Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғиждувон туманида ҳам кенг кўламли тадбирлар давом этмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири “Сайёра” тантаналар саройида туман ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан ўтказилди. Унда эл ардоғидаги нуронийлар, зиёлилар ҳамда олий таълим ва мактаблар тизимида таҳсил олаётган фаол ёшлар иштирок этди.

Тадбирни туман ҳокими Фарҳод Умаров кириш сўзи билан очиб берар экан, йиғилганларни яқинлашиб келаётган байрам билан қутлади ва уч авлод ворисийлигининг аҳамиятига алоҳида тўхталди.

— Аждодлар мероси, ота-оналар масъулияти ва фарзандлар камолотининг муштараклиги ушбу файзиёб учрашувимиз моҳиятини ташкил этади. Бу фалсафага кўра, катта авлод — ҳаётий ҳикмат ва анъаналар хазинабони, ўрта авлод — бугунги кун бунёдкори ва тарбиячи, кичик авлод эса янги ғоялар билан эртанги кунни барпо этувчи кучдир, — деди туман ҳокими.

“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Раҳматулло Маҳмудов эса ўз нутқида миллий қадриятларни асрашда кексаларнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади. Айни пайтда тумандаги ҳар бир маҳаллада тажрибали нуронийлардан иборат “маслаҳат гуруҳлари” ташкил этилгани, улар ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйгани амалий самара бераётгани айтилди.

Жараён давомида “Соктаре” маҳалласи фаоли Ғайниддин Носиров, мираконлик М. Икромова ҳамда заҳирадаги полковник Нурмат Умуровлар сўзга чиқиб, Ватанга садоқат ва инсонийлик фазилатлари ҳақида фикр юритишди. Кексалар ўгитларидан руҳланган ёшлар ҳам ўз мулоҳазаларини баён этиб, юрт тинчлиги ва тараққиёти йўлида астойдил хизмат қилишга ваъда бердилар.

Бу каби учрашувлар нафақат авлодлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайди, балки ёшлар қалбида миллий ўзликни англаш ва ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиради.

Ражаб АВЕЗОВ,

III даражали “Соғлом авлод учун” ордени,

 “Меҳнат фахрийси” ва

 “Халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишонлари соҳиби.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan