“Нуроний” жамғармаси Фурқат тумани бўлими раиси Рустамжон Мелиқўзиевдан фаол нуронийлар ҳақида сўраганимда, у киши Хурсаной Юлдашевани “Фаол десам камлик қилади, энг фаол” деб таништирди. Етмиш ёшда бундай бўлишнинг қандай кароматларию, шарофати бор экан, деган хаёл билан бошладик суҳбатни.
Аслида 30 йил давомида таълим соҳасида ишлаган Хурсаной онанинг жонсарагу жонкуйдилиги, ташаббускорлиги нуронийлар сафида янада жонланиб кетгандек кўринади. Ҳукуматимизнинг “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури топшириқларини бажаришда Фурқат тумани “Ингичка” маҳалласидаги уч фаол нуронийнинг бири сифатида у беш оилани оталиққа олган. “Бувижонлар мактаби” раҳбари сифатида ҳам ҳавас қиларли даражада фаолият олиб бораётган экан.
— “Бувижонлар мактаби” гуруҳида ишлаш ўзимга жуда ёқади, — дейди суҳбатдошимиз. — Деярли ҳар куни битта тадбирим бор. Бир кун болалар боғчасида, эртасига мактабда, индинига эса маҳаллада бўламиз. Ёлғиз ўзим қилармидим шунча ишни?! Туманимиздаги 34 та маҳалладан биттадан бувижонни кенгашга аъзо қилганман. Бари зўр бувижонлар. Мана, яқинда 22-болалар боғчасидаги тадбиримиз “Эртак айтинг, бувижон, алла айтинг, онажон!” шиори остида ўтди. Маҳалла кайвонийси Хадичахон Акбарова аллани кичик болалар гуруҳига, эртакни эса катта болалар гуруҳига шундай маҳорат билан айтдики, болажонлар мазза қилишди.
— Бу яхши, аммо ҳар куни боғчага келишнинг иложи йўқ-ку, — сўрадим ўсмоқчилаб.
— Албатта. Шунинг учун ҳам тадбирга иккала гуруҳнинг бувижону онажонларини таклиф қилдик. Уларга бу сабоқ бўлди. Айримлари Хадича бувининг алласию эртакларини ёзиб ҳам олишди. Боланинг тарбияси учун буларнинг аҳамияти катта экани, шу орқали болага миллий руҳ, ватанпарварлик, эзгулик тушунчаларини сингдириш осон, — дейди Хурсаной она. — “Чекчувадак” маҳалласидаги 26-мактабда ўтган тадбиримизни “Илму ирфон шарафига сазоворлар” деб номладик. Таълим масканининг юқори синф ўқувчилари Қўқон университети профессори, тарих фанлари доктори Зарина Бойтемирова билан учрашдилар. Олимамиз болаларга илм хосияти ва шарофати, илм машаққати, уни енгиб ўтиш ва эл-юртда обрў-эътибор топиш ҳақида гапириб берди.
— Маҳаллалардаги бувижонлар билан йиғилиб ҳам турасизларми?
— Ҳар ўн беш кунда жамланиб, тадбирларни режалаб оламиз. Маҳаллалардаги фаол бувижонлар ўз таклифлари билан келишади. Мунаввархон Эргашева бош бувижон бўлган “Жангкетмон” маҳалласида ўтган “Намунали оила” танловимизга доимгидек аксари қайнона- келинларнинг бир-бирини тушунмасликлари туфайли хонадонида нотинчлик, келишмовчилик, “араз-араз”лар рўй бераётган оила эгаларини таклиф этдик. “Намунали оила” соҳибларини рағбатлантирувчи мукофотлар, ташаккурномалар билан тақдирладик. Бу каби тадбирлардан ким сабоқ олади, ким ўз хатосини англайди, яна кимдир ҳавас қилади, албатта.
— Оталиқдаги оилалар билан ишлаш қандай кечмоқда?
— Кечга яқин уларнинг ишдан бўшаган соатларини мўлжаллаб бораман. Бир қувонганим шуки, “Ингичка” маҳалламизда ёмон одам йўқ. Кўрдимки, оталиғимдагилар фақат йўл тополмаётган, тажрибаси камлиги учун реестрга тушиб қолган қишлоқдошларим. Ўзбекнинг ери — хазина. Бундай томорқа билан кўп ишларни амалга оширса бўлади. Оилаларга ерни умуман бўш қолдирмаслик, томорқадан келган мева-сабзавот уйнинг баракаси эканини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бунга қўшимча равишда имтиёзли кредит билан ҳунармандчилик цехларини очиб, иш бошлаганлар тез орада камбағаллик реестридан чиқиб олиши мумкинлигини уқтириб, расмий иш ташкил этишларида ёрдам бераман.
Суҳбатдошимизнинг самимийлигидан завқланиб, улардан ҳам ҳикмат, ҳам ибрат оларканмиз, изланувчан, ўз оиласидаги қадриятларни муқаддас санаган ҳар бир аёлнинг мана шундай саодат топиши муқаррар эканлигини кўнглимиздан ўтказдик. Опанинг “Меҳр-саховат”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланганлигининг ўзиёқ улардай меҳридарё, фидойи оналаримизнинг ҳамиша эъзозда эканликларидан далолат, шубҳасиз.
— Ёлғиз фарзанд бўлганим учунми, шундоққина маҳалланинг ўзига келин бўлиб, бахт топганман. Фаол аёл бўлиб, қандай ютуққа эришган бўлсам, бари турмуш ўртоғим Қосимжон Раҳмоновнинг хайрихоҳлиги, мени қўллаб-қувватлаши туфайли деб биламан. Уч ўғлимиз, уч келинимиз бор. Қарангки, 11 набирамизнинг 10 нафари ўғил бола. Бари одобли, тарбияли. Икки нафари Тошкентда, олий ўқув даргоҳида, яна биттаси мамлакатимизнинг ёш футболчиси бўлиб, чемпион жамоада тўп сурмоқда. Хонадонимиз томорқаси гуллар, мева-сабзавотлар билан яшнаб туради. Кўриб, дил қувонади, кўз яйрайди. Аёлга бундан ортиқ бахт борми?! — дейди Хурсаной Юлдашева шукроналик билан.
Замира ХЎЖАМБЕРДИЕВА,
“Нуроний” мухбири.