“Маҳаллада ободлик ва меҳр-оқибат ойлиги” қизғин давом этмоқда
2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан республикамиз бўйлаб бир қатор амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Хусусан, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси кенг тарғиб этилиб, юртдошларимиз бунёдкорлик, яратувчилик, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш каби эзгу ишлар атрофида бирлашмоқда.
Жумладан, юртимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйига муносиб тайёргарлик кўриш, байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида “Маҳаллада ободлик ва меҳр-оқибат ойлиги” қизғин давом этаётир. Ўз навбатида, жойларда ташкил этилаётган ҳашарда юртимизнинг катта-ю кичиги муносиб фаоллик кўрсатмоқда. Бу жараёнда нуронийларнинг иштирокини алоҳида қайд этиш жоиз. Улар мамлакат бўйлаб уюшқоқлик билан ўтказилаётган ободонлаштириш ишларининг аҳамиятига урғу берар экан, бунинг ортидан юртимиз қиёфасининг янгиланиши ҳамда маҳаллаларда аҳил қўшничилик, бирдамлик муҳити, шунингдек, аҳоли яшаши учун бир қатор қулайликларнинг юзага келаётганини хурсандчилик билан таъкидлашмоқда.
— Бандихон тумани “Ўрғилсой” маҳалласида 30 йилдан бери яшаб келяпман, — дейди сурхондарёлик меҳнат фахрийси Тоштурди ота Сатторов. — Олдин айрим кўчалар қишда лойга, ёзда чанг-тупроққа беланиб ётарди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида шу ва шунга ўхшаш бошқа муаммолар бартараф этилмоқда. Бунинг учун ҳурматли Президентимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Бу каби ижобий ўзгаришлар маҳалла аҳлига манзур келмоқда, равон, текис кўчалар болажонлар қийқириғи билан тўлмоқда.
Наманган вилояти Янги Ўзбекистоннинг чиройига чирой қўшаётган ҳудудлардан бири саналади. Табиийки, юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган умуммиллий ҳаракатга мазкур водий аҳолиси ҳам ўз ҳиссасини қўшяпти. Вилоятнинг Тўрақўрғон туманида ойлик доирасида олиб борилаётган ишларнинг натижаларини яққол кўриш мумкин. Маълумки, пойтахт билан боғлайдиган темир йўлнинг 19 километри ушбу туман ҳудудидан ўтган. Сайёҳлар ва бошқа меҳмонларнинг поезд хизматидан фойдаланишлари ҳисобга олиниб, йўналишда доимий равишда ободонлаштириш ишлари қатъий назоратга олинган. Шунга қарамай, йўл четларига яна бир бор эътибор қаратилиб, чиқиндиларни йиғиб, ташиб кетиш, ариқ ва ариқ бўйларини бегона ўтлардан тозалаш, эскирган пахса деворларни янгилаш каби юмушлар бажариляпти. Ҳашар натижалари бир куннинг ўзидаёқ кўзга ташланмоқда.
Шунингдек, кўча ва хонадонларда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, тозалик ва озодаликни мустаҳкамлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Худди шундай ободонлаштириш ишлари Поп туманининг “Муқимий” маҳалласида ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, 1800 метр пиёдалар йўлаги, 1600 метр замонавий велосипед йўлакчаси, 800 метр сифатли асфальт ётқизиш ишлари, маҳалланинг кўркига кўрк қўшувчи муҳташам арка, 43 та тортқида 86 та тунги ёриткич (800 метр тармоқ), ўриндиқлар, ёшлар ва спортсеварлар учун замонавий воркаут майдончаси, янги маҳалла биноси, илм-фан ва келажак маскани бўлган Ўқув маркази ҳамда “Аёллар саломатлик маркази” қурилиши давом этаётир.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида маҳаллалар ҳудудини тозалаш ҳамда мевали, манзарали дарахт, шунингдек, гул кўчатларини ўтқазиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Маҳаллалар қиёфаси ҳамда ундаги ижобий муҳит Янги Ўзбекистонни бунёд этишда муҳим омил экани инобатга олинса, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришнинг табиат ва жамият учун нечоғли аҳамиятга эга эканини англаш мумкин.
Навоий вилояти миқёсида мустақиллик байрамига тайёргарлик пухта амалга оширилмоқда. Кекса нуронийлар бошчилигида жойларда ҳашарлар ташкил этилиб, кўчаларга файз кирмоқда. Хусусан, Навбаҳор тумани “Қизилой” маҳалласида оммавий ҳашар ташкил қилинди ва унда фаол нуронийлар ҳам иштирок этиб, маҳалла ислоҳоти, юрт тинчлиги ва ободлиги йўлида ҳар бир маҳалла, кўча, хонадон аҳли ўзида масъулият ва дахлдорликни ҳис қилиши зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бошлаб юборилган саъй-ҳаракатлар Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида, Қорақалпоғистоннинг Беруний, Қораўзак, Мўйноқ туманларида қизғин давом эттирилмоқда. Ҳолат биргина Бойсун мисолида кўриб чиқилса, ҳашарда 400 нафарга яқин фуқаро фаол иштирок этиб, ҳудуддаги қабристонда тозалаш, бегона ўт ва буталарни йўқотиш, дарахтларга шакл бериш, қабрларни сувоқлаш, йўлакларни тартибга келтириш ҳамда умумий ободонлаштириш ишларини амалга оширдилар.
Ҳудудларда байрамга тайёргарлик кўриш мақсадида эзгу ғоя атрофида бирлашиб, уюшқоқлик билан ҳаракат қилаётган юртдошларимиз фаоллиги бирдамлик ва ҳамжиҳатлик намунаси бўлаётир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллаларда ҳукм сураётган тинчлик, ўзаро бирлик ҳамда аҳил қўшничилик муносабатлари узоқ йиллик саъй-ҳаракатлар, халқимиз иродасининг натижаси бўлиб, мустақиллик арафасида бошлаб юборилган эзгу ва хайрли ишлар мисолида ўз аксини топмоқда.
Суғдиёна Собирова,
“Нуроний” мухбири.

