Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиК байрами тантаналарига ҳозирлик кўрилаётган бугунги шукуҳли кунларда халқимизнинг озод ва эркин ҳаёт сари босиб ўтган шарафли йўли — эл-юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Янги Ўзбекистонимиз ободлиги сари ташланган салмоқли қадамлар юртимизда ҳам, дунё ҳамжамиятида ҳам юксак ифтихор билан эътироф этилмоқда.
Инсон қадри ва халқ манфаати давлат сиёсатининг устувор мезонига айланган юртимизда “Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори билан бошланаётган Мустақиллигмизнинг 35 йиллиги тантаналари арафасида ҳар бир юртдошимиз, хусусан, эл-юртимиз равнақи йўлида узоқ йиллар фидойилик билан хизмат қилган фахрийлар, нуронийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром янги босқичга кўтарилди. Бу борада прокуратура органлари тизимида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” этиб белгиланган.
Шу муносабат билан прокуратура органларининг бир гуруҳ фахрийлари пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказига саёҳат уюштиришди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази томонидан ташкил этилди. Тизимнинг 70 нафар фахрий ходими замонавий автобусларда масканга етиб келишди.
Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарори билан қурилиши бошланган мазкур мажмуага 2018 йилги Рамазон ҳайити куни тамал тоши қўйилганди. Орадан саккиз йил ўтиб, ушбу улуғвор мажмуа тантанали равишда очилди. Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган, уч қаватли ва 65 метрли гумбазга эга мазкур маҳобатли бино миллий меъморчилик анъаналари замонавий услублар билан уйғунлашиб, мамлакатимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва эстетик тафаккурини ўзида намоён этди.
Марказда жамланган бой илмий ва маънавий мерос халқимиз қанчалар буюк цивилизация яратганининг яққол далилидир. Қуръони карим залида сақланаётган Усмон мусҳафи каби ноёб ёдгорликлар ҳам диний, ҳам умуминсоний цивилизация тарихидаги беқиёс аҳамиятга эга дурдоналар сирасига киради. Турли сулолалар даврига оид қўлёзмалар, санъат асарлари ва артефактлар эса юртимиз ҳудуди азалдан фан, маданият ва маърифат маркази бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.
Марказнинг асосий вазифаси ана шу меросни кўз қорачиғидек сақлаш, илмий истеъмолга киритиш, халқимизга ва хорижлик сайёҳларга тушунарли тилда етказиш ҳамда жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб қилишдан иборат. Зеро, бугунги глобаллашув шароитида миллатнинг ўзлигини англаши, ўз тарихи ва томирларига таяниши ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ислом цивилизацияси маркази стратегик маънавий пойдевор сифатида ана шу эҳтиёжга тўла жавоб беради. Саёҳат давомида фахрийлар бир неча гуруҳга бўлиниб, махсус бириктирилган гид-ҳамроҳлар билан марказ залларини кўздан кечиришди.
— Мажмуа Ўзбекистоннинг тараққиёти нафақат иқтисодий ёки технологик ютуқлардан, балки маънавий юксалиш ва илм-фандан иборат эканини намоён этиб турибди, — дейди юридик фанлар доктори, прокуратура фахрийси Бахтиёр Пўлатов. — Шу билан бирга, бу даргоҳ жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг энг самарали воситаларидан бири бўлиб хизмат қилади. Ислом динининг асл моҳияти — тинчлик, бағрикенглик ва илмга чорлашдир. Марказ турли нотўғри талқинларга қарши маърифий қалқон вазифасини ҳам ўтайди.
Фахрийлар ҳар бир залдаги ноёб экспонатларни мароқ билан томоша қилиб, унутилмас таассуротларга эга бўлишди.
— Ислом цивилизацияси марказидан бир олам таассурот билан чиқар эканман, вужудимда янги бир руҳий қувват уйғонгандек бўлди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, прокуратура фахрийси Мирзоҳид Обидов. — Мен бундай туйғуни ҳар бир юртдошим ҳис қилишини истайман. Марказда асрлар оша номлари бизгача етиб келган улуғ аждодларимиз — маърифат намояндалари билан мулоқот қилгандек бўлдим. Қолаверса, бу маскан ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблайдиган ҳар бир фуқарога ўзлигини, илдизини, ким эканини тушунишига яқиндан ёрдам беради.
Шу билан бирга, фахрийлар марказ биносининг иккинчи қаватида жойлашган Янги Ўзбекистон инновацион кутубхонасида ҳам бўлишди. Қарийб уч юз кишига бирйўла хизмат кўрсата оладиган масканнинг китоб фонди 350 минг босма китобдан иборат бўлиб, ундан 100 минги қўлёзма ва тошбосмалар, 250 минги эса замонавий нашрлардир. Кутубхонанинг электрон фонди 5 миллион ресурсга мўлжалланган бўлиб, бу республика миқёсида энг катта сиғим ҳисобланади.
Марказда бўлган ҳар бир юртдошимиз ўзини Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк зотларнинг муносиб издоши сифатида ҳис этади. Бу каби саёҳатлар эса прокуратура тизими фахрийлари, уларнинг изидан бораётган ёш ходимларга ҳам маънавий қувват бағишламоқда.
Ботир КАЛОНОВ,
Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини
ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси.
Ойбек Султонов,
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.