Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғининг ўз тарихи, файзи, баракаси бор. Бу бетакрор гўша одамларининг меҳмондўстлиги, пиру бадавлат нуронийларининг хокисорлиги, бебаҳо табиати, бободеҳқонларининг меҳнати, тоза ҳавоси билан тилларда достон.

Шаҳанд қишлоғининг “Бозорбоши” маҳалласи аҳли азалдан кулолчилик билан шуғулланиб келсалар, “Мажнунтол” маҳалласидагилар қандолатчилик билан донг таратишган. Йўлдошали кулол, Шарифхон оталар қўлида сайқал топган кулолчилик маҳсулотлари харидоргирлиги билан машҳур бўлган.

“Манжунтол”даги пиру бадавлат нуронийларнинг дуолари элни асрамоқда. Ана шундай нуронийлардан бири Қумринисо ая Темирова бўлиб, момо табаррук 101 ёшни қарши олдилар.

— Қумринисо она билан эллик йилдан буён қўшни бўлиб яшаб қеламиз, — дейди Абдимутал ота Акромов. — Шаҳанд азалдан буюклар юрти бўлиб, Мирзо Бобур ҳам шу юртнинг фарзанди эканлигидан фахрланамиз. Оллоҳ  момонинг умрларини зиёда қилсин. Момо маҳалламизнинг ёшу қарисига бирдек меҳрибон. Ширин сўзлари билан барчага ибрат бўлиб келяптилар.  “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл” деган нақл бежиз айтилмаган. Қумринисо момо қўлларини доимо дуога очиб, юртимизга тинчлик, халқимизга  омонлик  тилайдилар.

Қумринисо  момо  ёшлик йилларини шундай хотирлайдилар:

— Ёшлигимизда колхознинг пилласини етиштириб, фарзандларимизни оғир меҳнат билан улғайтирдик. Бир парча нон топиш машаққат эди. Бунинг учун кеча-кундуз елиб-югурардик. Ҳозирги замондан айланай. Давлатимиз раҳбари биз, кекса авлод вакилларининг ҳурматини жойига қўйганликлари учун раҳматлар айтамиз. Илоҳо, умрлари узоқ бўлсин. Барча шароитларни яратиб беряптилар. Қишлоғимиз одамлари азалдан қандолатчилик билан  шуғулланиб, рўзғор тебратишган.

Дарҳақиқат, ҳозирда ҳам Шаҳанд ҳолвапазларининг тайёрлайдиган парварда-ю новвотлари, печак, дондон қандлари, саванак, пашмак, кунжутли  ҳолвалари элга машҳур.

Момо ёстиқдоши Икромхон ота билан 6 нафар фазандни тарбиялаб, вояга етказди. Турмуш ўртоғи Икромхон отанинг вафотидан сўнг фарзандлар тарбияси билан Қумрихон аянинг ўзи астойдил шуғулланиб, уларни элга қўшди. Турмуш қийинчиликларини ортда қолдириб, болаларини оқ ювиб-оқ таради. Уларни соғ-омон улғайтирганига шукроналар айтди. Онахон ҳозирда ҳам  ўзлари мустақил равишда ҳаракат қилиб, бировга оғирларини  туширмайдилар. Кўриш ва эшитиш қобилияти яхши.

Инсоннинг боши тошдан ҳам қаттиқ дейишади. Момонинг Турсунмуҳаммад ҳамда Нурмуҳаммад исмли фарзандларининг бевақт вафоти онахонни анчайиб ғамга ботириб қўйди. Шунда яқинлари, қишлоқ аҳлининг ширин сўзлари момога анчагина далда бўлди. Момонинг 27 нафар набира, 74 нафар чевара ва 17 нафар эвараси бор. Кенжа фарзанди Шермуҳаммад Темиров билан бирга яшаётган онахонга келини Шаҳрибону қарашиб туради. Бундан  момо хурсанд.

Наманган вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, Тўрақўрғон туман ҳокими Шерали Қосимов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Одилхон Хўжаевлар имзоси билан фронторти меҳнат фахрийси бўлган Қумринисо момо Темировага “Табрикнома”лар ҳамда эсдалик совғалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 февралдаги Фармонига мувофиқ,   “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик  медали ва совғалари  топширилди.

Одилхон Хўжаевнинг таъкидлашича, туманда 27 минг нафардан ортиқ нуроний бўлиб, Қумринисо ая Темирова туманда икки асрга гувоҳлик берувчи ягона нуроний ҳисобланади. Кўпчиликнинг йўли Шаҳандга тушиб қолгудек бўлса, албатта, момодан дуо олиб қайтишади.

Агар йўлингиз тушиб, Тўрақўрғонга бориб қолгудек бўлсангиз, тўрақўрғонлик 101 ёшни қаршилаган Қумринисо момонинг дуоларини олинг. Шунда қадимий Ахсикент археология парки ёдгорликлари ҳамда “Исҳоқхон Ибрат — қатағон қурбонлари хотираси” музейини ҳам зиёрат қилиб қайтасиз.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan