Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган оқилона ислоҳотларни ҳаётга теран татбиқ этиш, уларнинг самарадорлигини таъминлашда фаол нуронийларимизнинг ҳиссалари катта бўлмоқда.
“Нуроний” жамғармасининг Сурхондарё вилояти Узун тумани бўлими томонидан ҳам кекса фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, саломатликларини муҳофаза қилиш, умрларига умр қўшиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ёш авлод таълим-тарбиясида уларнинг олтинга тенг тажрибаларидан унумли фойдаланишга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
Узун туманида 186311 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан, 96881 нафари эркаклар, 86430 нафари аёлларни ташкил қилади. Ёшга доир кекса нуронийлар 15081 нафар, фронт орти меҳнат фахрийлари 36 нафар, 100 ёшдан ошганлар 10 нафар, якка-ёлғиз кексалар эса 29 нафардан иборат.
“Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойилига кўра, ҳар йили тумандаги мавжуд маҳаллаларнинг фаол нуронийларига 10 нафардан муаммоли ёшлар бириктирилиб, уларнинг муаммоларига ечим топилмоқда. Бу йил ҳам 93 нафар нуронийга 930 нафар муаммоли ёш бириктирилган бўлиб, амалий саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг 222 нафари муаммоли ёшлар тоифасидан чиқарилган. Шунингдек, “Нуроний — ҳар бир оилага масъул” тамойили асосида 82 нафар нуронийга 82 та муаммоли оила бириктирилиб, ҳозирда ишлар давом эттирилмоқда. 107 нафар фаол нуронийга камбағаллик реестрида турувчи 472 та оила бириктирилган. Ушбу оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича чоралар кўрилиб, хонадонлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Нуронийларни жисмоний тарбия ва спорт билан қамраб олиш масаласи ҳам асосий кун тартибидан жой олган. “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” юриш марафони ҳамда оммавий бадантарбия машғулотлари мунтазам ташкил этиладиган ўзига хос спорт анъанасига айланган.
Туманнинг “Иттифоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи фаол нуронийларнинг спорт йўналишида эришган натижалари нафақат маҳаллада, балки бутун вилоят ва мамлакат миқёсида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар меваси сифатида қайд этилмоқда. 1964 йилда туғилган Мухторжон Умаров Осиё чемпионатларида югуриш бўйича қатор натижаларга эришган. Масалан, у Чимкент ва Тошкент шаҳарларида кечган Осиё чемпионатида 4-ўринни, Самарқанд шаҳридаги Осиё чемпионатида 1-ўринни, Андижон шаҳридаги чемпионатда эса 1-ўринни қўлга киритган.
1960 йилда туғилган Шарофиддин Аманов ҳам спорт бўйича ўз йўналишида юқори натижаларга эришган. 2018 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида фахрли 3-ўринни, 2021 йилда Тошкентдаги чемпионатда
3-ўринни қўлга киритган. Бундан ташқари, 2023 йилда Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида югуриш бўйича 2-ўринни эгаллаган.
“Нуроний” жамғармасининг туман бўлими ташаббуси билан ҳамкор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ўтказиладиган “Уч авлод учрашуви”, “Қўша қариш саодати”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Юз билан юзлашганлар”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” ва яна қатор маънавий-маърифий тадбирлар, чинакам маънода, ёшларга инсонийлик сабоқлари бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, “Карашик” маҳалласидаги 12-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбирида “Нуроний” жамғармаси Узун тумани бўлими раиси Бўри Тошбоев иштирок этиб, ёшларнинг онги ва тафаккурини юксалтириш, интеллектуал, касбий салоҳиятини ошириш, Ватан ҳимояси, унинг ҳудудий дахлсизлигини таъминлаш, давлат ва жамият хавфсизлиги учун ҳамиша шай туриш, ватанпарвар, халқпарвар бўлиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Тадбирда кекса ва ўрта авлод вакилларидан ташқари ёшларнинг ҳам ютуқлари эътироф этилди. Жумладан, 2008 йилда туғилган Паралимпия бўйича 3 карра жаҳон чемпиони Ҳожиакбар Ўроқов ўз ютуқлари ҳақида гапириб, тенгқурларини, барча ёшларни асосий мақсад йўлида дадил ҳаракат қилишга ундади.
“Кексалар учун туризм” лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Маданий турмуш” маҳалласининг бир гуруҳ отахону онахонлари Сўфи Оллоёр бобо қадамжосини зиёрат қилиб, улуғ аллома ҳаёти ва фаолиятига оид билимларини янада бойитдилар. Шу кунгача туман нуронийлари билан қатор зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларга зиёрат ҳамда саёҳат тадбирлари уюштирилди. Улар ушбу эътибор учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорликларини изҳор қилган ҳолда, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуоларга қўл очмоқдалар.
— Иш фаолиятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йилда 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарорлари ва яна қатор ҳужжатлар дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Узун тумани бўлими раиси Бўри Тошбоев. — Ҳар бир ишда сарҳисоб, таҳлил ва хулосалар бўлиши керак. Шу мақсадда, туманимиздаги мавжуд маҳаллаларда иш олиб бораётган нуронийлар фаолиятини доимий таҳлил қилиб борамиз. Бу, албатта, тажриба алмашиш ва ишимиз самардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Яқинда “Янги рўзғор” маҳалласида иш олиб бораётган фаол нуронийлар билан учрашув ўтказиб, уларнинг фаолиятини ўргандик. Маҳалланинг фаол нуронийлари Ўктам Раҳмонов, Ўрмон Раҳмоновларнинг амалга оширган ишлари, яьни уларнинг “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Бир муаммоли оилага бир нуроний масъул”, “Камбағалликдан — фаровонлик сари” тамойиллари бўйича ишлаш тажрибаси кўриб чиқилди. Ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш тадбирлари давомида уларнинг эришаётган ютуқлари эътироф этилиб, ўз навбатида, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан кўрсатма ҳамда тавсиялар ҳам берилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бугунги кунда Узун туманида фаол нуронийлар ишини ташкил этиш борасидаги тадбирлар аниқ режа ва дастурлар асосида олиб борилмоқда. Бу эса амалда кутилган самараларни бериб, нуронийларнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётимиздаги ҳал қилувчи ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Зеро, амалга ошираётган бу каби ишлардан бош мақсадимиз, нуронийларимизнинг фаоллигини оширишдир.
Фозилжон Тошқувватов,
Узун тумани.