан-янги маълумотлар ва билимлар билан бойидилар десак, асло муболаға бўлмайди.
Баҳодир ВАЛИЕВ.