Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Кўприкбоши” МФЙ ҳудудида жойлашган 30-мактабда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни нуронийлар билан учрашув ўтказилади. 87 ёшли Ҳомид ота Юсуповнинг бир учрашувда “Касбнинг осони бўлмайди. Аммо уни яхши кўрсангиз, яхшиликлар келтираверади”, дея айтган гапи юқори синф ўқувчиларида ёрқин таассурот қолдирди.
Отахон ўз ҳаёти давомида ҳайдовчиликдан топган барча яхшиликларни гапирганда, бўй йигитларнинг аксариятида машина ҳайдаш иштиёқи ортиб кетгани рост. Аммо отахон ўқувчиларга касбидан топган энг катта яхшиликни айтмади.
Аслида Ҳомид отанинг бундан олтмиш йил аввал тумандаги анча олис Найман қишлоғига ўз юк машинасида келин сепи олиб бориб, шу қишлоқлик Муножот исмли кўҳлик қизни яхши кўриб қолгани, онаси ва холасини совчиликка қайта-қайта олиб боравериб, унга уйлангани эса танлаган касбининг энг катта яхшилиги бўлган.
— Адашмабсан, болам, — деган эди ўшанда онаси. — Келинжоним чиройлигина эмас, чаққон ва одобли, кўнглимдагидек чиқди.
Бор-йўғи 18 ёшга етган Муножотхон ўшанда нон ёпишни ҳам, сигир соғишни ҳам жуда зўр билмасди. Аммо қайнонасидан қунт билан барини ўрганди. Ҳомиджон ёлғиз ўғил, Муножотхон эрка келин бўлиб, Инобат хола ва Имомали отанинг барча орзуларини рўёбга чиқардилар. Ҳомиджон Юсупов деса қишлоқдагиларнинг бари ўта меҳнаткаш, касбидан фахрланадиган одамни тушунади. У ўзи бошқарган юк машинаси билан олис тоғ ёнбағридаги чўпонларга ҳам, колхоз даласидаги пахта, пилла, боғдорчиликда ишлаётганларга ҳам таниш бўлиб кетган. Касби туфайли унинг дўсти кўпайди. Улардан ҳаёт илмини ўргана борди. Отанинг яна бир яхши кўрган машғулоти — дарахт экиш, ниҳол парваришлаш бўлди.
Муножотхоним эса олис Наймандан Кўприкбошига келиб, пиллакор ҳам, пахтакор ҳам бўлди. Эрта кўкламдан ер чопиққа чиқса, ягана мавсумида ҳам, пахта теримда ҳам иштирок этди. Терим тугаб қолганида, этак-этак кўсакларни уйга олиб келиб, ярим тунгача болачалари билан печка атрофида кўсак чувиб, тонгда бир этак пахта кўтариб, далага кетганида ҳам қайнонасининг “бу ишлар элга келган тўй” деган ҳорғин гапини маъқуллаб, меҳнат қилаверди. Уч ўғли, тўрт қизи болалигиданоқ унинг доимий ёрдамчиси бўлди.
— Бугунги ёшлар дориломон кунларда яшашяпти, — дейдилар онахон. — Ҳамма ўз иши билан шуғулланади, айниқса, ўқувчилар, талабалар пахтага жалб этилмайдиган бўлди. Бунинг учун ҳурматли Президентимиздан доимо миннатдормиз. Ахир, биз 25 декабргача нам кўсакдан пахта ажратиб, қўлимиз музларди. Буям бўлса, болаларимизнинг бахти кулгани, бундай кунларнинг қадрига етиш керак.
Ҳомид ота ҳам, Муножот она ҳам бугунимизнинг қадрига етишни, ёшлик шижоатини илму ҳунарга бахш этиш лозимлигини айтиб ўтишди. Буни, аввало, уларнинг ўзлари ҳаётда исботлашди. Фарзандларни етук инсонлар этиб тарбиялашди. Бугунги кунда етти фарзанднинг бари ўз ёқтирган касбига эга. Бири шифокор, бири муаллим, яна бири тикувчи, бирови қурувчи… Уларнинг барчаси ишдан бўш бўлди дегунча Ҳомид ота асос солган бир гектарли гилос ва олма боғда биргалашиб меҳнат қилишади.
Айтишларича, шу боғнинг ўзидан мўмайгина даромад келади. Улар етиштирган сара нав гилос хорижга экспорт қилинаётгани, олмаларининг ички бозорни тўкинлаштираётгани Ҳомид ота ва Муножот онанинг тарбияси, устозлиги туфайлидир.
Икки нуроний бугун набираси Озодбек ва Мухлиса келин билан бирга қолган. Аммо ҳар тонгда “Ассалому алайкум” деб фарзандлар кириб келишади. Кимнинг қўлида нон, нўхат, кимнинг қўлида янги сўйилган қўй гўшти, яна бирида отага янги яктагу онахонга ярашимли рўмол бўлади. Аслида бу ҳовлида ҳамма нарса тўкин. Учта соғин сигир, товуқ деганларидек, сут-қатиқ, тухум тайёр. Ҳомид отанинг саъй-ҳаракатлари сабаб томорқада ҳамма мева дарахтларидан бор. Мухлиса келиннинг таом тайёрлаши учун сабзавотлар ҳам ҳовлининг ўзидан чиқади.
Қайси мева пишса, энг аввал набираларга илинишади. Меҳр-оқибат билан тўкинлик яратилади, ахир. Муножот онанинг раҳматли қайнонаси Инобат онадан ўрганганларини бугун келинлари, қизлари, ҳатто набиралари ҳам ўрганишган. Улуғ шоирамиз Зулфияхонимнинг бир шеъри “Суйдим, меҳнат қилдим. Садоқат, вафо билан она бўлдим. Бахт топдим. Шу-да бир яшаш” — деган мазмунда эди. Бу гапни бугун пиру бадавлатлик ёшига етган Муножот она ва Ҳомид ота ҳам айтса, ярашади.
“Нуроний” жамғармаси Хўжаобод тумани бўлими раиси Зокиржон Мамадалиев Ҳомид ота каби нуронийлар билан ишлашни йўлга қўйиб анча ютуқларга эришаётганлардан. “Кўприкбоши” маҳалласидаги 30-мактабда ўн беш нафар фаол нуронийнинг юқори синфларда учрашувлар ўтказиб, ўқувчиларга ҳаёт дарсларини мукаммал ўрганиш учун сабоқ бераётганликлари айни ҳақиқат.
— Зокиржоннинг яна бир яхши иши — у киши “Қўша қариш саодати ” тадбирларини ўтказади. Ушбу учрашувларда яхши гаплар, тилаклар айтилади. Қўша қариганларга совғалар улашилади. Бундан ташқари, бизни саёҳатларга таклиф қилиб туради. Самарқанду Бухоро, Қўқон тарафларга тенгдош жўралар билан саёҳатга боришнинг гашти бўлакча бўлади, — дейди нуронийлар.
Ҳомид ота ва Муножот ая бугун ана шундай бахтли нуронийлар жамоасида. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт ва фаолият йўллари ўрта авлод, айниқса, ёшлар учун намуна, маҳорат ва инсонийлик дорилфунуни десак, асло янглишмаган бўламиз. Муҳими, бугун ана шу “дорилфунун” зиёсидан файз олиб, имкониятлардан оқилона фойдаланиб қолмоқ лозим, албатта.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.