Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллик тантаналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу қутлуғ кунларда қарийб ярим асрлик ҳаёт ва меҳнат йўлимни кўз олдимдан ўтказиб, чуқур хаёлга толдим.

Мустақилликдан аввал мактабда ўқитувчи, туман партия қўмитасида мутахассис, қишлоқ кенгаши (совети)да раис лавозимларида ишладим. Ортга назар ташлаб, ўша давр билан бугунги дориломон кунларни қиёсласам, юртимизда қандай буюк ўзгаришлар ва ютуқлар юз берганига яна бир бор амин бўламан. Истиқлол йилларида 27 йил давомида маҳалла тизимида фаолият юритдим. Тўғрисини айтиш керак, дастлабки йилларда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, инфратузилмани яхшилаш, оилалар тинчлигини таъминлаш ва ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ишлари тизимли йўлга қўйилмагани сабабли катта қийинчиликлар билан амалга ошириларди.

Собиқ тузум даврида 22 минг аҳоли истиқомат қиладиган Охунбобоев номли қишлоқ кенгашида атиги 3 та иш ўрни мавжуд эди, холос. Вазифа ва масъулият эса ҳаддан ташқари кўп эди. Ўша пайтдаги Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманидаги 13 та қишлоқ кенгаши ҳудуддаги барча соҳаларга жавобгар эди. Пахта ва ғалла режаси, аҳолидан сут ва гўшт йиғиш, мажбурий солиқлар, иқтисодий-ижтимоий масалалар, ҳатто ҳудудни сув, газ, электр билан таъминлаш, ҳарбий ва ҳуқуқий соҳалар ҳам мана шу уч нафар ходимнинг елкасида эди. Ходимларни моддий ёки маънавий рағбатлантириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди, лекин талаб ва масъулият қаттиқ эди. Никоҳни қайд этиш, туғилганлик ҳақида гувоҳнома бериш, паспорт режими, аҳоли саломатлиги — хулоса қилиб айтганда, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча жараёнлар шу кичик жамоа зиммасида эди. Табиийки, бундай шароитда аҳолининг реал эҳтиёжларини қондириш, турмуш даражасини юксалтириш имконсиз. Бу ҳам етмаганидек, давлат идораларида она тилимизда ҳужжат юритиш таъқиқланган эди.

Юртимизда ҳуррият шабадаси эса бошлади. 1989 йилда “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан иш юритиш ўзбек тилига ўтди. 1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик туфайли миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз тикланди.

Сўнгги ўн йилда эса инсон қадрини юксалтириш йўлида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Оила институти ва фарзанд тарбиясига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳар бир инсоннинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш ҳуқуқлари Янги таҳрирдаги Бош қомусимиз орқали қатъий кафолатланди.

Бугун мамлакатимизда барча саъй-ҳаракатлар инсон омилига, унинг бахтли яшашига хизмат қилмоқда. Эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги таъминланиб, маҳалла институти давлатнинг энг яқин таянчига айланди. Айниқса, кейинги йилларда маҳалла тизими тубдан трансформация қилинди. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “маҳалла еттилиги” тизими ҳудудлардаги муаммоларни жойида ҳал этишнинг энг самарали моделига айланди. Маҳаллаларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, мустаҳкам моддий-техник базаси яратилди. Эндиликда ҳар қандай масала юқори идоралар аралашувисиз, маҳалланинг ўзида мустақил ҳал этилмоқда.

Маҳаллалар ҳузурида ўндан зиёд жамоатчилик кенгашлари ташкил этилган. “Кексалар маслаҳати”, “Бувижонлар мактаби” гуруҳлари, “Оқила аёллар” ҳаракати, Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ёшлар билан ишлаш кенгашлари бугун “маҳалла еттилиги”га яқиндан кўмак бермоқда. Улар ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда фидойилик кўрсатишмоқда. Биз ишлаган даврларда эҳтиёжманд оилаларга, тадбиркорларга ёки иқтидорли ёшларга молиявий ёки ижтимоий ёрдам беришнинг на тизими, на имконияти бор эди. Мустақиллик шарофати ва бугунги оқилона сиёсат туфайли бу муаммолар тарихда қолди. Бугун ёшларимизнинг илм-фан, инновацион лойиҳалар билан шуғулланиши, жаҳон минбарларида юртимиз байроғини баланд кўтариши учун яратилган шароитларни кўриб, одамнинг кўзи қувонади.

Инсон қадри улуғланган, меҳнат муносиб рағбатлантириладиган юртда яшаш — катта бахт. Энг катта бойлигимиз эса юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувликдир. Мана шундай дориломон кунларнинг қадрига етиш, Ватанимизнинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамиз, айниқса, биз, кекса авлод вакиллари ва умидли ёшларимизнинг муқаддас бурчи, албатта.

Дилбар САИДОВА,

Шароф Рашидов тумани “Бувижонлар мактаби” раҳбари,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan