Юртимизда юз билан юзлашиб, тобора табарруклашиб, халқимизнинг файзу фариштасига айланган нуронийларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг олтинга тенг ўгитлари-ю дуолари бугун барчамизнинг йўлларимизни бамисоли қуёшдек ёритиб келмоқда, десак асло муболаға қилмаган бўламиз.

Ана шундай юртдошларимиздан бири бугунги кунда ўзининг табаррук 100 ёшини нишонлаётган Жўра бобо Абдимуродов 1926 йилда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида таваллуд топган. 14 ёшида мактабнинг 7-синфини тугатиб, колхозда аравакашлик қилган болакай асло меҳнатдан қочмади. Ғалла ўрилган пайтда буғдойни омборга, пахта теримида эса ҳосилни заводга ташиди. Югуриб-елиб, арава ҳайдаб юрган кунлари ёмон хабар келди: Уруш! Собиқ Иттифоқ сарҳадларига фашистлар бостириб кирди. Шум хабар одамларни қаттиқ қайғуга солиб қўйди. Бирин-кетин ҳаммаёқни тўлдириб юрган йигитлар, эркаклар фронтга кетдилар. Ишлар, асосан, ёш-яланглару кексаларга қолди. Олдинлари ҳавас учун югуриб-елиб ишлаган қаҳрамонимиз энди масъулиятни ҳис қилиб ишларди. Энди жангга кетган акалару оталар учун ҳам ишлаши кераклигини ҳис қилди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида хизмат қилган, урушдан кейин ҳам тикланиш даврида боши меҳнатдан чиқмаган Жўра Абдимуродов 1955 йилда турмуш қурди. Рафиқаси билан бирга 4 нафар ўғил, 3 нафар қиз фарзандларни вояга етказди. Бугунги кунда фарзандлари ҳам нафақа ёшида бўлиб, кексалик гаштини сурмоқдалар. Бобонинг 32 невара, 38 чевараси ҳамда 10 нафар эвараси бор.

Жўра бобо уруш йиллари, урушдан кейинги тикланиш вақтида, тинчлик-тўкинлик замонида ҳам ҳалол меҳнат қилиб, барчага ўрнак бўлди. Отахон 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида Мудофаа вазирлиги томонидан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланган.

Фидойи бобо ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Какан” МФЙ Шотўраев кўчаси 43-уйда истиқомат қилади. Маҳалласи, ўзи яшаб турган ҳудудда обрў-эътиборга, ҳурматга эга нуроний сифатида эъзозланиб келади.

Бугун отахонни йўқлаб келувчилар кўп. Отахон уларни дуо қилар экан, бугунги тинч ва фаровон кунлар учун Яратганга шукроналар айтиб, давлатимиз раҳбарига улкан миннатдорлик билдиради. Ўз навбатида, кафтларини нурли дуоларга очиб, юртимизда бугунгидек дориломонлик абадий бўлишини тилайди.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan