Кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ёшларнинг шижоати бирлашган жойда юксалиш бўлади. Хоразмда ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” ана шундай маънавий ворисликнинг ёрқин намунасига айланди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан Урганч шаҳридаги “Аср” тантаналар мажмуасида ўтказилган тадбир кекса авлод вакиллари ва ёшларни бир даврага жамлади.
Учрашувни жамғарманинг вилоят бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Рустам Султонов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан нуронийларни эъзозлаш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳудудда амалга оширилаётган ишларнинг амалий самарасига алоҳида тўхталди.
Тадбир аввалида кўҳна ва боқий Хоразмнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшган отахон ва онахонлар мусиқа садолари остида иззат-икром билан кутиб олинди. Халқаро Махтумқули мукофоти лауреати Қурбон Муҳаммад Ризо ва Ҳазорасп тумани “Бувижонлар мактаби” раҳбари Дилором Юсупованинг ўгитлари тадбирда қатнашган ёшлар учун ҳақиқий ҳаёт дарси бўлди.
Урганч шаҳридаги 7-мактаб ўқувчиси, “Болалар ҳаракати”нинг “Иқтидор” йўналиши сардори Аслонбек Ёвқачев кексаларнинг босиб ўтган шонли йўллари бугунги ёшларга алоҳида ўрнак бўлишини таъкидлади. Бир пиёла чой устидаги қизғин ва самимий суҳбат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Санъаткорларнинг дилрабо куй ва қўшиқлари даврага файз киритди.
Фаоллар муносиб рағбатлантирилди.
Шавкат СУЛТОНОВ,
“Нуроний” мухбири.