Нарпайда “Оби ҳаёт” деб аталган маҳалла бор. Одамлари меҳмондўст, бири-бирига меҳрибон. Шу боис бўлса керак, ҳудудда ўзгалардан панд-насиҳатларини аямайдиган, ёшларга тўғри йўл кўрсатадиган пиру бадавлат нуроний отахону онахонлар талайгина.
Туманнинг “Тоткент” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Оқсарой” тантаналар мажмуасида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ташаббуси билан ташкил қилинган “Қўша қариш саодати” номли маънавий-маърифий тадбирда бунга яна бир карра амин бўлдик. Тадбирга 60-70 йил бирга яшаган оилалар таклиф этилди. Узукка кўз қўйгандек бир-бирига ярашиб турган кекса отахону онахонларга кўзингиз тушар экан, хурсандчилигингизни яширолмайсиз, уларга ҳавас-ла боқиб, беихтиёр эзгу ниятлар қиласиз.
150 нафардан ортиқ иштирокчининг гулдурос қарсаклари остида даврага биринчи бўлиб Райимқул ота ва у кишининг турмуш ўртоғи Саломат она Эргашевалар ташриф буюришди. Сўнгра бирин-кетин Нурулло бобо ва Маҳкам момо Ҳамраевалар оиласи, Бекмуровлар оиласи, Бердиқуловлар оиласи, Бердиев, Нарзуллаев, Эгамбердиев, Хўжаев, Сафаров, Бозоров, Ҳасанов, Бўронов, Бекназаров, Имомов, Қувватов каби оилаларнинг пири бадавлат отахону онахонлари давра тўрини безадилар.
Учрашувни “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ш.Ҳабибов кириш сўзи билан очди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Ш.Самадов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Д.Тошбоевлар ҳам сўз олиб, тадбир аҳамиятига тўхталиб ўтдилар. Катта авлод вакилларининг ибратли ҳаёти ва фаолияти барчамиз учун маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг давра тўридаги меҳмонлар — қўша қариш саодатига эришган отахону онахонлар оила, унда ота-онанинг ўрни ва роли, фарзандлар тарбияси, ҳаёт машаққатларини енгиб ўтиш, бахтли турмуш пойдеворини яратиш сирлари хусусида сўз юритдилар.
— Бундай руҳдаги тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшлар учун жуда муҳим, — дейдилар Нурулло бобо. — Нега десангиз, бундай учрашувларда ёшлар улуғларнинг тажрибасидан ўзлари учун жуда керакли жиҳатларни оладилар. Турмуш давомида эр аёлини, аёл эса эрини ҳурмат қилиш, қадрига етиш, шу орқали жамиятда обрў-эътибор қозонишни ўйлайди. Шундай экан, бу каби тадбирлар бардавом бўлиши керак.
Тадбир санъаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқларга уланиб кетди. Учрашув якунида “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлими ҳамда туман ҳокимлиги томонидан қўша қариш саодатига эришган оилаларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Баҳодир ҚИЛИЧЕВ,
Самарқанд вилояти.