Юртимизда нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, юксак ҳаётий тажрибаларидан ёш авлод камоли, халқ фаровонлигини оширишда оқилона фойдаланиш билан боғлиқ тизимли ишларни амалга оширишда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган нуронийларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Хусусан, Тахиатош туманида амалга оширилаётган тадбирларда ҳам кекса авлод вакиллари ўзларининг ташаббускорлиги, фаоллиги билан барчага ўрнак бўлиб келишмоқда.

Тахиатош туманида айни пайтда  77 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улардан 7000 дан ортиғини фахрий нуронийлар ташкил этади. “Нуроний” жамғармаси Тахиатош тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарорлари ва яна қатор ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан кўплаб ташаббуслар амалга татбиқ этилмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида олиб борилаётган эзгу ташаббуслар доирасида “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурининг 1-босқичида 14 маҳалладан 42 нафар фаол нуронийга камбағаллик реестрида турувчи 210 нафар камбағал оила бириктирилган эди. Фаол нуронийлар ўзларига бириктирилган оилаларга томорқадан самарали фойдаланиш, даромадли экин турларини экиб, парваришлаш,  эҳтиёжманд оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, маҳаллалардаги ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктириш, шунингдек, ушбу оилаларнинг таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларини ўқув жиҳозлари, қуроллари ҳамда спорт кийимлари билан таъминлаш борасида амалий ёрдамлар кўрсатиб келмоқдалар.

Ушбу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 210 та оиладан
170 таси  камбағаллик реестридан чиқарилди. 2-босқичда ҳам 42 нафар фаол нуронийга 210 нафар камбағал оила бириктирилиб, 5 ой давомида 58 фоиз оила камбағаллик реестридан чиқарилди. Масалан, “Айдин жол” МФЙдан фаол нуронийларга бириктирилган Жалилова Оғулшекер, Бекимбетова Бибажар, Тажидинов Хамидуллаларнинг оиласи учун тегишли ташкилот ва корхоналар ҳомийлигида янги уй қуриб берилди. Ўқувчи фарзандлари “Нуроний” жамғармаси томонидан стол-стул ҳамда спорт кийимлари билан таъминланди. Ҳозирги кунда 3-босқич ишлари давом эттириляпти.

“Бир нуроний — ўн ёшга масъул”  лойиҳаси асосида жорий йилнинг январь ойида тумандаги 14 та маҳалладан 17 нафар фаол нуронийга 170 нафар ёш бириктириб берилган. Улар айни йўналишда уюшмаган, тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан яқиндан ишлаб, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш,  мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан таъсирчан чораларни қўлламоқдалар. Тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирилган тартибда олиб бормоқдалар.

Нуронийларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, кекса авлод вакилларининг соғлиғини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама жисмоний фаоллигини ошириш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда “Ғайратли кексалар” шиори остидаги спорт мусобақалари ўзгача аҳамият касб этмоқда. Ушбу мусобақаларда 14 та маҳалладан 143 нафар нуроний иштирок этиб, спортнинг 4 та тури — шахмат, шашка, мини-футбол, миллий кураш бўйича фаол иштирок этган нуронийлар ичидан ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

 Юқоридагилар билан бирга, туманда “Уч авлод учрашувлари”, “Қўша қариш саодати”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Юз билан юзлашганлар” ва яна қатор лойиҳалар асосида маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштирилиб, уларда кекса, ўрта ва ёш авлод вакилларининг фаол иштироки таъминланмоқда.

Бўлим ўз фаолиятида меҳр-эътиборга муҳтож кексаларга, юз ёш билан юзлашган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олишга асосий масалалардан бири сифатида эътибор қаратади. Жумладан, бир гуруҳ мутасаддилар “Кенегес” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб, 100 ёшни қарши олаётган, фронт ортида мардонавор хизмат қилган нуроний отахон Тажимурат Аллаяров хонадонига бордилар.

— Юртимизнинг тараққий топишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган нуронийларимизни ҳар қанча қадрласак, шунча кам, — дейди “Нуроний” жамғармаси Тахиатош тумани бўлими раиси Аминбай Эрсаидов. — Шу маънода, айтиш керакки, Тажимурат ота Аллаяровнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, халқимиз дастурхонининг тўкин-сочинлигини таъминлаш йўлидаги жонкуяр, фидойи ва олижаноб меҳнатлари таҳсину эътирофга сазовор. Бундай инсонларнинг халқ манфаатларини таъминлаш йўлидаги жонбозликлари асло унутилмайди.

Учрашув якунида отахонга мутасадди ташкилотларнинг совғалари топширилди.

Дарҳақиқат, ҳаётий тажрибага эга, турмуш ташвишларида синалган, кўпни кўрган кексаларнинг панд-насиҳатлари ёш авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга. Инсон фарзандининг баркамол шахс сифатида камол топиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, халқи ҳамда Ватани учун керакли инсон бўлиб улғайишида нуронийларнинг ёрдами ва маслаҳатлари ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди. Шундай экан, Тахиатош туманида ҳам нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги ташаббуслар бардавом бўлиб қолаверади.

Нодира Атиязова,

“Нуроний” жамғармаси Тахиатош тумани бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan