Юртимизда аср билан юзлашган нуронийларимиз борки, уларнинг босиб ўтган ҳаёт ва фаолият йўллари барчамиз учун ўзига хос ҳаёт дорилфунуни бўлиб хизмат қилади. Негаки, уларнинг умр йўлларида бошдан кечирганлари, синовлардаги тобланишлари, оила қуриб, комил фарзандларни тарбиялаб, эл-юрт хизматига сафарбар этишдаги фидойиликлари бугун ҳар бир инсон ўрганиши керак бўлган фазилатлардан ҳисобланади. Уларнинг ҳар қандай синов, тақдир зарбалари қаршисида ҳам матонат билан туриб, инсон деган номга доғ туширмай, ўзликларини сақлаб қолганликларининг ўзи алоҳида ҳикоя, албатта.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Фаробий” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 103 ёшли табаррук онахон — Асия Башировани ана шундай юртдошларимиздан бири десак, хато бўлмайди.
Рамазон ойи муносабати билан аянинг хонадонига ташриф буюрган маҳалла фаоллари ва нуронийларни онахоннинг ўғли Борис ака ва рафиқаси очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Онахон яшайдиган хона шинамгина, аяга қулай қилиб жиҳозланган. Диванда ўтирган, вақтнинг аёвсиз чиғириғидан омон ўтиб келаётган бу ушоққина жуссали онахонни кўриб, кўнглингиз ёришиб кетади.
Асия она ҳам Иккинчи жаҳон уруши заҳматларини чекканлардан. Турмуш ўртоғи Маъсуд Баширов билан биргаликда урушдан кейинги йилларнинг машаққатларини бошидан ўтказган. Эри ҳарбий, ўзи эса тиббиёт соҳасида меҳнат қилган. Уч нафар фарзандларини тарбияли, ўқимишли, эл-юрт корига ярайдиган қилиб тарбиялаганлар. Бугунги кунда йигирма нафар набира, кўплаб эвара, чевараларнинг меҳрибони бўлиб ўтирибди. Бир-бирига суяниб, далда бериб, биргаликда фарзандлар, набиралар камолини кўрамиз, деб ният қилган эдилар. Аммо турмуш ўртоғи 49 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Дастлаб бу кутилмаган қайғудан қаттиқ тушкунликка тушиб, ўзини йўқотиб қўйди, аммо унинг кўзига термулиб турган фарзандлари учун ҳам яшаши кераклигини ҳис қилди. Фарзандларига бор меҳрини бериб, ҳам ота, ҳам она бўлиб, орзуларига етишишларига кўмаклашди. Ўғиллари отасининг касбига бўлган қизиқишлари туфайли ҳарбий бўлишни хоҳладилар. Онахоннинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли фарзандлари ўз соҳасининг етук кадрлари бўлиб етишиб, эл-юртга, Ватанига сидқидилдан хизмат қилдилар. Онахон билан бирга яшайдиган ўғли Борис ака ва келини Раиса опа ҳам онахоннинг дуолари сабаб, 5 нафар фарзандни вояга етказиб, бир этак невара-эварага бош бўлиб, 56 йилдан буён биргаликда намунали ҳаёт кечириб келмоқдалар.
Дарҳақиқат, бундай ёши улуғ инсонлар — оилаларимизнинг дуогўй фаришталари, юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга руҳий мадад берувчи, ўз дуолари билан барака улашгувчи мураббийлардир. Уларни эъзозлаш эса бизнинг муқаддас бурчимиз саналади.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.