Жамиятда ҳаётий тажрибаси, бой маънавий мероси ва ибратли ҳаёт йўли билан эл-юртга намуна бўлиб келаётган нуронийларнинг ўрни беқиёс. Улар билан хонадонлар файзли. Кексалик ҳордиқ даври демасдан, бор куч-ғайратини ёшлар таълим-тарбияси учун сарфлаётган отахон-онахонлар эса ҳар қанча эътироф ва эъзозга лойиқдир.
“Нуроний” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими атрофида ҳам ана шундай фидойи, ташаббускор фахрийлар, фаоллар жам бўлган. Бугун шаҳримиздаги 23 та маҳаллада 10 минг 136 нафар фахрий нуронийлар истиқомат қилмоқда. Улар, айниқса, икки нафар фронторти меҳнат фахрийси ва 40 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар доимий эътиборимиз марказида.
Аввало, таъкидлашимиз керакки, Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида тизимли ишларни олиб бормоқдамиз.
Хусусан, 24 нафар фаол нуронийга 240 нафар уюшмаган ва муаммоли ёш бириктирилган. Улар билан мунтазам мулоқотлар ўтказилиб, ҳаётий муаммолари ўрганилмоқда, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Натижада 24 нафар ёшнинг доимий ишга жойлашишига, 81 нафарининг касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашилди. Шунингдек, 210 нафар ёшнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди, 3 нафар ёшнинг профилактик ҳисобдан чиқарилишига кўмаклашилди.
Бу рақамлар ёшлар билан ишлашда уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ишончли мулоқот ўрнатиш ва ҳаётда тўғри йўл танлашига ёрдам бериш нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Ўз навбатида, катта авлод вакилларининг ҳаётий тажрибасини ёшларга етказиш, авлодлар ўртасидаги маънавий риштани мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларни асраб-авайлашда “Уч авлод учрашуви” тадбирлари алоҳида ўрин тутмоқда. Йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллаларда 673 марта ана шундай учрашувлар ўтказилди. Уларда нуронийларнинг ибратли ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, Ватан равнақи ва юрт ободлиги йўлидаги хизматлари ҳақида сўз юритилди. Ёшларга катталарни ҳурмат қилиш, ота-она қадрига етиш, ҳалол меҳнат қилиш, юртга садоқатли бўлиш ва миллий анъаналарга амал қилишнинг аҳамияти тушунтирилди ва бу жараён давом этмоқда.
“Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси доирасида эса Гулистон шаҳридаги 32 та муаммоли оила билан “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда фаол нуронийлар ҳамкорлигида иш олиб борилди. Оилалардаги вазият ўрганилиб, келишмовчиликларнинг сабабларини бартараф этиш, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни тиклашга қаратилган чоралар кўрилди. Фаол нуронийлар, имом-хатиблар, отинойилар, ҳожи ота ва ҳожи оналар иштирокида “Оила — муқаддас, ажрим — ечим эмас!” шиори остида очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, ажрим ёқасида турган оилаларнинг муаммолари индивидуал тарзда ўрганилди. 18 та оиладаги келишмовчиликлар бартараф этилиб, эр-хотиннинг ярашишига эришилганини ҳамкорлик, ташаббускорлик ва фаоллик самараси дейишимиз мумкин.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 23 та маҳалладаги 65 нафар фаол нуронийга 324 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ва камбағал оила бириктирилган. Бу оилаларнинг яшаш шароити, бандлиги, даромад манбалари ва мавжуд муаммолари ўрганилди. Аниқланган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, жамғарма ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан кўмак бериб келиняпти. Жумладан, бир нечта оилага тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун банклар томонидан имтиёзли шартларда 25 миллион сўмдан кредит ажратилди. Бугунга келиб доимий даромад манбаига эга бўлган уч нафар фуқаро камбағаллик реестридан чиқарилди. Қолган оилаларнинг ҳам турмуш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Фаолиятимиз давомида фақат нуронийларни эъзозлаш, саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш, мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шу мақсадда бугунгача 108 маротаба маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди. Биргина “Саломатлик учун 5 минг қадам” марафонларига 4 минг 989 нафар нуронийлар ва 6 минг 550 нафар ёшлар жалб қилинди.
Шунингдек, “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида ҳам қатор тадбирлар амалга ошириляпти. Фаол меҳнат фахрийлари учун диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳлар ва сўлим гўшаларга саёҳатлар уюштирилди. Ички туризмни ривожлантириш доирасида музейлар ва театрларга ҳам ташрифлар ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар 2 минг 790 нафар нуроний ана шундай саёҳатлар иштирокчисига айланди.
Ёлғиз яшаётган, саломатлигида муаммолари бўлган ва кўмакка муҳтож нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида эса шу кунгача 1 минг 489 нафар нуроний бепул тиббий кўрикдан ўтди. Шунингдек, уларга дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 6 нафар кекса отахон-онахонлар реабилитация техник воситалари билан таъминланди, яна 6 нафари соғломлаштириш мақсадида санаторийларга юборилди.
Таъкидлаш ўринлики, фаол нуронийлар маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Мактабларда ўқувчилар давомати, маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти, аҳоли бандлиги, томорқалардан самарали фойдаланиш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларга, айниқса, алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ўртасидаги қўшма қарор асосида Гулистон шаҳридаги 398 та кўчанинг ҳар бирига “кўчабай” тамойили асосида фаол нуронийлар бириктирилди. Кўчабоши нуронийлар бошчилигида ҳозирга қадар 3 минг 484 марта кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари ва ҳашарлар ташкил этилди.
Бўлимимиз томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида жорий йил 23 та маҳаллада 2-8 октябрь кунлари “Кексалар ҳафталиги” ўтказилди. Ҳафталик доирасидаги тадбирлар 2 октябрь куни эрта тонгда “Бўстон” маҳалласи ҳудудида “Саломатлик учун 5000 қадам” тадбири билан бошланди. Унда кексалар иштирокида спортнинг югуриш, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар уюштирилди. Бу жараёнда нуронийларнинг спортга бўлган қизиқиши ва фаоллиги кучли экани барчамизни бирдек қувонтирди.
3 октябрь куни эса 60 нафар нуроний иштирокида Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанд шаҳрининг тарихий қадамжоларига, 5 октябрда Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” маҳалласида жойлашган вилоят тарихий музейига саёҳатлари ташкил этилди. 
Айни шу жараёнда саломатлиги туфайли уйидан чиқолмаётган, ётиб қолган ва сурункали касалликларга чалинган 203 нафар кекса ҳолидан ҳам хабар олинди. Улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг саломатлиги ва ижтимоий эҳтиёжлари ўрганилиб, 92 нафарига дори-дармон ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, икки нафар кекса реабилитация техник воситалари билан таъминланди, эҳтиёжманд нуронийларга бошқа йўналишларда ҳам 66 хилдаги ёрдамлар кўрсатилди.
8 октябрь куни “Ғайратли кексалар” шиори остида мини-футбол турнири ўтказилди ва унда Гулистон шаҳри нуронийлари иккинчи ўринни эгаллаб, ғайрат-шижоати ва спортга бўлган иштиёқини намоён этдилар.
Ҳафталик авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлаш мақсадидаги кенг қамровли тадбирлар билан мазмунли ўтди. 16 та маҳаллада, 19 та ўрта ва олий таълим муассасасида ҳамда 2 та ташкилотда “Уч авлод учрашувлари” ўтказилди.
Бир сўз билан айтганда, “Нуроний” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар кўлами жуда кенг ва уларнинг барчаси эзгу мақсадларга йўналган. Бу борада бизга куч ва руҳ бағишлаган омил, бу — мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрликдир. Нуронийлар эъзоз топар экан, қалблар мамнунлик ҳиссини туяди, жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва эзгулик бардавом бўлаверади.
Бахтиёр ТЎРАЕВ,
“Нуроний” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими раиси.