1976 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент давлат университети, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаганимдан буён ижод оламида, ижодкорлар даврасидаман. Илк ҳикоям 1974 йилда “Гулистон” журналида босилиб чиққанида устозлар эътиборига тушган эди. Асқад Мухтор, Одил Ёқубов сингари устозларнинг илиқ фикрларини эшитганимда кўнглим тоғдай кўтарилган, ўзимга бўлган ишонч янада ортган эди. Шу ишонч таъсирида бир қанча асарларим дунё юзини кўрди, адабий давраларда эътироф этилди. “Юракдаги сир”, “Беором тўлқинлар”, “Бахт юлдузи”, “Ойни ахтараётган бола”, “Санам тоғидаги гулхан”, “Сайланма” каби асарларим шулар жумласидандир.
Асарларим асосида “Олов қаъридаги фаришта”, “Гуноҳ”, “Тавба”, “Муаллиф”, “Занжир”, “Музаффар” каби бадиий фильмлар кўплаб мухлислар қалбини забт этди. Бугунги кунда кексалик гаштини сураётган мен каби ижодкорларнинг меҳнатларини қадрлаб, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига лойиқ топганлари учун, аввало, давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбариятига улкан миннатдорлик билдираман. Кексалик ёшига етган инсонларга, айниқса, ижодкорларга бундай эътирофу эътибор янги куч ва ғайрат беради, янгидан-янги асарлар яратишга илҳом беради, албатта.
Мирзапўлат Тошпўлатов,
ёзувчи, муҳаррир, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.