Инсон умри асрларга татигулик жасорат ва сабр мактабидир. Айниқса, бир асрдан зиёд умр кўриб, тарихнинг энг суронли йилларини ўз елкасида кўтариб келган нуронийлар ҳақида сўз кетганда, қалбимизда фахр туйғуси жўш уради. Қамаши туманидаги “Манғит” маҳалласида истиқомат қилаётган, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 116 ёшли Рўзибой бобо Сатторов билан суҳбатлашиб, бунга яна бир карра амин бўлдик.

Рўзибой бобонинг ёшлик йиллари мамлакатда колхозлаштириш ва оғир меҳнат даврига тўғри келди. 1941 йилда юрт бошига мусибат тушганда, Қамашининг биргина қишлоғидан 25 нафар навқирон йигит қаторида у ҳам фронтга йўл олди. Россия ўрмонларидаги бир ойлик шиддатли ҳарбий тайёргарликдан сўнг ҳақиқий жанг майдонига кирди.

— Командирларимиз ўрмон ичкариси хавфли эканини айтишганди, —дейди отахон ўз таассуротлари билан ўртоқлашаркан, — Бирга келган ака-ука шерикларим билан эҳтиётсизлик қилиб, ичкарилаб кетдик. Кутилмаганда биримиз, сўнг иккинчимиз ерга қулади… Дарахт тепасига писиб олган немис снайперлари уларни нишонга олган экан. Урушнинг нақадар лаънати ва аёвсиз эканини мен ўша лаҳзада англадим…

Рўзибой бобо уруш йилларида ўнг оёғидан оғир яраланди. Саккиз ойлик муолажадан сўнг ҳали жароҳати тўлиқ битмай туриб, яна сафга қайтди. Изғирин, совуқ ва зах ўрмонлар оғриқни қайталаса-да, иродасини бука олмади. У 1941 йилдан то 1945 йилнинг сентябрига қадар фронтнинг энг қайноқ нуқталарида бўлди. Берлингача бориб, шаҳар озод этилишида жасорат кўрсатди. Уруш тугагандан сўнг ҳам 1948 йилгача ҳарбий хизматни давом эттириб, юртига ёруғ юз ва ғалаба билан қайтди.

Жанг майдонларидаги шижоат тинчлик давридаги бунёдкорлик меҳнатига уланди. Бобо Ғузор ва Яккабоғ туманларидаги хўжаликларда йиллар давомида ҳалол меҳнат қилди. Унинг кўксини безаб турган  орден ва медаллар — ҳар бир суронли кун, ҳар бир жасоратли қадамнинг гувоҳидир.  Рўзибой Сатторовнинг “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медали билан тақдирланиши нафақат оила аъзолари, балки бутун воҳа аҳлини қувонтирди.

“Манғит” маҳалласи раиси Сардор Абдуллаев таъкидлаганидек, бобонинг хонадони бугун ёшлар учун маънавият ва ватанпарварлик масканига айланган. Рўзибой ота давлатимиз раҳбарининг нуронийларга кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлигидан бахтиёр. Ҳар бир байрамда шахсан Президентимиздан келаётган ташаккурномалар, совға-саломлар унинг кучига куч, ҳаётига мазмун бағишламоқда.

Рўзибой ота ва раҳматли Турсуной момо беш нафар фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияладилар. Бугун отахон ўғли Абдурасул Сатторов хонадонида, келини Дилрабо Фармонованинг алоҳида меҳр ва парваришида, невара-чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Бўлмасам-чи,  бир асрлик заҳматларни енгган инсон учун фарзандлар эъзози ва неваралар ардоғидан ортиқ мукофот йўқ. Дарҳақиқат, аждодлар жасорати ҳамда авлодлар меҳри туташган масканда тотувлик мангу яшайди. Бунга Рўзибой отанинг ибратли ҳаёти яққол мисол, албатта.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan