Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида “Новкент”даги 98 ёшли фронторти меҳнат фахрийси Қурвонби она Якубова ҳолидан хабар олди.
Самимий руҳда кечган суҳбат давомида нуронийнинг саломатлиги, яшаш шароитлари ва кундалик эҳтиёжлари ўрганилди. Файзли хонадонда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва ғамхўрлик Янги Ўзбекистон сиёсатининг энг устувор ва инсонпарвар йўналишларидан бири экани алоҳида эътироф этилди.
Нодиржон Машрапов, Фарғона тумани ҳокими:
— Қурвонби она каби матонатли нуронийларимиз бизнинг маънавий суянчимиздир. Уларнинг босиб ўтган машаққатли ҳаёт йўли ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби саналади. Нуронийларнинг дуосини олиш, уларга муносиб шароит яратиш — биз учун энг муҳим вазифадир.
Ҳоким Қурвонби она Якубовага мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр тилаб, эсдалик совғаларини топширди.
Ўз навбатида, 98 ёшли онахон кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, юртимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги ҳамда хайрли ишларга бош-қош бўлаётган юртдошларимиз ҳақига дуо қилди.
Майсара Назарова.