Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида бир хонадон бор. Бу ҳовлида нонушта тонг бўзариши биланоқ бошланади. Хонадон соҳиби Қирғизбой ота субҳидам ғафлатини ёқтирмайди. Аёли ҳам, фарзандлари ҳам шунга ўрганган. Ўзи томорқани бир айланиб, ишларни режалайди, қаторасига жойлашган қўрадаги қўйларга қараб, уларнинг емак-ичмагини ўзи беради, келгунича нонушта дастурхони тайёр, оила аҳли жам бўлади.
— Ўн бир совлиқнинг қўзилаш вақти келибди, ҳушёр туришимиз керак, — дейди у набираси Алишерга. — Ҳовлининг нариги четидаги ўтларни ўриб, жодига сол, бугундан ўша майин ўтдан ейишсин қўйлар.
Ҳакима она чолининг бундай тартибли, жонсарак феълига ўрганиб кетган. 57 йилдан буён бирга яшайдию ўрганмайдими?! Ҳовлидаги қўралари ҳеч қачон бўш қолмаган. Шу кунда ҳам битта қўчқор ва ўн битта совлиқ боқувда. Қирғизбой ота ҳар тонг энг аввал қўрага қараб, томорқани айланиб келишдан эринмайди. Қирғизбой ота Эрматовнинг тартибга ўрганганлиги унинг идорасида ҳам билинади.
Шунданми, Қирғизбой ота Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни битириб келганидан буён битта идорада — Қўрғонтепа тумани Молия бўлимида узлуксиз 30 йил раҳбар бўлиб ишлади. Гарчи туманда бу вақт мобайнида 10 та ҳоким алмашган бўлса-да, уларнинг ҳаммаси Қирғизбой отанинг ишчан, ҳалол, жонсарак фаолиятини кўришган.
Отахоннинг “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлгани ҳам шундан. Нафақага чиққандан кейин бир неча йил Қорасув шаҳарчаси нуронийлар идораси раҳбари, кейин ўзи яшаб турган “Юксалиш ” маҳалласи “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси бўлиб ҳам фаолият кўрсатди. Ҳозир ҳам “Нуроний” жамғармаси Қўрғонтепа тумани фаолларидан. “Уч авлод учрашуви” тадбирларида ўз ҳаётий тажрибаларидан, мустабид тузум даври билан бугунги дориломон кунлар ҳақида гапиради.
Отахон 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби. 84 ёшида ҳам кексаликка бўйсунгани йўқ. Томорқадаги 25 туп асл нав гилосларга ўзи шакл беради, неварасини ёнига олиб, суғориб-парваришлайди. Чет элга экспорт қилади. Қўрадаги қўйлари эса ўнтадан камаймайди. Наслдор бу совлиқларнинг қўзилаш даврини, нима еб-нима ичишини ҳар куни тонгда назорат қилади.
Қўзичоқлари 1 ёшга етганида, ўғли Рустамжон билан бирга бозорга олиб бориб сотади. Буниям оиланинг ҳалол даромади, деб қувонадилар. Бундан ташқари, томорқадаги хилма-хил мева дарахтлари, резавор экинлар ҳам хонадондаги тўкинликни таъминлайди.
— Бизнинг юртимизда бекор ўтиришнинг ўзи уят, тўғриси, — дейди отахон учрашувларда. — Шукр, сувимиз бор, тупроғимиз яхши. Фақат режасиз ва дангаса бўлмасак, бас. Ҳаракат қилсак, мақсадларимизга эришамиз.
Бу гапини камбағаллик реестрига тушиб қолган қўшниларига ҳам кўп айтади. Ҳатто бир куни маҳалладоши Турсунбой Мамажоновни уйига олиб кириб, қўраларидаги қўйлари ва томорқасидаги гилос дарахтларини кўрсатиб, унга қўйларни парваришлаш йўлларини астойдил тушунтирди.
— Сен мавсумий иш деб, қўшни давлатга ўтиб ишлайсан, аёлинг болаларинг билан андармон бўлиб, ҳовли-жойингга қаролмайди. Худойим ҳадя қилган томорқанг бўш ётгандан кўра, ўша четдан топадиган пулингни режа асосида шу ерда топсанг ҳам бўлади. Болаларинг ҳам ота бағрида ўсади. Меҳнат қилишни сендан ибрат олиб ўрганади, — дея уқтиради.
Дарҳақиқат, фарзанд тарбиясида ота-она ибрати катта роль ўйнайди. Ҳакима она ҳам, бир ўғил, уч қизи ҳам, кейинроқ набиралар, набира келинлар ҳам режалилик, меҳнаткашликни ўз ибратли хонадонларида, ота-онасидан ўргандилар. Ҳакима онанинг кўрик-танловда ғолиб бўлиб, “Ибратли оила бекаси” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам мана шу фазилатлар туфайли.
Онахоннинг айтишича, у олти қиз, уч ўғилли хонадонга келин бўлиб, қайнонаси Хосият она билан 32 йил бирга яшаб, кўп нарсани ўрганган. Қайнсингилларини узатиб, тўйларини ўтказишда Хосият онанинг энг яқини, ёрдамчиси бўлиб, “яхши келин” номини олган. Ҳакима она яхши келингина эмас, 2-умумтаълим мактабида 26 йил давомида математика муаллимаси бўлиб, сидқидилдан ишлаган энг яхши устоз ҳамдир. Шогирдларидан Муаззам Исоқованинг бугун олима бўлиб, “профессор” унвонига эришиши, Анваржон Юнусовнинг тумандаги нуфузли банк бошқаруви раиси сифатида элга танилишида Ҳакима онанинг хизматлари катта. Онахоннинг бундай шогирдлари деярли барча соҳада топилади.
Қирғизбой отанинг айтишича, 57 йиллик биргаликда кечирган ҳаётлари давомида аёли бирор марта ҳам ота уйига аразлаб кетмаган экан. Ҳакима она эса буни шундай изоҳлади:
— Аввало, жанжал, уришиш учун вақтимиз бўлмаган. Қолаверса, мен тарихий китобларда ўқиганимдек, эр-хотин бир-бирини Оллоҳ берган омонатим, дея қабул қилса, ютуғидан қувониб, камчилигини бартараф этишга интилиб яшайди. Ахир, омонатга хиёнат қилиб бўлмайди…
Ҳакима онанинг гаплари айни ҳақиқат. Аҳилликда бахтли бўлишнинг, қўша қаришнинг сири — тафаккурда, билимда, ҳаётни қадрлашда эканлиги шубҳасиздир.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.