15 май — Халқаро оила куни

Оила нафақат шарқ халқлари, балки бутун инсоният учун муҳим ижтимоий институт саналади. У ўзаро бирдамлик, маънавий уйғунликнигина англатиб қолмай, ўз навбатида, давлат ва жамиятнинг асосий таянч воситаларидан ҳисобланади. 15 май халқаро миқёсда оила куни сифатида нишонланишида ҳам рамзий маъно бор. Аввало, шуни таъкидлаш керак: 1993 йилда мазкур сана Халқаро оила куни (International Day of Families) деб белгиланди. Бу, ўз-ўзидан, давлат ва жамиятлар кун тартибига жиддий масалаларни чиқарди. Иқтисодий қийинчиликлар, тарбия, гендер тенглиги, миграция, ёшлар масалаларини ер юзи аҳолисининг эътибор марказига қўйди.

Бунга қўшимча, оила нафақат шахсий ҳаёт, балки ижтимоий келиб чиқишнинг ўзаги, негизидир. Фарзандлар миллий ўзлик асосларини дастлаб оилада таний бошлайди: тил ўрганади, қадриятларни қабул қилади, яхшини ёмондан ажратишни ўрганади, атроф, табиий муҳитга, жамият аъзоларига муносабат шаклланади. Шу сабабдан, оилавий муҳитнинг соғлом бўлиши, унда интеллектуал ва ишбилармонлик салоҳияти юқори бўлиши, ҳаётга бўлган муносабат шакллари сифат даражасига кўра бутун бошли жамиятнинг барқарорлигига таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, мамлакатда жиноятчилик даражаси, камбағаллик ва руҳий муаммоларнинг оила билан боғланиши ҳам бежиз эмас. Агар оила мустаҳкам бўлса, бу — кўп жиҳатдан ота-онага ва кекса ёшдаги нуронийларга боғлиқ — мазкур ижтимоий муаммоларнинг дастлабки кўринишларида олди олинади.

Учинчидан, оилалар фарзанд парвариши, кексаларга ғамхўрлик, шунингдек, оила аъзолари ўртасида ресурсларни тақсимлаш масъулиятини елкасига олгани ортидан давлат иқтисодиётига енгиллик бериб, унинг зиммасидаги юкни камайтиради.

Энг муҳими, оила эмоционал таянч вазифани бажариб, зарур вақтда кишига руҳий қўллаб-қувватлов, рағбат, бир-бирини тушуниш каби психологик ёрдам кўрсатади. Айниқса, замонавийлик билан боғланадиган уч тушунча: технология, урбанизация ва индивидуализм кучайгани сари оила қадриятларининг заифлашиб бораётгани мазкур сананинг шунчаки байрам сифатида нишонланишидан ҳам кўпроқ оилага бефарқ бўлмаслик сигнали эканини кўрсатмоқда.

— Дунё давлатларида оила институтига ёндашув турлича шаклланган бўлиб, у миллий қадриятлар, маданият, дин ва ижтимоий сиёсат билан боғлиқ. Масалан, Ғарб давлатларида шахсий эркинлик, гендер тенглиги ва индивидуал ёндашув устун бўлса, Шарқ мамлакатларида анъанавий оилавий қадриятлар, катталарга ҳурмат ва жамоавий масъулият муҳим ҳисобланади, — дейди психолог Индира Раҳимова. — Айрим мамлакатларда давлат томонидан оилани ижтимоий ҳимоя қилиш, туғилишни қўллаб-қувватлаш ва психологик хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Хусусан, Ўзбекистонда оила институтининг кучли томонлари, аввало, оилавий қадриятларнинг мустаҳкамлиги, қариндош-уруғчилик муносабатларининг сақлангани, катталарга ҳурмат ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитининг мавжудлигида кўринади. Бу ҳолат ёшлар тарбияси, маънавий барқарорлик ва ижтимоий бирдамликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, айрим муаммоли жиҳатлар ҳам мавжуд. Хусусан, ёшларни оилавий ҳаётга психологик тайёрлаш етарли даражада эмаслиги, айрим оилаларда мулоқот маданияти пастлиги, эрта никоҳ, ажримлар сонининг ортиши ва иқтисодий босимлар оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, замонавий ахборот муҳити ва глобаллашув жараёнлари ҳам анъанавий оилавий қадриятларга маълум даражада таъсир қилмоқда.

Дарвоқе, оилалар билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда оила институтини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, маҳаллаларда муаммоли оилалар ва ёшларнинг кекса нуронийларга бириктирилиши, жамиятда ижтимоий ҳимоянинг кучайгани, камбағалликка қарши ҳаракатлар давом этаётгани, аҳолининг турмуш фаровонлигига эришишга ҳар томонлама кўмаклашилаётгани, маънавий-маърифий тарғибот ишлари жойларда ташкил этилаётгани айни масалаларга мувофиқ ечим топиш ва зиддиятли вазиятлар ҳамда салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган.

