“Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, жиззахлик Исомиддин ота Нормуродов узоқ йиллар таълим соҳасида меҳнат қилган.

— Инглиз тили фани муаллими сифатида қарийб 40 йилга яқин ўқувчиларга сабоқ бердим, — дейди Исомиддин ота Нормуродов. — Мактаб менинг иккинчи уйимдек эди. Ишлаб юрган одам нафақага чиққач, уйда ўтиролмас экан. Ўзимиз яшаётган “Ровот” МФЙга раислик қилдим. Кейинчалик маҳалла қошидаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳига раҳбар бўлиб, ҳозирда фаолиятимни давом эттириб келмоқдаман.

— Сизни 80 ёшда ҳам “Нуроний” жамғармаси Зарбдор тумани бўлимининг  фаолларидан деб айтишади.

— 80 ёшга кирганим рост, аммо қариликни тан олишим қийин бўляпти, —  дейди отахон кулиб. — Туман нуронийлари раҳбари  Абдуллажон Азимов жуда ишчан, ташаббускор одам. Ўзиям тинчимайди, бизни ҳам тинчитмайди. Туманимиздаги “Нуронийлар маскани”  вилоятдаги энг зўр масканлардан бири, деб ўйлайман. Ёнида қад ростлаган “Оталар чойхонаси” ҳам биз каби фахрийлар билан доимо гавжум. Бу ерда тенгдош, ошна-оғайни ва нуронийлар ўзаро жам бўлиб, дилдан гурунглашамиз, режалар хусусида келишиб оламиз.

— Сизни Ҳайитгул момо билан 52 йиллик қўша қариганлардан дейишди.

— Шунақа. Ҳайитгул момонгиз билан тўрт фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик. Турмушнинг оғир-енгил, йўқлик, беморлик  кунларини биргалашиб енгдик. Шукр, икки ўғил, икки қизимиз, икки келин, икки куёвимиз билан саккиз нафар бўлишди.  Неваралар ҳам 12 нафарга етди-ёв, 3 нафар чеварамиз бор.

— Турмушда келишмовчилик, араз-араз кунлар ҳам бўлади. Бу борада нима дейсиз?

— Бари бекорчиликдан, бесабрликдан пайдо бўлади. Мен ишдан, изланишдан ортмасам. Ҳайитгул болаларни оқ ювиб, оқ тараб, тарбиялашдан ҳузур топадиган аёл. Ўзи бирор олий ўқув юртида ўқимаган бўлса-да,  кўп китоб ўқийди. Ҳозиргача шундай. Овсинининг кутубхонада ишлайдиган  Нилуфар келини бор. Шу келин билан “дугона” бўлиб олган. У китоб ўқийди, Нилуфар келин эса унга китоб ташийди.  Ишонаверинг, ҳар ҳафта  янги китоб туради қўлида.

Ҳайитгул момонинг бу феъли менга жуда ёқиб тушди. Онахоннинг  шу кунларда қайси китобларни ўқиётгани билан қизиқдим. Айтишича, кутубхонага келган барча янги китобларни тўхтатмай ўқиркан, Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун”, Асад Мустафоевнинг “Мен излаган одамлар”,  Ҳабиб Темурнинг “Қуёш ботаётган пайт”, Викас Сварупнинг “Харобадан чиққан миллионер” китобларини  ўқибди шу кунларда.

Дарҳақиқат, аёлнинг  кўп  китоб ўқиши миллатнинг зиёли бўлишига хизмат қилади. Нормуродовлар оиласидаги аҳиллик, юксак тарбияни айни нуроний жуфтликнинг китобга ҳамдамлигидан, деб билдим.

Ҳайитгул онадан бахт ҳақида сўраганимда, “Ўзим бор-йўғи тўртинчи синфни тамомлаганман, аммо тақдирим ўқимишли, кенг фикрли инсон билан боғлангани учун ҳам  бахтлиман”, — дедилар онахон. Айтишларича, фарзандлари ҳам отасига ўхшаб илмни қадрлайдиган бўлибди. Тўрт боласи ҳам тўрт ҳовлини отасидек аҳиллик, ҳалоллик, одамийлик, меҳнатсеварлик билан обод қилишяпти экан.

Суҳбатимиз қўр олар экан, “Соғлом авлод учун” ордени ва I даражали “Меҳнат фахрийси”  нишони билан тақдирланган Исомиддин ота “Нуроний” жамғармаси Зарбдор тумани бўлими ташаббуси билан Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасига,  Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига уюштирилган саёҳатларга боргани, бу, ўз навбатида, унга олам-олам қувонч бағишлаганини фахру ифтихор билан сўзлаб берди.

Чиндан ҳам, юртимиздаги  кекса нуронийлар ҳамиша шукроналик билан Президентимизнинг юксак ишончларини оқлаш йўлида камарбаста бўлиб турар эканлар, мамлакатимизнинг улкан тараққиёт сари, халқимизнинг эса фаровонликка эришуви айни ҳақиқатдир.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний”  мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan