Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида кекса фахрийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан қатор амалий ишлар ташкил этиб келинмоқда.
Тумандаги “Нуронийлар маскани”да, ўтказилган давра суҳбатини ана шундай ташаббуслардан бири, дейиш мумкин. Тадбир давомида туманда нуронийлар фаолияти билан боғлиқ барча эзгу саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2023 йилда 11 март кунидаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва яна қатор ҳужжатларнинг дастуриламал бўлиб келаётганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Ўз навбатида, юқоридаги қарорларда келтирилган вазифалар, уларни юқори талабчанлик билан ижро этиш, ёш авлод камолоти, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида камарбаста бўлиш лозимлиги эслатилиб, фаол нуронийларга зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, тадбир доирасида бир пиёла чой устида суҳбат ташкил этилиб, туманда узоқ йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилган кекса авлод вакили — Боборажаб Маликовга 85 ёшлик юбилей муносабати билан ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Салом Қосимов,
“Нуроний” жамғармаси Сариосиё тумани бўлими раиси.