“Меҳнат қилган — элда азиз” деб бежиз айтмас экан. Касаба уюшмалари саройида ўтказилган тантанали тадбирда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган юртдошларимизнинг қувончига шерик бўлдик. Улар ўзларининг фидокорона меҳнати, жамият тараққиёти ва ёшлар тарбияси йўлидаги юксак масъулияти билан эл-юрт ўртасида ҳақли равишда обрў-эътибор қозониб келмоқдалар. Зотан, мукофотланганларнинг касб-кори, соҳаси турлича бўлса-да, мақсад ва ниятлари ягона — Ватан равнақига ҳисса қўшиш. Улар орасида олимлар, ижодкорлар, санъат ва давлат арбоблари бор.

Қувонарлиси, мана шундай фидойи зиёлилар, Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари фаоллари, вазирлик ва қўмита вакиллари, олий таълим профессорлари ҳамда халқ артистлари сафида менга ҳам ушбу юксак мукофот топширилганидан бошим кўкка етди. Юнусобод туманидаги 274-сонли умумтаълим мактабида 43 йилдан буён она тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келаман. Мазкур ютуқ эса менга доимо елкадош бўлган педагогик жамоамиз, зукко, изланувчан ўқувчиларимнинг ютуғидир. Бугун мактабимизда таълим-тарбия жараёнларини узвий ташкил этиш, замон талабларига мос билим бериш учун барча шароитлар яратилган: синф хоналари электрон доскалар, компьютерлар ва замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.

Кўп йиллик тажрибага эга, ўз касбининг фидойиси бўлган нуроний устозларимиз жуда кўп. Ўйлайманки, уларнинг ҳар бири мана шундай юксак эътирофга муносиб. Маросимда бир ҳақиқатни янада чуқур англадим: инсон учун энг катта бахт — ҳалол меҳнатининг ширин мевасини кўриш ва эъзозланиши экан. Шак-шубҳа йўқки, нуронийлари қадр топган, устозлари улуғланган юртнинг келажаги доимо порлоқ бўлади.

Маҳмуда ВАЛИЕВА,

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 274-мактаб ўқитувчиси,

“Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan