Оқ рўмоли ўзига ярашган, нигоҳларидан меҳр ёғилиб турган ўрта бўйли онахон дарвозадан чиқиб, маҳалла ичкарисига қараб одимлайди. Унинг ҳар бир қадамида хайрли бир мақсад мужассам: балки қайсидир маҳалладошининг чигал муаммосини ҳал этишга ошиқаётгандир, балки қўшни хонадондаги тўй харажатларини меъёрга солишга ёки аразлаб ота уйига келиб қолган келинни оиласи бағрига қайтаришга шошилаётгандир…
Нима бўлганда ҳам, бу она бекордан-бекор йўлга чиқмайди. Гап Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзоси, тумандаги “Қумтепа” маҳалласи “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Мўътабархон ая Юсупова ҳақида бормоқда. Саксон ёшни қаршилаган ҳожи она ҳамон жонкуяр ва фидойи.
Онахонни яқиндан таниганлар унинг Фарғона давлат институтида таҳсил олган талабалик йилларида ҳам, рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган меҳнат жамоасида ҳам айнан шундай фаол бўлганини эслашади. Мўътабар онадаги бу олижаноб фазилатлар, аввало, Қувасойдаги оилавий муҳитда шаклланган. Кейинчалик Қўштепанинг эл таниган меҳнаткаш бригадири Ҳалимахон Мирзақандованинг хонадонига келин бўлиб тушгач, бу фазилатлар янада чархланди. Турмуш ўртоғи — Марғилон педагогика билим юртида рус тилидан сабоқ берган раҳматли Ёрқинбек ота билан кечирган ибратли ҳаёт йўли, олти қизни вояга етказиш масъулияти уни фақат ўзини эмас, элу юрт манфаатини ўйлаб яшашга ундади.
Айнан шу жонкуярлиги сабабли уни турли йилларда мактаб директори, жамоа хўжалиги раиси ўринбосари, қишлоқ кенгаши раиси ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси — ҳоким ўринбосари каби масъулиятли лавозимларга муносиб кўришди. Одамлар оғирини енгил қилиш, хонадонларга хотиржамлик улашиш онахон учун умр мазмунига айланди. Мўътабар онанинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан ташкил этилган тадбирда у билан елкама-елка меҳнат қилган қадрдонлари йиғилди. Туманнинг собиқ ҳокими Мўйдинхўжа Аҳмадхўжаев, райижроқўм масъул котиби бўлган Исроилжон Исмоилов, жамоа хўжалиги раиси Кароматхон Умматқулова, халқ таълими бўлимининг собиқ мудири Юсуфжон Розиқов ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Сидиқжон Йўлдошев онахон фаолияти ва самимийлиги ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
— Ажрашиш ёқасида турган оилаларни яраштиришда Мўътабар опанинг тажрибасига тан берасиз, — дейди Исроилжон Исмоилов. — Буни қарангки, аразлашган эр-хотин ҳақиқатан ҳам, муросага келганига ишонч ҳосил қилиш учун келинни қайтариб олиб борган хонадонда тунаб қолган кунлари ҳам бўлган. Бундай фидойиликни ҳар кимда ҳам учратавермайсиз.
Мустақилликнинг илк йилларида вилоят ҳокимининг қарорига кўра, миллий қадрият ва анъаналаримизни тарғиб қилишга бағишланган кўрик-танлов ўтказилди. Ўша пайтда туман ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаётган Мўътабар опа бошчилигида Қўштепа туманининг “Меҳригиё” жамоаси 19 та шаҳар ва туман жамоалари орасида ғолиб чиқиб, мустақиллигимизнинг икки йиллиги тантаналарида пойтахтдаги нуфузли саҳнага чиқиш имкониятини қўлга киритади. Танлов шартига кўра, саҳнада ўзбекона тўй маросими намойиш этилиши керак эди. Опа раҳбарлигида “Меҳригиё” жамоасининг пойтахтдаги марказий саҳнада Президент ва давлат меҳмонлари олдидаги чиқиши катта муваффақият билан ўтади.
Фарғонага қайтишгач, ушбу саҳнада иштирок этган келин-куёвлар Адҳамжон ва Мўътабар опанинг қизи Лолахоннинг тантанали тўй маросими ўтказилади. Бугун муаллима Лолахон ва тадбиркор Адҳамжонларнинг оиласи қишлоқдаги энг намунали ва фаровон хонадонлардан бири. Улар уч фарзандни вояга етказиб, эл-юрт ичида ҳурмат топишди. Мўътабар онанинг қолган фарзандлари — Иродахон, Умидахон, Раънохон, Шавкатхон ва Маликахонлар ҳам тарбиячи, ҳамшира, иш юритувчи ҳамда тадбиркор сифатида эл хизматида. Улар оила аталмиш сулола мактабини шараф билан ўтаб, фарзандларига муносиб тарбия беришмоқда. Бугунги кунда Мўътабар она 15 нафар набиранинг суюкли ва жонкуяр бувижони.
— Мен жамиятга кераклигимни ҳис қилиб яшашни истайман, — дейди Мўътабархон ҳожи она қутлуғ ёши нишонланган даврада. — Таълим ва тарбия берган шогирдларим, оиласини тиклаб берган ҳамқишлоқларим учрашиб қолганда қилган яхшиликларимизни эслашса, худди қайта туғилгандай бўламан.
Ҳа, яхшиликка интилган қалб ҳеч қачон қаримайди. Саксон ёшни қаршилаган Мўътабар онанинг ҳам ҳар бир куни манфаатли ва хайрли амаллар билан безанмоқда.
Хадичахон КАРИМОВА,
Фарғона вилояти.