Оилани асраш, унда соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш хусусида гап кетганда, узоқ йиллардан бери бирга бахтли яшаб келаётган намунали жуфтликларнинг оила моделига эътибор қаратиш, ибратли томонларини оммалаштириш катта аҳамиятга эга.

Тўғонбековлар оиласи “3-Чарх Камолон” маҳалласининг ибратли хонадон соҳиблари бўлиб, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшашади. Ҳасанбек ота ва Дилфуза ая 49 йилдан буён бирга яшаб келишмоқда. 4 нафар фарзандни тарбиялаб, барчасини олий маълумотли қилишган. Ҳасанбек ота маҳалла миқёсида ташкил этиладиган ишларда, хусусан, маҳалла инфратузилмасини яхшилашда муносиб фаоллик кўрсатиб, ташаббускорлиги, инсонпарварлиги билан маҳалла аҳлининг меҳрини қозонган. Дилфуза ая “Камолон”нинг “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзоси. Таниган-билганлар онахонни намунали оила бекаси, меҳрибон она сифатида эътироф этади.

Йўлдошевлар оиласи 51 йилдан буён аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Мазкур оилада туғилиб-ўсган 3 нафар фарзанднинг ҳаммаси олий таълим таҳсилини олган. Ҳозирда улар иқтисод, тиббиёт ва тадбиркорлик соҳаларида ишлаб, эл-юрт тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Боқижон ота ва Холида ая меҳнат фаолияти давомида, шунингдек, бугунги кунда ҳам жамиятда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий кўмак кўрсатишга эътибор қаратиб, 7 нафар набираси, шунингдек, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатади, уларни илму маърифатга, ишбилармонликка, замонавий кўникмаларни ўзлаштиришга рағбатлантиради. Бу икки нуроний турмушдан саодатга эришиш учун оилавий қадриятларни улуғлаш, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш, бир-бирини тушуниб яшаш ва қўллаб-қувватлаш каби жиҳатларга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайдилар. Уларга кўра, оила мустаҳкам бўлсагина, жамият юксалиши мумкин. Маҳалла-кўй, қўйингки, мамлакатнинг миллий қиёфасини айнан ана шу кичик жамият — оиладаги муҳит, кайфият, одоб-ахлоқ ва урф-одатлар белгилайди.

Ҳусанхўжаевлар хонадони ҳам туманнинг кўзга кўринган ибратли оилаларидан. Ўлмас ота Ҳусанхўжаев техника фанлари номзоди, доцент, Тошкент архитектура-қурилиш университети гидротехника ва геотехника муҳандислиги кафедраси профессори лавозимида фаолият юритган. 62 йиллик меҳнат стажига эга, ҳозир нафақада. Ўлмас ота I даражали “Меҳнат фахрийси” ҳамда “Гидроэнергия ифтихори” кўкрак нишони соҳиби. Муқаддасхон аянинг ҳам тиббиёт соҳасидаги узоқ йиллик меҳнатлари қадрланиб, “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Набиралар бобо-бувисининг ярим асрга тенг умр фалсафасидан ибрат олиб, камолга етмоқда. Бугунги кунда улар турли олийгоҳларда таҳсил олиб, фан олимпиадаларида қатнашиб келмоқда.

“Қуш уясида кўрганини қилади”, дейдилар. Худди шундай, Тўғонбековлар, Йўлдошевлар, Ҳусанхўжаевлар қатори Чилонзор туманининг қатор намунали оилалари, хусусан, Ҳакимовлар, Султоновлар оиласида оила бошлиқларининг туриш-турмуши, гап-сўзи, халқ орасидаги обрў-эътибори, турмуш тутумлари нафақат фарзандлар, балки набираларга, маҳалла-кўйнинг ўғил-қизига ҳам намуна бўлмоқда. Ёшлар уларнинг ибратли, тинч-тотув оила моделига асосан, эл-улус орасида қадр топиш, обрў-эътибор қозониш учун, аввало, шахс камолоти ва оила институтларининг мустаҳкамлиги, барқарорлиги бирламчи аҳамият касб этишини англаб бормоқда.

Дарвоқе, жамиятни тарбиялаш ҳақида узоқ йиллардан бери гапириб келинади. Аслида, ўзгариш ҳар бир шахс тарбиясидан бошланишини инобатга олсак, бу жараёнда оила, устозлар ҳамда маҳалланинг роли нақадар катта эканини пайқаш мумкин.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan