Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ривожи, энг аввало, маҳаллалардаги ижтимоий муҳит, аҳолининг кайфияти, турмуш даражаси, ишбилармонлиги ҳамда жамоавий уюшқоқлиги каби омилларда намоён бўлади. Мустақилли­гимизнинг 35 йиллиги тантаналари арафасида маҳаллалардаги ҳамжиҳатлик янада яққолроқ кўзга ташланмоқда.

Хонадонларни ободонлаштириш, томорқа ва кўчаларни тартибга келтириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш, бандликни таъминлаш, муаммоли оилалар ва ёшлар билан индивидуал ишлаш, ижтимоий кўмак бериш ҳамда маҳаллада маънавий-маданий муҳит ва хавфсизликни барқарорлаштириш масалалари бугун фақат раҳбарларнинг эмас, балки ўзини юрт ҳаётига дахлдор деб билган ҳар бир фуқаронинг бош мақсадига айланмоқда. Мазкур жараёнда, айниқса, кекса нуронийларимизнинг фаоллиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

Хусусан, пойтахтнинг Сергели туманидаги “Қўшқўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи Ғуломжон ота Муродов ҳамда Гулчеҳра ая Эгамбаевалар ҳам Давлатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналарига тайёргарлик жараёнларида барчага бирдек ўрнак бўлишмоқда. Ғуломжон ота маҳаллада “Кексалар маслаҳати” гуруҳига раҳбарлик қилади. Бу хонадонга қадам қўйишингиз билан ўзига хос файз ва тароватни ҳис этасиз: томорқа атрофи гуллар билан ўралган, ўртада турли экинлар, ишкомларда эса узумнинг бир неча нави ғарқ пишган.

— Боғдорчиликка жуда қизиқаман, — дейди Ғуломжон ота узум парвариши ҳақида тўхталиб. — Бошқа вилоятларга борганимда ҳам, албатта, сўритоклар  эътиборимни тортади. Тажрибали боғбонлардан маслаҳат сўрайман. Мавсумда қулупнайдан ҳам яхшигина ҳосил олиб, қўни-қўшниларга улашамиз. Энди киви етиштириш ҳаракатидамиз. Аммо бу мева бироз инжиқ экан — сув сал кўпайса ҳам, озайса ҳам, тутиб кетиши қийин кечади.

Ғуломжон ота асли бухоролик. Отаси уста-дурадгор, онаси эса ғоят меҳнаткаш, тадбирли аёл бўлган. Отахон ўқишни тамомлаб, армияда хизмат қилган. “Ёшликдан суягимиз меҳнатда қотди, армия эса иродамизни янада тоблади”, — деб ҳикоя қилади у.

Ғуломжон ота ва Гулчеҳра ая мутахассислиги бўйича дастурчи (тез ҳисоблаш машиналари оператори дастурчиси) йўналишида таҳсил олишган. Оила қуришгач, бир муддат Бухорода яшашган. Гулчеҳра ая ҳам ота-онасини меҳр билан хотирлайди: отаси миришкор деҳқон, бувиси нонвой бўлган, онаси эса ёпилган нонларни сотиб, кечқурунлари дўппи тиккан. Шу тариқа, ота-она фарзандларини ҳалол меҳнат билан бекаму кўст вояга етказган.

— Дастлаб касбга тайёрлаш марказида, кейин боғча ва мактабда ишладим. Кейинчалик фаолиятим маҳалла билан боғланди. Маҳалла ҳаётини фаровонлаштиришда ҳалигача қўлимиздан келганича иштирок этяпмиз, — дейди онахон камтарлик билан. — Низоли оилаларни яраштиришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун, энг аввало, оилавий келишмовчиликларнинг аслий сабабларини ўрганамиз. Очиғи, аксарият ҳолларда сабаблар жуда оддий бўлади. Оиладаги тинчлик-хотиржамлик бир-икки кишининггина ҳаракати билан бўлмайди: катталар ҳам, кичиклар ҳам бир-бирини эшита олиши, қарорларини ҳурмат қилиши керак. Низолар, одатда, учинчи шахс аралашуви ортидан келиб чиқади. Агар хонадонда ёш ҳам, қари ҳам ўз иши билан банд бўлса, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топса, бир-бирига беминнат кўмаклашса ва қайноналар келинларига ўз фарзандидек муносабатда бўлса, масала ажримгача етиб бормайди. Маҳаллада оилавий муаммоларга бежиз жиддий эътибор қаратилмайди. Чунки оилалар бирлашиб маҳаллани, маҳаллалар эса бутун бошли юрт тақдирини белгилайди. Фарзанд ва набираларимизнинг “зуваласи” айнан оилада пишиб-етилади.

Узоқ йиллардан бери аҳил ва бахтли яшаб келаётган бу икки нуронийни, том маънода, намунали оила таянчи сифатида ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Гулчеҳра ая 65 ёшда, Ғуломжон ота эса етмишни қоралаб қолганига қарамай, ҳалигача жамоатчилик ишларида фаол. Улар уч нафар фарзандни гўзал хулқ ва олий маълумотли қилиб тарбиялашди. Бугун уларнинг бири тадбиркор, иккиси эса банк соҳасида эл-юртга хизмат қилмоқда. Набиралар эса бобо ва бувисининг ҳаётидан ибрат олиб, ўқиш ва изланишда муваффақиятларга эришмоқда.

Қолаверса, бу нуронийлар маҳалладаги муаммоли ёшлар билан ҳам алоҳида шуғулланиб келмоқда. Уларни бегона қилмай, моддий ва маънавий кўмак берилишига, жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan