Давлатимиз раҳбари ҳар гал Қашқадарёга келганида: “Мен Қашқдарёни бошқача яхши кўраман, бу — бағри кенг, танти, ғурурли эл!” дея алоҳида эътироф этадилар, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи, атоқли давлат ва жамоат арбоби Абдулла Орипов сиймосига доимо эҳтиром кўрсатадилар. Бу галги ташриф давомида ҳам бу эзгу анъана давом этди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Буларнинг барчаси одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади. Ва бу, ўз навбатида, Қашқадарё аҳлига янгича куч-ғайрат бағишлайди. Бу борада вилоятдаги фаол нуронийларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Оилаларимизга фаровонлик кирди
— Туманимизда 162 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Олис тоғли ҳудудларимизгача саноат кириб бориб, улкан бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, турмуш даражамиз яхшиланяпти. 77 ёшни қаршиладим. Узоқ йиллар ёш авлодга таълим-тарбия бериб, мактабда ишлаб нафақага чиқдим. Муаллим сифатида ёшларни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялашга ўз ҳиссамни қўшганимдан мамнунман. Бугун туманимиздаги 51 та маҳаллага элтувчи йўллар равонлашмоқда. Янги тиббиёт маркази қурилиши давом этмоқда. Хўжаипок ота қишлоғини туризм марказига айлантириш учун саъй-ҳаракатлар бошланди. “Кичик ўра” сув омборининг бўш турган ерларига 5000 туп олма, 3000 туп ток кўчатлари экилиб, парваришланяпти.
Эски марказ билан Қарашинани боғлайдиган 16 километрли соғломлаштириш йўлаклари қурилиб, электр чироқлари ўрнатилди. Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган оқилона ислоҳотлари самарасидир. Юртбошимизнинг Қашқадарёга ташрифи кўплар қатори биз, кекса авлод вакилларини ҳам беҳад қувонтирди. Улар билан бевосита суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганимиз эса шодлигимизга шодлик қўшди.
Суҳбат жараёнида давлатимиз раҳбарига маҳалламиз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни сўзлаб бердик. Хусусан, 4-мактабни битирган 36 нафар ўқувчининг 30 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга киргани, 650 га яқин ёшлар хорижий тиллар бўйича сертификат олганини фахр билан таъкидлаганимизда Юртбошимиз жуда мамнун бўлдилар. Бу ютуқлар, албатта, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси учун яратилаётган кенг имкониятлар натижасидир. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга қаратилган ислоҳотлар сабабли кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва қийин аҳволда қолган оилалар бугун давлат ҳимоясида. Барча муаммолар ўз ечимини топиб, маҳаллаларимиз обод бўлиб бормоқда. Айниқса, оилаларимиз фаровон, дастурхонларимиз тўкин. Бу ўзгаришларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида олиб бораётган ислоҳотлар самарасидир.
Келажакка ишончимиз мустаҳкам

— Мамлакатимиз етакчисининг Қашқадарёда оқсоқоллар жуда кўплиги, улар барчага ўрнак экани ҳамда ёшларимиз уларнинг ҳаётини ўрганиб, муносиб бўлишга интилса, натижа, албатта, кутилганидек бўлиши ҳақидаги самимий сўзларидан бахтиёр бўлдик. Касбим — механизатор. 99 ёшга кирдим. Узоқ йиллар хўжаликда техника рулини бошқардим. Бугун 10 нафар фарзанд, 39 нафар набира ва 77 нафар чеварам бор. Биз ишлаган даврларда катта-кичик ҳамма қишлоқ хўжалиги ишларига, айниқса, пахта йиғим-теримига жалб этилар эди. Ўқувчи-ёшлардан тортиб, муаллим ва тиббиёт ходимларигача асосий ишини қолдириб, далага сафарбар этилгани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди.
Бундай салбий ҳолатлар ўтмишда қолди. Бугун ёшларимизнинг эркин илм олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун барча шароитлар яратилди. Барча жойларда бўлгани каби Қашқадарёда ҳам улкан бунёдкорлик, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ташриф давомида амалга оширилган хайрли ишларни телевизор орқали кузатдик. Айниқса, Янги Қарши шаҳри Тошкентдан ҳам чиройли бўлиши керак, деган гаплари ҳар бир воҳадошимиз қалбида фахр туйғусини уйғотди. Ҳудудда ер усти метросини қуриш, замонавий аэропорт ҳамда кўплаб маданий-маиший иншоотлар барпо этиш ҳақидаги хушхабарни эшитиб, келажакка бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланди.
Ёшлигимдан деҳқончиликка жуда қизиққанман. Фарзандларимнинг ҳар бирига сир-асрорларни ўргатганим боис, бугун уларнинг дастурхони тўкин. Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида томорқамизда ҳамда кўчаларда турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Юртбошимиз ташриф доирасида Ғузор туманидаги кўчатчилик маркази фаолияти билан танишдилар. Бу, ўз навбатида, воҳани яшил маконга айлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Бу эса барчани янада кўпроқ кўчат экиб, боғ-роғлар яратишга ундаши тайин.
Маҳалламиз обод — кўнглимиз обод
— Дунёдаги тинч ва обод мамлакатда яшаётганимизнинг боиси — халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ҳамда давлатимиз, келажагимизга бўлган мустаҳкам ишончдир. Бугунги сиёсат кенг жамоатчилик томонидан тўла қўллаб-қувватланиши, унинг самарасига барча бирдек жон куйдириши керак, деб ўйлайман. Ахир, бу бутун бошли элнинг, халқнинг ҳаётига дахлдор. Тумандаги 42-мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. 2024 йилда нафақага чиққач, фаолиятимни маҳалла ҳаёти билан боғлаб, ёшларнинг турмуш шароити, илм олиши ва касб-ҳунар эгаллашига эътибор бериб келяпман. Биз “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида ёшлар тарбиясини яхшилаш, уларни миллий қадриятлар ва эзгу ғоялар руҳида камол топтириш мақсадида тизимли иш олиб боряпмиз.

Уларга нафақат маънавий кўмак, балки моддий ёрдам кўрсатиб, ҳар бирининг жамиятда ўз ўрнини топишида яқиндан кўмаклашмоқдамиз. Шавкат Мирзиёевнинг туманимиздаги “Чим” маҳалласига қилган ташрифи барчамизда мамнуният уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш шароити ва бандлигини таъминлаш борасидаги саъйи-ҳаракатлар билан танишиши чинакам тарихий воқеа бўлди. Бугун “Чим”да мисли кўрилмаган ўзгаришлар, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу ерда замонавий мактаб, болалар боғчаси, ёшлар маркази, маҳалла биноси, кутубхона ва истироҳат боғи қад ростлади. Йўллар таъмирланиб, электр таъминоти ва суғориш тармоқлари яхшиланди. Бундай янгиликлар аҳолининг кундалик ҳаётида қулайлик яратиб, маҳалланинг янада кўркамлашувига хизмат қилмоқда.
Чимликлар 5 мингдан ортиқ. Инфратузилмани ривожлантириш учун 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани улкан эътибордан далолат. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва оилалар даромадини оширишда. Гиламдўзлик, каштачиликнинг йўлга қўйилгани кўплаб хотин-қизларни иш билан банд этиш баробарида миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга замин ҳозирлайди. Шунингдек, иссиқхоналар ташкил этилиб, лимончилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлари ривожлантирилаётгани янги даромад манбаларини яратмоқда.
Ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун яратилаётган бундай шароитларни кўриб, ҳавасимиз келади. Шунда беихтиёр шоирнинг: “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди”, деган сатрлари хаёлимиздан ўтади. Юртбошимизнинг ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг мақсад ва орзу-интилишлари билан қизиққани бу ташрифнинг таъсирли жиҳатларидан бири бўлди. Қисқаси, Ватанимизнинг бир парчаси бўлмиш маҳаллага бўлган ғамхўрлик кўнгилларни шод айлаб, эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Шавкат СУЛТОНОВ тайёрлади.