Халқ орасида шахсий манфаатдан кўра жамият фаровонлигини устун қўядиган фидойи инсонлар ҳамиша қадрланган. Бугунги тадбиркорлик ва глобаллашув даврида бундай тоифадаги кишилар камайиб бораётгандек туюлса-да, атрофимизда эзгулик улашиб яшаётган бағрикенг инсонлар талайгина.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Соғлом турмуш” медали ва I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Иброҳим Жумаев ана шундай инсонлардан биридир. 1948 йил 12 майда Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Дулдул қишлоғида туғилган қаҳрамонимиз ёшлигидан журналистика ва адабиётга қизиққан бўлса-да, оилавий шароит туфайли 1965 йилда мактабни тугатиб, Кармана шаҳридаги босмахонада оддий ишчи сифатида иш бошлайди.
У ўша даврнинг мураккаб ҳарф териш қурилмаларида ишлаш — линотипчилик касбининг сир-асрорларини қунт билан ўрганади, тажрибали ишчилардан маҳорат сирларини ўзлаштиради. У босмахонадаги оғир меҳнат билан бир қаторда, ижодга ҳам вақт топади. Газеталарга кичик хабар ва мақолалар ёзиб туради. Тез орада унинг иқтидори сезилиб, 1972 йилда “Кармана овози” газетаси муҳаррири Қосим Ҳасанов уни нашрга мухбирликка таклиф этади.
Шу тариқа Иброҳим аканинг профессионал журналистикадаги фаолияти бошланади. Кейинчалик у Навоий давлат педагогика институтининг Тил ва адабиёт факультетини имтиёзли тамомлаб, “Навбаҳор тонги” газетасида бўлим мудири сифатида тажриба оширади. 1986 йилда Навоий вилоятининг бош нашри — “Дўстлик байроғи” газетасига масъул котиб ўринбосари бўлиб ишга киради. Кўп ўтмай, поғонама-поғона кўтарилиб, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир лавозимларида фаолият юритади.
Бу даврда у газетачиликнинг машаққатларини мукаммал эгаллаб, вилоят ва республика миқёсида таниқли матбаачи ва раҳбар сифатида ном қозонади. 1996 йилда матбуот тизимидаги ислоҳотлар сабабли “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририятлари бирлаштирилиб, раҳбарликка рус тилини ҳам биладиган мутахассис тайинлаш талаби қўйилади.
Шу сабабли, Иброҳим ота ўз аризасига кўра лавозимидан бўшайди. Бироқ тажрибали журналист узоқ вақт ишсиз қолмади. Ўша йили вилоят ҳокимлиги ва матбуот бошқармаси тавсияси билан у янги ташкил этилаётган “Саломатлик” газетасига бош муҳаррир этиб тайинланади. Иброҳим Жумаев ушбу нашрни вилоят тиббиётининг кўзгусига айлантириш учун бор билим ва тажрибасини сафарбар этади.
Мана, 30 йилдирки, газета аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, одам савдоси ва гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашишда беминнат хизмат қилиб келмоқда. Бу эзгу ишларда муҳаррирнинг хизматлари беқиёсдир. Бугунги қаҳрамонимиз нафақат ўткир қалам соҳиби, балки зукко адиб ҳамдир.
Унинг тиббиёт ходимларининг шарафли меҳнатига бағишланган “Биринчи довон” ва “Довон оша” номли китоблари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган. Айни пайтда у соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий даволаш тизимлари ва тиббиётдаги ютуқлар акс этган янги китобини нашрга тайёрламоқда. Бундан ташқари, 78 ёшни қаршилаган устоз журналист юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда “Саломатлик” газетасининг 30 йиллиги арафасида шогирдлари билан ҳаммуаллифликда вилоят тиббиёт тизими солномаси бўлган китоб-альбом устида ишламоқда.
Устоз ижодкорга соғлик-саломатлик ва куч-қувват тилаб, дилдаги барча эзгу режалари ва орзулари амалга ошишини тилаймиз.
Худойберди НАВРЎЗ,
“Нуроний” мухбири.