— дейди меҳнат фронти фахрийси, истеъфодаги подполковник Маҳмуджон ота Жўраев
Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган нақл бор. Бугун орамизда юрган, ҳар бир сўзи дуо, ҳар бир қадами ибрат бўлган нуронийлар юртимизнинг файзи ва баракаси саналади. Наманган шаҳрининг “Янги аср” маҳалласида яшовчи фронторти меҳнат фахрийси, ички ишлар органлари тизимида кўп йиллар самарали хизмат қилган Маҳмуджон ота Жўраев ана шундай табаррук инсонлардан.
Маҳмуджон ота 1930 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган. Унинг ёшлик йиллари урушнинг оғир заҳматлари, фронт ортидаги тинимсиз меҳнатлар билан ўтди. 1951-1953 йилларда ҳарбий хизмат бурчини ўтаб қайтгач, ўз тақдирини эл тинчлиги ва осойишталигини асрашдек шарафли ишга, ички ишлар соҳасига бағишлади. 1953 йилда оддий милиционер сифатида бошланган хизмат йўли Тошкент олий милиция мактабидаги таҳсил ва вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармасининг бўлим бошлиғи лавозимигача бўлган машаққатли, аммо юксак масъулиятли вазифаларни қамраб олди.
Ҳуқуқшунос мутахассислигига эга бўлган Маҳмуджон ота жиноятчиликка қарши курашиш, профилактика тизимини мустаҳкамлаш борасида Наманган вилоятида ўзига хос мактаб яратди. Унинг кўп йиллик фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1984 йилда “подполковник” махсус унвонига сазовор бўлди.
Қаҳрамонимиз айни кунда соҳанинг тажрибали вакили, балки намунали оила боши ҳамдир. У киши 11 нафар фарзандни вояга етказиб, эл хизматига қўшди. Қувонарлиси, унинг касбга бўлган меҳри ва садоқати фарзандларига ҳам кўчди, улардан 3 нафари ота изидан бориб, бугун ички ишлар органларида халқимиз осойишталиги йўлида хизмат қилмоқда. Отахон давраси фарзандлари, 38 нафар набира ва 100 дан ортиқ чеваралар билан тўлган. Юз билан юзлашаётган нуронийнинг хонадонидан файзу барака аримайди. Суҳбатлашсангиз, ҳар бир сўзида шукроналик уфуриб туради.
— Шу кунларга етказганига шукр, — дейди Маҳмуджон ота дуога қўл очиб. — Бундай гўзал ва тинч замонимизга кўз тегмасин. Биз каби кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошимиз осмонда. Юртбошимиз омон бўлсин, фарзандларимиз тинч-омон униб-ўссин.
Шундай дуогўй нуронийларимиз ёш авлод учун ҳақиқий садоқат ва матонат мактабидир.
Абдужаббор НАБИЕВ,
меҳнат фахрийси,
Наманган вилояти.