дейди Боқимат ота

Фарзанд инсон учун шундай неъматки, у билан ҳаёт гўзал, умр сермазмун, нимаики бўлса, унга илинади, олисга борса, соғиниб талпинади. “Болаларимиз учун яшаб юрибмиз-да” деган маталнинг тагзаминида ҳам фарзанд келажаги йўлидаги ўзбекона фидойилик, матонат мужассам, албатта.

Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Булоқбоши” МФЙ Маданият кўчасида истиқомат қилувчи Боқимат ота Сатторов бу йил юз ёш билан юзлашдилар. Отахон 1926 йилнинг айни қаҳратонида таваллуд топганлар.

Иккинчи жаҳон урушининг совуқ нафаси ёш Боқиматни отадан айиради. Унинг отаси Абдусаттор ота колхозда ишчи бўлган эди.

Болалик даврида мактабда бошланғич таҳсилни тиришқоқлик билан олган Боқимат ота ўн тўрт ёшида колхозда табелчи бўлиб иш бошлайди. Ундан кейинги йилларда қишлоқ советида котиб ва раис ўринбосари вазифаларида меҳнат қилади. Иш фаолиятидаги натижалари инобатга олиниб, 1970 йилда Германияга саёҳатга юборилади. Иккинчи жаҳон урушининг қақшатқич жанглари кечган ерларни ўз кўзи билан кўриб, ўша тупроқларда қолиб кетган ватандошлари, жангда ҳалок бўлган отасининг руҳига қуръон тиловат қилади. Шу билан кўнглидаги армонларининг бир қадар енгиллаганини ҳис қилади. Отахон узоқ йиллик меҳнат фаолиятидан сўнг 1987 йилда нафақага чиққан.

Боқимат ота фарзандларини олий маълумотли, эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялаган. Отанинг ўзи ҳам ҳалоллиги, тўғрисўз ва талабчанлиги туфайли халқ орасида обрў топган. Отахоннинг ўзи яшаб турган қишлоқни ободонлаштириш, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш, боғлар барпо этиш, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олишга қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Боқимат отанинг хонадони ҳамиша гавжум. Унинг маслаҳат ва дуоларини олгани келувчилар жуда кўп. Отахон фарзанду набиралар, эвара-чеваралар қуршовида, ардоғида кексалик гаштини суриб, ҳар бир кун, эътибор ва эъзоз учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдирадилар. Набираларига фақат ўқиб, билим олиш,  ҳалол меҳнат қилиш инсонни улуғ мартабага, ҳурматга эриштиришини қайта-қайта такрорлайди.

Отанинг тўққиз нафар фарзанди, 33 нафар набираси бугун эл-юртга ибрат. Отахоннинг катта қизи Ҳабибахон Сатторова  узоқ йиллар тумандаги 27-сонли мактаб директори лавозимида ишлаган. Ҳозирда “Боғ” маҳалласида МФЙ фаоллари билан биргаликда  ёшларга ҳаёт сабоқларини бериб келмоқда. Иккинчи қизлари Мунира Сатторова тумандаги Тергачи туғруқхонасида узоқ йиллар ҳамшира бўлиб ишлаган. Ҳозирда нафақада. Учинчи қизлари Раҳима Сатторова Булоқбоши қишлоғидаги “Правда” колхози боғчасида тарбиячи бўлган. Ўғли Маҳмуджон Сатторов 36 йил давомида 24-сонли мактабда ўқитувчилик қилиб, ўқувчиларга география, биология фанларидан сабоқ берган. Яна бир фарзанди Баҳодир Сатторов тадбиркор сифатида  фаолият олиб борган. Олтинчи фарзанди Орифжон Сатторов гидрометеорология соҳаси бўйича диссертация ёқлаб, олимлик даражасига эришган. Бугунги кунда набиралари ва эваралари ҳам касб-ҳунар эгаллаш, эл-юрт учун муносиб хизмат қилиш йўлида ҳаракат қилмоқдалар.

— Фарзанду набираларим, эвараларим — ҳаётимнинг мазмуни, — дейди отахон миннатдорлик билан. — Уларга қараганимда ўзимни, болалигимни, куч-қувватга тўлган навқирон ёшлигимни кўраман. Шундай кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтаман…

Асолат АҲМАДҚУЛОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan