Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ривожига, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш орқали эришиш мақсад қилинган. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб турмуш кечириши учун зарур шароитлар яратишга қаратилмоқда. Мазкур мезон халқ манфаатлари ҳимоясини кучайтирибгина қолмай, уларнинг салоҳияти ва ишбилармонлик қобилияти, истеъдодини ошириш орқали тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

Жумладан, ҳозирги кунда кексаларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадрият ва анъаналарга содиқлик руҳида тарбиялашда оқилона фойдаланиш тажрибаси ҳам ўзида хайрли ва улуғвор вазифаларни жамлайди. Табиийки, ёш авлод тарихий хотира, миллий ўзлик тушунчасининг асл моҳияти, анъана ва қадриятлар, шунингдек, аждодларнинг моддий ва маънавий мероси тўғрисида кўпни кўрган кекса авлод вакилларидан эшитиб, осон ўзлаштиради.

Бунинг ёрқин исботини жойларда кекса, ўрта ва ёш авлод вакилларини бир ерга жамлаган “Уч авлод учрашуви” тадбирларида кўришимиз мумкин. Чирчиқ шаҳридаги “Ифтихор” маҳалласида жойлашган 7-сонли ҳамда “Камолот” маҳалласидаги 20-сонли мактабда шаҳар ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, “Нуроний” жамғармасининг шаҳар бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларни ушбу ташаббуслар сирасига киритиш мумкин.

Учрашувда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда сўзга чиққанлар маънавий мероснинг инсон камолотида ўрни хусусида фикр юритиб, бугунги кунда тинчлик, халқ бирлиги, якдиллиги, унинг бунёдкорлик ишларида бирлаша олиши ҳам тинчликка, ҳам тараққиётга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир самимий суҳбат, маърифий чиқишлар ва куй-қўшиқлар ҳамоҳанглигида янада файзли кечди. Айниқса, кекса нуронийларнинг донишмандлик ва ибрат тўла ҳаётидан сўзлаган ҳикоялари ёшлар учун чинакам инсонийлик сабоғига айланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги Маданият марказида ҳам маънавий-маърифий тадбирлар доирасида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда бой ҳаётий тажрибага эга нуронийлар иштирок этиб, ёшларга ҳаёт йўлида дуч келган синовлар тўғрисида гапириб беришди. Шунингдек, ўз тенгдошлари орасида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб турган ёшлар сўзга чиқиб, ўз муваффақиятларининг сири ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Аслини олганда, тарихий қадриятларнинг авлоддан-авлодга ўтиши, маънавият асосларининг мустаҳкамланиши ва жамиятда қарор топиши, келажак авлоднинг миллий ғоя асосида вояга етиши кўп жиҳатдан кекса отахон ва онахонларнинг сабоқлари, катталарнинг йўл-йўриқ ва кўрсатмалари билан амалга ошади. Нуронийлар иштирокида ташкил этилаётган маънавий-маърифий учрашувларнинг туб моҳиятида ҳам айни мақсадлар мужассамдир.

Майсара НАЗАРОВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan