Ҳассос шоир Муҳаммад Юсуф: “Момолар ҳар қайда бор, бизда бори қайда бор” деб ёзганида минг бор ҳақ эди-да. Бунга Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи Сўнажон момо Полвонова билан суҳбатда яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Момо бу йил 88 ёшга кирадилар. Сўзи бутун, чеҳраси нурли, фикри қатъиятли. 14 фарзандни дунёга келтирган она ўз даврида “Олтин юлдуз” таққан. 14 фарзанднинг уч нафари вафот этиб, 11 нафари улғайган. Шулардан 2 нафари ўғил, 9 нафари қиз.
— Олти ўғилли хонадоннинг бешинчи келини бўлганман, — дейдилар онахон. — Уч қайноғам урушга кетиб, биридан қорахат келган экан. Иккитаси эса ногирон бўлиб қайтишган. Фарзанд доғида куйган ота-онага осон эмас. Қайнота-қайнонам жуда сабрли, меҳнаткаш бўлганлар… Қайнонам Ниёзжон момо 11 боламнинг барини яхши кўрган. Ширинсўз, ювош эдилар. Улар билан 20 йил бирга яшадим. Шунгача доим ёнимда маслаҳатгўйим бўлганлар. Қизларимнинг тарбиясига, айниқса, жиддий қарардилар.
Сўнажон момо билан анча суҳбатлашдик. Суҳбат давомида 47 йил оддийгина ҳайдовчи бўлиб рўзғор тебратган турмуш ўртоғи Мадрим ота ҳақида, болаларни катта қилишдаги қийинчиликлар, рўзғоридаги борлик, йўқликлар хусусида бирор марта ҳасрат қилмадилар. Аслида оила муқаддаслиги, тотувлик, аҳилликнинг барқарор бўлиши ҳам шундай олий фазилатлар туфайли бўлади-да.
Аёнки, худди шундай яхшиликка суяниш фазилати Мадрим отага ҳам хос. Қўша қариш саодатига етган бу икки нуроний бир пайтлар синфдош бўлиб, бир партада ўтиришган. Ўқувчилик даврида ёнма-ён юриб, далада пахта теришган. 70 йилдан буён бир оиланинг тозадил жуфти бўлиб ҳаётнинг пасту баландида бир бирига суянч бўлишган. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга тотишган. Тўққиз қизни узатиб, икки ўғилни уйлантириб, элга дастурхон ёзишган. Айтмоққа осон бу.
Мадрим ота Мадаминов китоб ўқишни жуда яхши кўради. Айтишича, шу кунда Абу Ҳамид Ғаззолийнинг “Сабр ва шукур” асарини ўқияпти. Томорқадаги йигирма тупдан кўпроқ мевали дарахтларнинг парваришига ҳалигача отанинг ўзи бош-қош. Сўнажон момо эса ўнта товуққа дон ва сув бериб, тухумини олишга одатланган. Жуда жонсарак, ҳаракатсизликни ёқтирмайди. Бундан ташқари, Мадрим отанинг парваришига ҳам ўзи қарайди.
Қутлуғ хонадонларидан меҳмон аримайди. 11 фарзанд, 36 нафар невара, 48 нафар чевара бор уйдан меҳмон арирмиди?! Кимдир ўқишга кирганини, кимдир ишхонасидаги ютуққа эришганини суюнчилаб қувонтириш учун, яна кимдир тўйми, бирор йиғин қилишни режалаётгани айтиб, маслаҳат олиш учун келаверади. Агар шу ҳовлида байрамми, туғилган кунми нишонланса, энг катта дастурхон ҳам кичиклик қилади, тўғриси.
Улар истиқомат қилаётган “Қадрият” МФЙ раиси Ойбиби Ортиқова ёш оилаларга иноқ-аҳил яшаш борасида насиҳатлар қилиб бериш учун учрашувларга таклиф қилади. Мадрим ота ҳам, Сўнажон момо ҳам гарчи тўқсон ёш арафасида турсалар-да, элга ҳамиша керак эканликларини ҳис қилиб, доимо мамнун юрадилар, Яратганга чексиз шукроналар айтадилар. Ҳа, қўшкўпирлик қўша қариган отахон ва онахон бугун барчанинг иззат-икроми ва эътиборида. Орамизда шундай нуронийлар бор эканлар, ҳаётимиз янада чароғон бўлаверади, албатта.
Замира РЎЗИЕВА
“Нуроний” мухбири.