Халқимизда “Яхши ният – ёрти мол” деган доно нақл бор. Болалигимдан, яъни 6-синфлик пайтимдан ўз олдимга “профессор” бўламан, дея мақсад қўйган эдим.

Йиллар ўтиб улғайдим. Ўз мақсадимга эришиш йўлида астойдил ҳаракат қилдим. Ўқидим, изландим, ўзига хос натижаларга эришдим. Интилишларим ва эришган натижаларим асосида ўзим учун 4 қоидани ишлаб чиқдим ва унга ҳамиша амал қилдим. Ишонч билан айтаманки, бу қоида менга улкан муваффақиятларга эришишимда асосий восита сифатида хизмат қилди. Яратганга шукр, “профессор”лик билан бирга, академик ҳам бўлдим. Бугун ўша қоидани ёшларимизга қайта-қайта уқтираман.

Биз ҳам фаол нуронийлар сафида “Уч авлод учрашуви”, “Фахрийлар — фахримиз” каби маънавий-маърифий кечалар, илм-фан сирларини ўрганиш, китобхонликка бағишланган тадбирларда иштирок этамиз. Ана шундай вақтларда мен ўрта, айниқса, ёш авлод вакилларига ўзим амал қилган 4 қоидани  шиор қилиб олишлари лозимлигини эслатаман. Биринчиси, мақсадни юқори қўйиш керак. Иккинчиси, ота-она розилигига эришиш ғоят муҳим. Учинчиси, устозларни рози қилиш, уларга нисбатан шогирдлик мақомини чин дилдан  жойига қўйиш. Тўртинчиси, мунтазам меҳнат қилиш, ўз устида ишлаш, ўқиб-ўрганиш, ўрганганларини амалда қўллаш керак.

Мукофот зиммамга яна бир карра ишонч ва масъулият юклайди. Миллатимиз келажаги бўлган ёшлар билан ишлашда янада жонкуяр, фаол ва фидойи бўлишга ундайди. Эътибор ва эътироф учун давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбариятига улкан миннатдорлик изҳор этаман.

Абдуғафур МАМАДАЛИМОВ,

физика-математика фанлари доктори, профессор, академик,

ЎзМУ ҳузуридаги Ярим ўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири,

I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan