Юртимизда намунали оилалар, бахтли оналар бисёр. Ана шундай файзли хонадонлардан бири Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани “Жомеъ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Рўзиевлар оиласидир.
Хонадон катталари Ҳасанбой ота ва Мукаррамхон ая Рўзиевалар мана, 48 йилдирки, аҳил-иноқ турмуш кечириб, бугун 6 ўғил ва 6 келин, йигирмага яқин набираларга дуогўй бўлиб, ҳурмат-иззатда яшаб келмоқдалар.
Оила бекаси Мукаррамхон ая Рўзиева ёшликда савдо соҳасида, кейинчалик тикувчилик фабрикасида меҳнат қилди. Бирин-кетин туғилган фарзандларини оёққа қўйгач, асосан, мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлади.
Ўзининг меҳнатсеварлиги, каттаю кичикка бирдай самимийлиги сабаб ишхонада ҳам, маҳалла-кўйда ҳам обрў қозонди. Турмуш ўртоғи Ҳасанбой аканинг уста дурадгорчилик билан ҳалол меҳнат эвазига топган нонига қаноат қилиб, рўзғорини баракали қилди.
— Катта хонадоннинг катта келини бўлиб турмуш бошлаганман, — дейди Мукаррамхон ая. — Турмуш ўртоғим оиланинг бош фарзанди, уларнинг ортида 5 нафар ука-сингиллари бор эди. Қайнонам раҳматли жуда зеҳнли, серғайрат аёл эдилар. Қайнотам раҳматли Зокиржон отамиз эса оғир-босиқ, мулоҳазали инсон бўлганлар. Улар мени ўз қизларидай кўриб, меҳр беришди. Мен ҳам катта оиланинг тўй-маъракаларида уларга елкадош бўлдим. Оилада “меники, сеники” деган гап бўлмаган. Катта келин бўлганим учун ҳам қайнонам менга рўзғор тутумлари борасида кўп нарсаларни ўргатган. Тўғриси, янги келин бўлиб тушган кезларимда оддийгина ош дамлашни ҳам яхши билмасдим. Шу боисдан, қовуриб, сув қуйгач: “Буви, тузини кўриб беринг?” — деб чақирардим ва бошқа ишларга андармон бўлиб турганимда қайнонамнинг ўзлари дамлардилар. Мен ширин таом пишириш, тандирда нон ёпиш маҳоратини ҳам қайнонамдан ўрганганман. Бугун баъзи бир феъли тор инсонларни кўриб, қайноналик ҳам ўзгача бир илм, маҳорат экан, деб айтаман. Шундай инсонлар йўл кўрсатмаса, феъли кенглик билан ўргатмаса, бугун уйим уй бўлармиди?!
Мукаррамхон ҳожи она билан суҳбатимиз орасида:
— Турмушнинг мушти бўлади, яхши-ёмон кунлар ўтади, сир бўлмаса, аразлаб уйингизга кетиб қолган пайтларингиз ҳам бўлганми? — деб сўрадик ҳазил аралаш.
— Пешонамга Аллоҳ битган тақдирдан кечиб қаерга ҳам борардим?! Кетсам, эртага қайси юз билан қайтиб келишимни ўйлаб, бирор марта ҳам аразлаб кетмаганман. Ҳозир шу гапларни айрим ёш оилаларга айтаман, —дея жавоб қилади ая.
— Одамлар бир уйда бир келин билан муроса қилиб яшаши қийин, сиз қандай қилиб олти келинни аҳилликда олиб юрибсиз? — дедим суҳбатдошимга гап орасида.
— Ўғилларимизни бирин-кетин уйлаб, уйли-жойли қилиб, рўзғорини алоҳида қилдик. Тўғри, бир ҳовлида тўрт келин билан яшаган вақтимиз ҳам бўлди. Лекин ҳаммасининг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб, боламдай кўриб яшаганимиз учун “сен-мен”га бормаганмиз. Шунинг учун ҳам улардан меҳр қайтса керак. Ҳаммаси ҳам кўнглимни олишга интилади.
— Мукаррамхон опанинг қизи йўқ, деганлар янглишади. Мен доим уларнинг олти нафар қизлари бор, дейман, — дея суҳбатимизга қўшилади “Жомеъ” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Мавлудахон Тиркашева. — Чунки улар келинларини қизларидай кўриб, тарбиялаб, қўни-қўшниларга ибрат бўлиб келмоқдалар. Шу боисдан, аяни маҳалламиздаги “Оқила аёллар” комиссиясининг раиси қилиб сайлаганмиз. Опамиз ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга жуда катта эътибор берадилар. Ўзим бир неча бор суҳбатларида бўлганман. Улар келин-куёвни ёнма-ён ўтқазиб, “Ўғлим, қизим, тўй арафасидаги кунларингни ёдга олинглар. Бир-бирларингни қандай қадрлар эдиларинг. Шамолни ҳам раво кўрмасдиларинг-ку. Ахир, ҳалиям ўша инсонларсиз-ку. Наҳот, фарзандларинг учун ҳам ўтган дамларга хаёлан қайта олмайсизлар?! Қалбларингда беғубор туйғуларни уйғота олмайсизлар?!” — дея шундай таъсирли гапирадиларки, аксарият ҳолларда бироз аввал қаттиқ-қаттиқ гапиришаётган жуфтликнинг кўнгли юмшайди. Фарзандлари ҳаётига аралашган қайноналарга ҳам кўпинча гапларини ўтказадилар.
“Бахт — бу тинчликда, соғликда, хотиржам яшашда, деб ўйлайман”, — дейди Мукаррамхон ая. Ҳақиқатан ҳам, фарзандларнинг бахту камолини кўриш, уларнинг ютуқларидан қувониб, дуо қилиш энг катта бахт бўлса керак. Она учун фарзандлар иқболидан ортиқ бахтиёрлик йўқ, аслида.
Инсон ўзини бахтли сезиши учун дунёда кўп сабаблар бор. Лекин баъзан биргина камчилик ёки ҳаётдаги муаммога дуч келиб, ўзимизни бахтсиз санаймиз.
Китобларда ўқигандим, ўзимизга берилган неъматлар шукрини қилмай қўйсак, неъматларга одатланиб қолиш кайфияти бошланар ва биз бахтли эканлигимизни ҳам унутиб борар эканмиз.
Аслида, оиламиз, яқинларимиз билан эрталаб иссиқ юз-ла дийдор кўришиш ҳам бахт. Соғлик эса, улуғларимиз айтганидай, энг катта бойлик.
“Ким ўзини ҳеч қачон бахтиёр ҳис қилмайди?” — деб сўрадик онахондан.
“Менимча, ҳасадгўй, ичи қора одамнинг дили ёришиб, бахтиёр бўлганини кўрмайсиз. Уни ҳасад ўти ўлдиради”, — дейди Мукаррамхон ая. “Шунинг учун ҳам инсон ҳамиша ҳавас билан яшаши, бошқаларнинг ютуғини, муваффақиятини кўриб, қувониши керак. Шунда бошқаларга берилган неъматлар унга ҳам насиб этади, албатта”.
Мукаррамхон ая ўзига берилган ҳар бир лаҳзани қадрлаб, вақтни бахту саодатга айлантириб яшаётганини унинг ҳаёт йўллари кўзгудагидек кўрсатиб турибди.
Ая умр йўлдоши билан олти нафар ўғилни улғайтириб, уларни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияладилар.
Фарзандларининг уч нафари ота касбини олиб, ҳунарманд уста бўлиб етишишган бўлса, яна бири ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритмоқда. Икки нафар фарзандлари эса юрт тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилиб келишмоқда.
Оиланинг катта ўғли Хуршидбек журналистика соҳасида ўқиб, ёшликдан ният қилган касбини танлади. Асли болалигидан ҳарбий журналист бўламан, деб ният қиларди. Бугунги кунда подполковник унвонига эришиб, юрт посбонлари сафида Ички ишлар соҳасида хизмат қилиб келмоқда. Ёзганларини, энг аввало, ота-онаси, яқинларига ўқиб беради. Ая ўғлининг хизматда эришган ютуқларини кўрса, ортидан яхши сўзлар эшитса, кўнгли тоғдек кўтарилади. Хуршиджон ҳозир ҳам ижод қилиб, шеърлар ёзади.
Яна бир ўғли Фахриддин акасига ҳавас қилиб, шарафли касбни танлади. Бугун у Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида хизмат қилади.
— Мен Ватан туйғусининг қадр-қимматини ота-онамнинг суҳбатларида англаганман, — дейди Мукаррамхон аянинг тўнғич фарзанди Хуршидбек. — Болаликда бизни бирор жойга олиб борсалар, уйга жуда шошилар, уйимизга етиб келгач эса: “Ўз уйинг — ўлан тўшагинг!” — деб қўярдилар. Бу сўзларнинг маъносини улғайиб, мусофирлик нонини тотиб билдим. Онам ёпган нон иси менга кўп ширин хотираларни эслатади. Айниқса, хизмат сафарларида, бошқа вилоятларда бўлганимда, онамнинг тандирдан иссиқ нонларни узаётган ҳолатлари кўз олдимга келаверади. Бошқа жойларда ҳам онам ёпган нон ёнимда бўлса, оиламизнинг меҳрини, юртимнинг тафтини ҳис қилгандай бўламан…
Хуршидбекнинг шу сўзларидан ҳам онанинг таъсирчан қалби сезилиб турибди. Ахир, халқимизда “Алп — онадан” деган мақол бор-ку…
Рўзиевлар хонадонидан қайтар эканмиз, ўғилу келинларнинг самимийлиги, ота-онасига меҳрибонлиги, набираларнинг қувончу шодлиги бардавом бўлсин, деб ният қилдик.
Феруза ОРИПОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.