Бутун замин, набототу жонзотлар олами, жамики инсоният ҳаёти учун осмони фалакда порлаб турган қуёш нечоғли аҳамият касб этса, фарзанд камолида ҳам ота-она, бобо-ю буви, устозлар ана шундай мақом ва ўрин эгаллайдилар. Улар ўз маънавияти-ю маърифати, улкан билим ва тажрибаси, ҳаётий сабоқлари билан мурғак қалбни тарбиялаб, вояга етказади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларнинг билим олиши, салоҳиятини намоён этиши учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётгани шубҳасизки, келажакда халқимиз орасидан Ал-Бухорийлар, Хоразмийлар етишиб чиқиши учун муносиб замин ҳозирламоқда.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси тизимида жойларда иш олиб бораётган фаол нуроний отахону онахонлар, чинакам маънода, юртимиз ёшларининг яқин ёрдамчиси, маслаҳатгўйи ва йўлчироғига айланмоқдалар.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида  имзоланган қўшма қарорда  ана шундай эзгу мақсад-вазифалар кўзда тутилган.

Қўшма қарорда белгиланганидек, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали ва унумли фойдаланган ҳолда, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида тарбиявий ишларни тизимли ташкил этиш, ўқувчи-ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар ва юксак инсоний фазилатлар ҳамда ватанпарварлик туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш бугун ҳар қачонгидан-да, муҳим вазифаларимиздан  саналади.

Ушбу қўшма қарор доирасида давомати паст, фанларни яхши ўзлаштиришга қийналаётган ўқувчилар билан ишлаш, гиёҳвандлик ва ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ёшларга алоҳида эътибор қаратиш, тарбияси оғир, муаммоли ёшлар билан кекса нуронийларнинг суҳбатларини ташкил этиш, “Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида оилаларда аҳиллик ва осойишталикни таъминлаш, муаммоли оилаларни ўз ҳолига ташлаб қўймай, улар билан манзилли ишлаш режалаштирилган.

Шунингдек, душанба кунлари ташкил этиладиган “Келажак соати” дарсларига ижтимоий фаол, замонавий фикрлайдиган нуронийларни жалб қилиш, юқори натижаларга эришган спортчилар, фан олимпиадалари ғолиблари, машҳур ёзувчи ва олимлар, паралимпия спорт мусобақалари совриндорлари ҳамда фахрий педагогларнинг ўзлари таҳсил олган умумий ўрта таълим ташкилоти ўқувчилари билан учрашувларини ўтказиш    белгиланган.

Ушбу вазифаларни бажариш юзасидан “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлимида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, вилоятдаги барча умумтаълим мактабларининг 7-11-синфларига шу синфларда набиралари таълим олаётган фаол, фидойи бувижонлар ва пиру бадавлат отахонлар мураббий этиб бириктирилди.  Маълумки, 7-11-синфда ўқийдиган вақт ўсмирлар учун ўтиш даври бўлиб, уларда физиологик, ҳиссий, эмоционал ўзгаришлар кузатилади. Бундай шароитда уларни яхши англайдиган, тўғри йўл кўрсата оладиган, масалани ётиғи билан тушунтирадиган, кенгфеъл кекса отахону онахонларга ҳар қачонгидан кўпроқ эҳтиёж сезилади.

Бувижонлар ва нуронийлар ўқувчилар билан суҳбат ўтказарканлар, ҳар бир ўғил-қизнинг руҳий-психологик ҳолати, ички дунёсига эътибор бериб, кузатилаётган ўзгаришлар тўғрисида синф раҳбари ва мактаб психологига хабар бериши керак. Шунинг баробарида ўқувчининг уй шароити, оилавий муҳити, мактабдан ташқари қандай машғулотлар билан банд бўлишини назоратга олиши, ота-онаси билан ҳамкорликни кучайтириши пировардида ҳар қандай эҳтимолий зиддиятли вазиятлар, нохуш воқеаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ташаббуснинг асл мақсади ҳам шу, яъни ёшларнинг ҳар томонлама хавфсиз муҳитда камол топишига эришиш, қолаверса, кексалар ва ёшлар мулоқотини кучайтириб, уларнинг тарбиясини яхшилаш, жиноятчилик, эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш.

Ўқувчиларни кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси, ибратли умр йўли билан таништириш мақсадида, Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида “Нуронийлар ибрати — ҳаёт мактаби” мавзусида тадбир ташкил этдик. Унда “Бувижонлар мактаби” вакиллари, узоқ йиллар турли соҳаларда самарали меҳнат қилган фахрийлар, мазкур мактаб ўқитувчилари иштирок этдилар.

— “Нуронийлар кенгаши” қошида ташкил этилган “Бувижонлар мактаби”нинг аҳамияти жуда катта, — дейди Жомбой тумани “Бувижонлар мактаби” раҳбари Ҳафиза Ўсарова. — Бугунги кунда унинг аъзолари ҳудудларда, маҳаллаларда жойлашган мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига бориб, қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларни миллий қадрият ва анъаналаримизга муносиб руҳда тарбиялаш учун  қатор ишларни амалга оширяптилар. Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ёшлар тарбиясига янада кўпроқ масъулият билан қарашимиз зарурлиги таъкидланди. Бугунги кунда “Келажак соати” дарслари ушбу ҳаракатнинг амалдаги ифодаси бўлиб, уларда иштирок этаётган фаол нуронийлар ўзлари эришган ютуқлар, кўрган-кечирганларидан чиқарган хулосаларини баён этиш билан бирга, ёшлар қандай йўл тутсалар ўз мақсадларига эришишлари мумкинлиги тўғрисида кўрсатмалар бермоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, “Бувижонлар мактаби” фаолияти доирасидаги   ишлар ёшларнинг эртанги  истиқболига бугунданоқ мустаҳкам пойдевор қўйишга йўналтирилган. Бу нафақат келажагимиз вакилларининг порлоқ истиқболини яратиш, балки нуронийларнинг ижтимоий ўзгаришларнинг фаол иштирокчиси, жамият ҳаётига оид янгиланишлар ташаббускорига айланишига ҳам хизмат қилмоқда.

Гулбаҳор Ҳусаинова,

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими

“Бувижонлар мактаби” раҳбари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan