9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Маълумотларга қараганда, Иккинчи жаҳон урушига жалб этилган ватандошларимиз сони 1 миллион 950 минг нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич ўша даврдаги аҳолининг қарийб учдан бир қисмига тўғри келган. Урушда ҳалок бўлганлар сони 538 мингдан зиёд, бедарак йўқолганлар эса 158 минг нафардан ортиқ экани кўрсатилмоқда. Шунингдек, 4 минг 555 нафар ўзбекистонлик хотин-қизлар фронтга сафарбар этилган.
Жорий йилнинг 6 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари (уруш қатнашчилари ҳамда унга тенглаштирилганлар) жами 60 нафарни ташкил этади.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронторти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Кекса нуронийлар ҳолидан хабар олинди, уларга Президент табриги ўқиб эшиттирилиб, совғалар топширилди.
Йўқлов тадбирлари давомида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 104 ёшли Муҳаммадиброҳим ота Иномов хонадони, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи, яқинда қутлуғ 100 ёшни қарши оладиган Антонина Коломенсева хонадони, Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бекчон ота Матназаров хонадони, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи фронторти меҳнат фахрийлари хонадонлари жуда гавжум бўлди. Уларга давлатимиз раҳбарининг совғалари ва табриги етказилди.
Наманган вилояти Чуст туманида 30 нафар фронторти меҳнат фахрийлари ҳаёт кечирмоқда. Байрам кунлари туманнинг “Ҳисорак” маҳалласида яшовчи Собирахон ая Мунавварова, “Сабзазор” маҳалласида истиқомат қилувчи Аминжон ота Валиев ҳамда бошқа нуроний фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари тақдим этилди. Кексалар дуога қўл очиб, тинч-омон замонга шукрона айтишди, эл-юртимизга тинчлик-омонлик тилашди.
Шунингдек, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган, ҳозирда Навоий вилояти Кармана туманида яшаётган 97 ёшни қарши олган Ҳ.Эгамов ҳамда 90 ёшни қарши олган фахрий ўқитувчи Х. Раҳматовларнинг хонадонига “Нуроний” жамғармаси Навоий вилояти бўлими раиси Шабон Набиев, маҳалла фаол нуронийлари, ўқувчи-ёшлар бориб, жамғарма томонидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Сана муносабати билан Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фронторти меҳнат фахрийси Моҳиниса ая Қўчқорова ҳолидан хабар олинди. Вилоятнинг Чиноз туманида истиқомат қилувчи 101 ёшли меҳнат фахрийси Қўйсиной ая Мансурова хонадонига йўқлаб борилди. Кексалар Юртбошимизнинг нуронийларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, давлатнинг эътиборидан мамнун бўлиб, дориломон кунлар учун шукрона айтиб, дуоларга қўл очдилар.
Дарҳақиқат, юртимиз бўйлаб ташкил этилаётган йўқлов тадбирлари, ҳар йили анъанавий тарзда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини моддий рағбатлантиришнинг ташкил этилиши байрам тадориги бўлибгина қолмай, Ўзбекистонда инсон қадри улуғ экани, донишманд ва улуғвор халқимизнинг долғали йилларда кўрсатган буюк жасорати юксак эътирофга муносиб эканини яққол кўрсатмоқда.
С.СОБИРОВА.