Қўша қариш саодати — яратган ўз бандаларига инъом этган неъматлардан биридир. Юртимизда бундай бахтга эришган оилалар бисёр. Улардаги турмуш тутуми, азалий қадриятларнинг бардавомлиги бугунги кун ёшларига улкан ибрат ҳамда намунадир.
Навоий шаҳар Маънавият ва маърифат марказида “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ташаббуси билан “Қўша қариш саодати” тадбири ташкил этилди.
Унда “Ёшлик” маҳалласида 53 йилдан бери бирга яшаб келаётган Насим Норов ва Хулиса ая Эргашева, “Ҳумо” маҳалласида 51 йилдан бери бирга яшаб келаётган Ҳамид ота Шарипов ва Норхол ая Тоғаева, “Истиқлол” маҳалласида 53 йилдан бери бирга яшаб келаётган Рамазон ота Наврўзов ва Мусаллам ая Наврўзовалардан иборат уч аҳил жуфтлик давра тўридан жой олди.
Учрашувда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви бўлим бошлиғи Нодира Мусаева, жамғарманинг вилоят бўлими раиси Шабон Набиев, фаол нуронийлар ҳамда ёш оилалар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, оила муқаддаслиги, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби қадриятлар ҳақида сўз юритилди. Кексаларнинг ҳаётий тажрибаси ёш авлод учун муҳим ибрат экани таъкидланди.
Учрашувда сўз олган, қўша қариш саодатига эришган нуроний отахону онахонлар ёшларга ўзларининг ҳаётий сабоқларини бердилар. Улар ўз сўзларида Ватанни севиш, халққа муносиб хизмат қилиш, турмуш синовлари олдида мустаҳкам ирода эгаси бўлиш, машаққатларни биргаликда енгиб ўтиш, бу масалада фарзандларга ибрат бўлиш, уларга касб-ҳунар ўргатиш зарурлигини қайд этдилар.
Тадбир якунида узоқ йиллар бирга умр кечириб келаётган нуроний отахон ва онахонларга эсдалик совғалари топширилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди.
Майсара Назарова.