Содиқжон ТУРДИЕВ, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони.

Янги ЎЗБЕКИСТОНДА нуронийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини асраш, турмуш шароитини яхшилаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида барчамизда чуқур шукроналик ҳиссини уйғотмоқда.

Айниқса, маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни касб-ҳунарли, билимли, салоҳиятли қилиб ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида Президентимизнинг нуронийларга билдираётган  юксак ишончи ва эътибори уларга куч-қувват бериб, ғайратлантириб юборди, десак, муболаға бўлмайди.

Кексалар ҳаёт мактаби, сабр-тоқат, ҳалоллик ва фидойилик тимсолидир.  Бугун нуронийлар маҳалланинг маънавий устуни ва ёшлар тарбиясида замонавий таълим ҳамда миллий қадриятларни бир-бирига туташтирувчи маънавий кўприкка айланди. Ёшларга ҳаётий тажрибаси, ибратли маслаҳатлари билан йўл кўрсатаётган отахон ва онахонларимиз маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Дунёда нотинчликлар содир бўлётган, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган бугунги кунда маҳаллаларда ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, ёшлар тарбиясига, айниқса, уларни турли зарарли одатлар таъсирига тушиб қолмаслигига  алоҳида эътибор қаратиш энг долзарб масала бўлиб турибди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 26 декабрида Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб, “Юртимиздаги ҳар бир бола, ҳар бир ёш — бизнинг фарзандимиз, уларни гиёҳвандлик чангалига ташлаб қўйишга асло йўл қўймаймиз. Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз”, — деди.

Шунингдек, давлатииз раҳбари мазкур Мурожаатномада: “Олдимизга қўйган мақсадларни фақат ўзимиз — катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, ҳурматли нуронийларимиз, опа-сингилларимиз, серғайрат ёшларимиз, зиёлиларимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз, Ватан посбонлари, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз”, — дея алоҳида таъкидлади.

Мурожаатномада белгиланган вазифалар моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этаётган нуронийлар ўз олдига янги масъулиятли вазифаларни белгилаб олишди ва амалий ишларни бошлаб юборишди.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳам Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида 2026 йил 30 январь куни қабул қилинган қўшма қарорга кўра, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий урф-одатлар ва қадриятлар асосида ҳашар ишларини самарали ташкил этиш мақсадида мамлакатимиз маҳаллаларидаги 159931 та кўчанинг ҳар бирига нуронийларни “кўчабай” бириктириш белгиланди.

Мазкур ҳужжатга кўра, маҳаллалар фаолиятини янада самарали ташкил этишда маҳалла фуқаролари йиғини раиси, унинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси, “маҳалла еттилиги”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг ҳамкорликдаги фаолиятини тизимли равишда амалга оширилишини таъминлашга эътибор қаратилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, маҳаллаларда юзага келаётган кўплаб муаммолар — оилавий низолар, ёшлар бандлиги, ижтимоий бепарволик, жиноятчиликка мойиллик — энг аввало, маънавий бўшлиқ билан боғлиқдир. Бу бўшлиқни эса нуронийларнинг  ҳаётий тажрибаси, ёшларга бўлган меҳри, ишончи, маслаҳат ва ўгитлари билан тўлдириш яхши самараларни бермоқда.

Шунингдек, камбағаллик, ишсизлик ва жиноятчилик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ва маънавий таъсири аҳоли билан ўзаро суҳбатларда, олиб борилаётган тизимли ишларда ижобий самара бермоқда. Чунки ёши улуғларимиз нафақат муаммони кўради, балки унинг сабабини тушунади ва ҳар бир кўчада аҳоли билан суҳбатлашиб, ўзаро ишонч асосида иш олиб боради. Бу эса жойларда ислоҳотлар ижросини самарали таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, бугун аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари билан ишлашда ҳам нуронийлар ўз ҳаётий тажрибалари ва юксак маънавий нуфузи билан фаол қатнашмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли Қарорига кўра, 2025 йилда  мамлакатимизнинг  9452 та маҳалласида 28356 нафар нуроний 211426 нафар камбағаллик реестрида турган оила билан иш олиб боришди. Фаол нуронийларнинг амалий ишлари натижасида 156693 та оила камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик реестрида турган оилаларнинг 130918 нафар фарзандлари қўшимча дарслар ва тўгаракларга жалб этилган бўлса, 27371 нафар ёш ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктирилиб, касб-ҳунар эгаллаши таъминланди.

Камбағаллик реестрида турган оилаларнинг фарзандларига ўқув жиҳозлари, парта ва стуллар, спорт кииймлари олиб берилди. Шунингдек, нуронийлар кўмагида камбағаллик реестрида турган оилаларга бўлиб тўлаш шарти билан техника воситалари (кўчма дўкон, кичик ишлаб чиқариш ускуналари) олиб берилди.

“Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури доирасида нуронийлар давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда фақатгина иқтисодий кўмак бериш билангина чекланиб қолишмаяпти. Балки маънавий тарбия, сабр-тоқат, шукроналик ва меҳнатга ҳурмат каби қадриятларни ёшларга сингдириб, маҳаллаларда боқимандалик кайфиятидан воз кечиш, меҳнат қилиш орқали фаровон ҳаётга эришиш ғоясини ҳам кенг тарғиб этишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллаларда барқарор фаровонликнинг маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилади

Шу билан бирга, нуронийлар оилалардаги муаммоларни барвақт аниқлаб, қийинчиликка тушиб қолган ёшларга тегишли ташкилотлар орқали кўмаклашиб, маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатлик ва ёрдам муҳитини шакллантиришмоқда. Натижада ёшлар, ёш оилалар, ишсиз фуқароларнинг давлат томонидан яратилаётган имкониятларга нисбатан хабардорлиги таъминланиб, имтиёзли кредитлар, субсидия ва бандлик дастурларидан фойдаланишга бўлган ишончи ортмоқда. Айнан шу ишонч камбағалликдан чиқиш йўлидаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Нуронийлар ташаббуси билан таълим масканларида олиб борилаётган  “Нуронийлар соати” маърифий дарслари, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосидаги тизимли ишлар ҳам юз минглаб ёшларимиз ҳаётига янгиланишлар ва ўзгаришлар олиб кирмоқда.

Нуронийлар ташаббуси билан таълим масканларида олиб борилаётган  “Нуронийлар соати” маърифий дарслари, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосидаги тизимли ишлар ҳам юз минглаб ёшларимиз ҳаётига янгиланишлар ва ўзгаришлар олиб кирмоқда.

Экологик барқарорликни таъминлаш ва маънавий тарбияни уйғунликда  олиб боришда ҳам  нуронийларнинг муҳим ўрни бор. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида нуронийларнинг фаол иштироки ёш авлод учун жонли намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Кузги ва баҳорги кўчат экиш мавсумларида дарахт экиш шунчаки тадбир эмас, балки табиатга масъулиятли муносабатда бўлиш, келажак олдидаги бурчни ҳис этишда маънавий мактаб вазифасини ўтамоқда.

Маҳаллалар ва оилалардаги ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва тотувлик кўп жиҳатдан нуроний отахон ва онахонларга боғлиқ. Улар оилаларда сабр, матонат, қаноат, ўзаро ҳурмат каби қадриятларни тарғиб этиш орқали можароларнинг олдини олишмоқда.

“Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида ҳар бир кўчага фаол нуронийларнинг “кўчабай” бириктирилиши эса  қадриятларимизни янада сайқаллаш, маҳалланинг  ижтимоий-маънавий муҳитини соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Маҳаллалардаги ҳашарлар, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари, Наврўз ва сумалак сайлларида нуроний оқсоқолларнинг бош-қош бўлиши қўни-қўшнилар ва маҳалла аҳли ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик муҳитини мустаҳкамлайди. Ёшларнинг ўзи туғилиб ўсган маҳалласига бўлган  меҳрини кучайтиради.

Албатта, ҳали олдимизда турган вазифалар жуда кўп.   Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг билим олиши, салоҳиятини юзага чиқариши, касб-ҳунар эгаллаб, эл-юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қиладиган етук кадрлар бўлиб улғайиши учун кенг имкониятлар яратилаётган, уларнинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётган бугунги кунда фарзандларимизнинг адашиб турли ёт ғоялар таъсирига берилишидан, жиноятчилик йўлига кириб қолишидан асраш, соғлом ва тотув оилаларда, бағри бутунликда улғайишини таъминлаш биз, кексаларнинг авлодлар олдидаги бурчимиздир.

Бу борада, айниқса, ёшларимизга миллий қадриятларни ва она Ватанимизга меҳр-муҳаббат руҳини сингдиришимиз  муҳим маънавий-ижтимоий пойдевор ҳисобланади. Шу маънода, биз, нуронийлардан бугун мамлакатимиздаги ҳар бир ёшнинг, ҳар бир ўғил-қизимизнинг тақдирига дахлдорлик масъулияти билан ишлашимиз, ўз ҳаётий тажрибаларимиз асосида оилалардаги тотувлик муҳитини асрашимиз талаб этилмоқда.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида мамлакатимиздаги ҳар бир кўчага нуронийларнинг “кўчабай” бириктирилаётгани миллий қадриятларимизни асраш ва ёшларимизни замонавий руҳда тарбиялашда ўзаро уйғунликни таъминлашга ва  жамиятда маънавий юксалиш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилиши, бу жараёнда маҳаллаларда тарбия борасидаги ўзбекона гўзал қадриятларимиз қайта сайқалланиб, нуронийларнинг  бугунги ислоҳотлардаги  фаол иштироки ва ташаббускорлиги янада кучайиши шубҳасиз.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan