Жамиятнинг тинч ва фаровонлиги, шубҳасизки, унда истиқомат қилаётган инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳамда оилалардаги соғлом муҳит билан белгиланади. Оилавий хотиржамлик ва осойишталик эса, аввало, хонадон бошлиқлари бўлмиш ота ва онанинг маънавий қиёфаси, маърифати ҳамда дунёқарашига боғлиқ. Маънавиятли ва юксак масъулиятли ота-она ўз билими, ибратли ҳаёти ва хатти-ҳаракатлари билан фарзандларига чинакам намуна бўла олади.
Ғиждувонлик Аминжон Асроров хонадони ана шундай файзли ва ибратли оилалардан. Аминжон ота 1939 йилда Ғиждувон туманидаги собиқ Садриддин Айний номли жамоа хўжалигида таваллуд топган. У эндигина икки ёшга тўлганида Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, юртимиздаги минглаб оилалар қатори уларнинг хонадонига ҳам оғир синовлар келди.
— Отам гўдаклик чоғларимда урушга кетганлари боис, у кишининг сиймосини фақат суратларда кўрганман, — дея ўша суронли йилларни хотирлайди Аминжон ота. — Урушнинг учинчи йили отамдан қорахат келгани ва онамнинг бизни қучоқлаб фарёд чекканлари ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Ўшанда ҳали гўдак бўлсак-да, қалбимизда эрта улғайиш бошланганди. Онамга суянч бўлиш учун қўлимиздан келган барча ишга сидқидилдан киришардик.
Урушдан кейинги йилларда оила туман марказидаги бобомерос хонадонга кўчиб ўтади. Аминжон ота 1948 йилда собиқ Улуғбек номли мактабнинг 1-синфига боради. Юқори синфларда ўқиб юрган кезларида рўзғорга ҳарна мадад бўлсин, дея дарсдан бўш вақтларида туман марказидаги умумий овқатланиш корхонаси ошхонасида ошпазга ёрдамчилик қила бошлайди. Пазандалик сирларига бўлган қизиқиш ва меҳр унинг қалбида айнан ўша йилларда уйғонган эди.
Устозларининг кўмаги билан у тез орада мустақил равишда турли тансиқ таомлар тайёрлашни ўзлаштиради. Мактабни 1959 йилда тамомлаган ёш йигит бир йил давомида ушбу корхонада ошпаз бўлиб ишлайди ва кейинчалик Бухоро шаҳридаги ошпазлик курсида сиртдан таҳсил олади. Иқтидори ва меҳнаткашлиги билан устозлари эътирофига сазовор бўлган Аминжонга корхона раҳбари бир куни шундай насиҳат қилади:
“Ўғлим, маҳоратингни қадрлайман. Аммо бир йиллик курс билан чекланиб қолма. Ҳали ёшсан, ўқишинг керак. Маълумотинг олий ёки ўрта махсус бўлса, ҳаётда асло ютқазмайсан. Йигит киши қирқ ҳунарнинг эгаси бўлиши лозим, ҳунар эса сени ҳеч қачон йўлда қолдирмайди”.
Устоз ўгитига амал қилган Аминжон ака 1963-1965 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумини сиртдан ўқиб тугатади. Шу йилнинг ўзидаёқ Самарқанд кооператив институтининг муҳандис-технолог факультетига ҳужжат топшириб, 1971 йилда олий таълим даргоҳини муваффақиятли тамомлайди ва қадрдон гўшаси — Ғиждувонга қайтади.
Иш фаолиятини ошпазликдан бошлаган қаҳрамонимиз тез орада ўзининг ташкилотчилик қобилияти, меҳнаткашлиги, одамлар дардига қулоқ тута билиш ва мураккаб вазиятларда тўғри ечим топиш каби фазилатлари билан раҳбарият ва жамоа эътиборини қозонади. Натижада у 1979 йилда умумий овқатланиш корхонасига директор этиб тайинланади. Лавозими юқорилаган бўлса-да, у ўз камтарлигини йўқотмади. Тизим ривожи, иш унумдорлигини ошириш ва ходимларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш йўлида янада кўпроқ меҳнат қилди.
Эл-юрт ҳурмати ва орттирилган улкан обрў-эътибор сабаб, 1980 йилда тумандошлари Аминжон Асроровни маҳаллий Кенгашга депутат этиб сайлашади. Депутатлик фаолияти даврида у чинакамига халқ ва давлат ўртасидаги ишончли кўприкка айланди. Сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли муаммоларини тинглаш ва уларни ижобий ҳал этиш, ижро ҳокимияти билан самарали мулоқот ўрнатиш борасида сидқидилдан фаолият юритди.
Халқимиз ҳалол ва ватанпарвар инсонларни ҳамиша қадрлайди. Шу боис, Аминжон Асроров умумий ҳисобда тўрт маротаба туман ҳамда икки маротаба вилоят Кенгаши депутати этиб сайланди ва ўз фаолияти билан халқ ноиби деган шарафли номга муносиб эканлигини исботлади. Бугунги кунда нуроний отахоннинг кўксини “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 30 йил” эсдалик нишонлари безаб турибди.
Аминжон ота нафақат асосий иши, балки жамоатчилик юмушларида ҳам фаол бўлди. Халқ бошига иш тушганда кўмакка шай турувчи бу инсон, маҳалладошларининг хоҳиш-истакларига биноан, корхона раҳбарлиги билан бир қаторда 1991 йилдан бошлаб уч йил давомида жамоатчилик асосида “Чорсу” маҳалласи раиси сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатди.
Узоқ йиллар давомида севган соҳасида фидокорона меҳнат қилган Аминжон ота 1998 йилда нафақага чиқади. Бироқ жамият ҳаётига дахлдорлик туйғуси уни уйда бекор ўтиришга йўл қўймади. 1999 йилда у “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раислиги, орадан уч ой ўтиб эса “Маҳалла” жамғармаси туман бўлинмаси раҳбарлигига тайинланади ва ҳар иккала масъулиятли вазифани бир вақтнинг ўзида муваффақиятли бошқариб, маҳаллалар тизимини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди.
Асроровлар оиласи бугунги кунда нафақат маҳалла, балки бутун тумандаги энг намунали оилалардан бири саналади. Бу хонадонда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, кексаларга эҳтиром, ёшлар тарбияси ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш каби миллий ва умуминсоний қадриятлар бош мезон этиб белгиланган. Қаҳрамонимиз умр йўлдоши Адолат ая (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан биргаликда 4 қиз ва 2 ўғилни эл ҳавас қиладиган даражада тарбияладилар.
Фарзандларнинг барчаси олий маълумотли, бугунги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда. Бугунги кунда пири бадавлат отахоннинг ардоғида 14 нафар набира ва 23 нафар абира ушбу шарафли ва файзли сулола анъаналарини муносиб давом эттирмоқда.
Азим дарахт паноҳида униб-ўсаётган ниҳоллар безавол камол топганидек, бундай файзли ва баракали хонадонлардан ибрат олаётган маҳалладошлар ва ёш оилалар ҳам ўз ҳаёт йўлларини эзгулик билан безамоқда. Зеро, ҳавас ва ибрат билан яшаш ҳар бир хонадонга фақатгина қут-барака ва бахт олиб келади.
Дилфуза ҲАМИДОВА,
журналист,
Саъдулла АМРУЛЛОЕВ,
меҳнат фахрийси.