Унда давлат ва жамият иштироки қандай бўлиши керак?

Статистика маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили миллионлаб инсонлар айнан нотўғри овқатланиш ва унинг оқибатида келиб чиқадиган касалликлардан азият чекади.

Хўш, биз аслида қандай овқатланяпмиз? Танамиз етарлича қувват оляптими ёки инсонлар ошқозонни шунчаки алдаш билан кифояланмоқдами?

Кўча таомлари (фаст-фуд) ва ярим тайёр маҳсулотлар жозибадор кўриниши, мазаси билан эътиборни тортиши мумкин. Бироқ ширинликлар ва ёғли таомлар ортида катта хавф яширин эканини, хусусан, таркибида ҳаддан ташқари кўп шакар, туз ва трансёғлар бўлган маҳсулотлар қисқа муддатли тўқлик ва қониқиш ҳиссини берса-да, вақт ўтгани сари организмни ич-ичдан емиришини инобатга олсак, нотўғри овқатланиш фақатгина ортиқча вазн муаммоси билан чегараланиб қолмайди. Балки доимий чарчоқ, стресс, хотира пасайиши ва юрак-қон томир тизимидаги жиддий муаммоларга олиб келади.

Инсон организми ўзига хос мураккаб механизм бўлиб, у зарур витаминлар, минераллар билан бойитилиши лозим.

Аслини олганда, нотўғри овқатланиш тушунчаси анча кенг. Соғлом турмуш тарзига мувофиқ келмайдиган истеъмол маҳсулотларидан ташқари, овқатланиш тартибининг йўқолиши, масалан, кун бўйи оч юриб, кечқурун меъёрдан ортиқ ейиш; чой, кофе ёки газли ичимликларни оддий тоза сувдан устун қўйиш, шунингдек, тез озиш мақсадида организмни муҳим озуқалардан бутунлай маҳрум қилиш каби нотўғри ёндашувлар саломатликка жиддий хавф туғдиради ҳамда кундалик ҳаётда ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Соғлом овқатланиш, бу —иқтисодий барқарорлик ва миллат генофонди билан бевосита боғлиқ кенг қамровли тушунча. Юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва семизлик каби муаммоларнинг асосий илдизи айнан нотўғри овқатланишга бориб тақалади. Аҳоли соғлом овқатланса, давлат соғлиқни сақлаш тизими (шифохоналар, бепул дорилар, операциялар)га ажратадиган миллиардлаб маблағларини иқтисод қилади. Меҳнат унумдорлиги ошади, соғлом ишчи кучи кўпроқ маҳсулот яратади, камроқ касаллик таътилига чиқади. Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзининг маданият даражасига кўтарилиши молиявий томондангина эмас, балки мамлакатларнинг ҳарбий, ижтимоий салоҳияти билан ҳам бевосита боғлиқдир.

Мазкур муаммога ечим сифатида соғлом овқатланиш, спорт билан шуғулланиш ва мунтазам жисмоний ҳаракат қилишни катта-ю кичикнинг одат тарзига айлантириш, бунинг учун муайян лойиҳалар доирасида аҳолини рағбатлантириш ижобий натижа беради. Бугунги бозорда энг арзон калория — фаст-фуд, газли ичимликлар  таркибидаги шакар, оқ ун ва трансёғлардир. Соғлом маҳсулотлар (балиқ, сифатли гўшт, тоза зайтун ёғи, мавсумдан ташқари мевалар) эса нисбатан қимматроқ.

Мазкур жиҳатларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда аҳоли ўртасида “Соғлом ҳаёт сари 5000/10000 қадам” лойиҳалари йўлга қўйилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Истеъмол маҳсулотларининг қиймати баробарида унинг сифатига ҳам — полиздан — дастурхонгача бўлган жараён қатъий назоратга олиниши, сифат даражасининг ошиб боришига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бироқ давлат ҳар бир шахснинг истеъмол маданиятини шакллантиришни тўлиқ назоратга ололмайди. Бу, аввало, инсоннинг шахсий танлови бўлиб, саломатлигига кишининг шахсан ўзи жавобгар эканини англатади.

Жаҳонда соғлом овқатланиш ва аҳоли саломатлиги бўйича бир нечта давлатлар етакчилик қилса-да, улар ичида тизимли ёндашуви билан Япония ва Скандинавия давлатлари (хусусан, Финландия) ажралиб туради. Япония дунёда семизлик даражаси энг паст — атиги 4 фоиз ва умр кўриш даражаси энг юқори давлатлардан биридир. Унинг муваффақият сири шундаки, мамлакатда соғлом овқатланиш шунчаки тавсия эмас, балки боғчадан бошлаб ўргатиладиган мажбурий фандир. Қолаверса, мактабларда шокуику дастури (овқатланиш маданияти бўйича таълим) амалга татбиқ этилган бўлиб, у мувозанатлашган, мавсумий ингредиентлардан таркиб топган овқатларни, онгли овқатланиш одатларини ўз ичига олади. Болаларга ярим тайёр маҳсулотлар берилмайди. Таомлар маҳаллий маҳсулотлардан, янги балиқ ва сабзавотлардан жойида тайёрланади. Японияда “Метабо” қонунига асосан, давлат компаниялар ва маҳаллий ҳокимиятларга 40 ёшдан 74 ёшгача бўлган ходимларнинг бел айланасини йиллик тиббий кўрикдан ўтказишни мажбурий қилиб қўйган. Агар ходимлар ўртасида семизлик кўпайиб кетса, ўша компания давлатга жарима (қўшимча солиқ) тўлайди. Шунинг учун компаниялар ходимларнинг спорт билан шуғулланиши ва соғлом овқатланишига шароит яратади.

Финландия 1970 йилларда юрак касалликлари бўйича дунёда етакчи эди. “Шимолий Карелия лойиҳаси” бошлангач, туз ва сариёғ истеъмоли меъёри қатъийлашди. Нон маҳсулотларига мажбурий равишда фойдали донлар қўшиш талаби қўйилди. Натижада, мамлакатда юрак хасталикларидан ўлим даражаси 80 фоизга камайди.

Кўринадики, соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, бу —келажакка тикилган инвестициядир. Чунки бугун соғлом егуликка ажратилган маблағлар, эртага тиббиётдаги йирик харажатларнинг олдини олиши мумкин. Қолаверса, танамиз бизга омонат. Уни сифатсиз, сунъий таомлар билан тўлдиришга эмас, балки соғлом ва фойдали маҳсулотлар билан қувватлантиришга одатланишимиз зарур. Зеро, соғлом овқатланиш фақат жисмнигина эмас, балки руҳий саломатлик, когнитив фаолият ва фикрлар тиниқлашувига ҳам ёрдам беради.

Жанарой Алимбаева.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan