фидойи нуронийлар фаолиятига назар

Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча ҳудудлар қатори Жиззах вилояти Арнасой тумани ҳам янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Давлатимиз раҳбари томонидан инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган сиёсат туманимиз ҳаётида ҳам ўз амалий ифодасини топмоқда. Бугун Арнасой ҳақида гап кетганда, фақат оғир табиий шароитлар эмас, балки замонавий қишлоқ хўжалиги, янги иш ўринлари, инвестиция лойиҳалари, туризм, хизмат кўрсатиш, таълим ва инфратузилма соҳасидаги улкан ўзгаришлар ҳақида ҳам сўз юритмоқ даркор.

Айниқса, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишлар аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилиш имконини бермоқда. “Сайхунобод”, “Зарбдор” ва “Уйчи” тажрибалари асосида туманда юзлаб микролойиҳалар амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилди. Бу эса фақат иқтисодий кўрсаткич ошганини эмас, балки юзлаб оилаларнинг даромади, ёшларнинг келажакка ишончи ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини англатади.

Туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Янги ичимлик суви тармоқлари тортилаётгани, электр таъминоти яхшиланаётгани, ички йўллар таъмирланаётгани, кўп қаватли уйлар реконструкция қилинаётгани одамлар турмуш тарзи ва ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Обод маҳалла бу фақат ташқи кўриниш эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, унинг муносиб яшашига шароит яратиш демакдир.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам туманимизда янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сув тежовчи технологиялар, замонавий агротехника, хорижий инвестициялар ва қайта ишлаш саноати йўналишида амалга оширилаётган ишлар Арнасой иқтисодиётида муҳим бурилиш ясамоқда. Сув танқис ҳудудда ҳар бир томчи сувнинг қадрини яхши англаган халқимиз бугун замонавий технологиялар орқали унумдорлик ва самарадорликни оширишга эришмоқда.

Шу билан бирга, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги агросаноат ва саноат лойиҳалари орқали Арнасойнинг иқтисодий имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда.

Бугун туманимизда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари минглаб янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Таълим, тиббиёт, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳам Арнасойнинг келажак тараққиёти учун мустаҳкам замин яратмоқда. Мактабларни таъмирлаш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, кутубхоналарни янгилаш, тиббиёт муассасаларига янги ускуналар олиб келиш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш буларнинг барчаси инсон капиталига қаратилган муҳим сармоядир.

Арнасойнинг келажак тараққиёти ҳақида сўз кетганда, Айдар-Арнасой кўллари имкониятларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу бетакрор табиий ҳудуд бугун туризмнинг янги нуқтаси сифатида шаклланмоқда. Туристик марказлар, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш объектлари, дам олиш масканлари ва экотуризм лойиҳалари туман иқтисодиётида янги йўналишни вужудга келтирмоқда. Бу эса келгусида Арнасойни нафақат аграр, балки туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудлардан бирига айлантириши, шубҳасиз.

Юқорида қайд этганимиз каби самарадорликка эришишда барча соҳалар қатори бугунги кунда жамиятимизда фаоллик кўрсатаётган қатлам — нуронийларнинг ҳам алоҳида эътирофга муносиб хизматлари бор, албатта.  Ҳар қандай маҳалланинг маънавий устуни нуронийлардир. Нуронийлар — кечаги чўлни, илк уйларни, биринчи қадамларни, машаққатли йилларни кўрган, бугунги ободликнинг қадрини яхши биладиган авлод вакилларидир. Улар — маҳалланинг виждони, ёшларнинг маслаҳатгўйи, хонадонларнинг баракаси, тарих билан келажакни боғлаб турган тирик кўприкдир.

Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда  нуронийларга бўлган эътибор ҳам мутлақо янги босқичга чиқди. Айни ўзгаришларнинг амалий ифодасини “Нуроний” жамғармасининг Арнасой туман бўлими фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин. Кекса авлодга ҳурмат — шунчаки урф ёки анъана эмас, балки жамият барқарорлигини таъминлайдиган маънавий устунлардан биридир. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!” шиори асосида уруш орти меҳнат фахрийлари, ёрдамга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар ва ёлғиз қариялар ҳолидан мунтазам хабар олиниши бунинг амалий кўринишидир. Туман миқёсида 1 нафар уруш орти меҳнат фахрийси, 5 нафар ёрдамга муҳтож кекса, 2 нафар юз ёшдан ошган онахон ва 6 нафар ногирон, шунингдек, 15 нафар ёлғиз кекса ҳолидан мунтазам хабар олинаётгани, байрам кунларида уларнинг хонадонларига ташрифлар уюштирилаётгани нафақат ижтимоий ёрдам, балки маънавий қўллаб-қувватлаш вазифасини ҳам бажармоқда.

“Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили бўйича 31 нафар фаол нуронийга 192 нафар уюшмаган ва муаммоли ёшлар бириктирилган бўлиб, улар ёшлар билан бевосита маънавий-маърифий ишлар олиб бормоқдалар. Ҳаётий тажрибаларини улашган ҳолда, адашишдан асрайдиган маънавий йўл кўрсатувчига айланмоқдалар.  Бу жараёнда нуронийлар шунчаки маслаҳат берувчи эмас, балки жамиятдаги маънавий муҳитни шакллантирувчи куч сифатида намоён бўлмоқдалар.

Тумандаги 21 та умумтаълим мактабига 63 нафар фаол нуроний отахон, 11 та мактабгача таълим муассасасига  33 нафар нуроний онахон бириктирилган. Ҳар ой ўтказиладиган “Нуронийлар тарбиявий соатлари” машғулотларида фахрий кексаларимиз томонидан болалар онги ва қалбига миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ, каттага ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғулари сингдирилмоқда.

Нуронийлар фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати — соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. “Саломатлик учун 5 минг қадам” тадбирининг ҳар шанба куни мунтазам ўтказилиши ва унда 325 нафар фаол нуроний иштирок этаётгани Арнасойда кексалар ҳаёти фақат хонадон билан чекланиб қолмаганини кўрсатади. Спорт мусобақалари, “Фахрий полвонлар”, “Унутилмас чемпионлар” каби учрашувлар эса ёшларда спортга қизиқишни ошириб, миллий спорт анъаналарига нисбатан ҳурмат уйғотмоқда. 20 нафар нуроний ва 40 нафар ёш иштирокида ташкил этилган мусобақалар маҳалладаги ижтимоий бирликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилганлиги рост.

Оилалардаги низолар ва ажримларнинг олдини олиш мақсадида, 22 нафар нотинч оилага 22 нафар фаол нуроний бириктирилган. Улар айни йўналишда тизимли иш олиб бориб, мунтазам суҳбатлар ва тарғибот тадбирларини амалга оширмоқдалар.

“Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар орқали авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик янада мустаҳкамланмоқда. Бундай учрашувларда кексалар ўз ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, бошдан кечирган қийинчиликлари ва ҳаёт сабоқларини ёшларга ҳикоя қилиб бермоқдалар. Бу эса улар учун тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда.

Кейинги йилларда Арнасой тумани маҳалла фуқаролар йиғинлари ташаббуси билан бир қатор кексаларнинг номзодлари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия этилди. Жумладан, ўтган 2025 йилда “Янгибўстон” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Рустам Утабаевнинг номзоди I даражали, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Ашур Туйғуновнинг номзоди II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига кўрсатилган. Жорий 2026 йилда ҳам айни ташаббуслар давом эттирилиб, кўкрак нишони соҳибларини белгиланган тартибда тақдирлаш тадбирларини ташкиллаштириш кўзда тутилган.

“Кексалар учун туризм” лойиҳаси доирасида туман нуронийлари иштирокида пойтахтимиз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларига уюштирилаётган саёҳат ва зиёрат тадбирларини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Арнасойликлар мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларидаги азиз авлиёлар қабрларини зиёрат қилишмоқда. Улар қадимий меъморчилик, ҳунармандчилик ва жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси билан яқиндан танишар эканлар, улкан  таассуротларга эга бўлмоқдалар. Айни эътибор ва имкониятлар учун давлатимиз раҳбариятига улкан миннатдорлик билдириб, Яратгандан юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб, дуоларга қўл очмоқдалар.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 2026 йил
1 февралдан 2026 йил 30 июнга қадар 33 нафар фаол нуронийга 5 нафардан, жами 165 нафар камбағал оила бириктирилган. Айни йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида камбағал оила фарзандларига ўқув қуроллари ва жиҳозлари етказиб берилди. 32 нафар боланинг қўшимча дарслар, 38 нафар боланинг тўгараклардаги иштироки таъминланди. 41 нафар бола усталарга шогирдликка бириктирилди. Бугунги кунда 125 нафар оила камбағаллик реестридан чиқарилган бўлиб, ҳозирда бу борадаги ташаббуслар қизғин давом эттирилмоқда.

Дарҳақиқат, Арнасой бугун фақатгина харитадаги ҳудуд ёки маъмурий бирлик эмас. Бу инсон иродаси, меҳнат ва матонат билан бунёд этилган ҳаёт маконидир. Ушбу юрт тарихи қум ва шамоллар бағрида ҳаёт учун курашган, ерни обод қилган, сув чиқарган, қишлоқ барпо этган инсонлар қисмати билан чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода, айтиш керакки, Арнасой тарихи — сабр билан меҳнат қилиб, саҳрони бўстонга айлантирган инсонлар тарихидир. Шундай экан, туманда янгиланиш, яшариш жараёни давом этаверади. Бунда фаол нуронийларнинг ҳам ҳиссаси ҳар қачонгидан-да улуғ бўлиб, ҳал қилувчи аҳамият касб этиб бораверади. Негаки, бугун арнасойлик нуронийлар ҳурматли Юртбошимизнинг билдирган юксак ишончларига лаббай, дея жавоб бериб, эзгу ва хайрли ишлар йўлида камарбаста бўлмоқдалар.

Исоқ Авалбоев,

“Нуроний” жамғармаси

Арнасой тумани бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan