Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгашининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз спорт соҳасида катта тажрибага эга фахрийлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши раҳбарияти ва аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбсари Шароф Убайдуллаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Фахрийлар кенгашлари фаолияти нафақат ижтимоий қўллаб-қувватлаш, балки жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, маънавий-маърифий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, бугунги кунда фахрийлар кенгашлари билан “Нуроний” жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик жамият ҳаётида сезиларли ижобий натижалар бермоқда. Фахрийлар кенгашлари жамғарманинг жойлардаги асосий таянчи ҳисобланади. “Нуроний” жамғармаси фаолиятининг самарадорлигини оширишда фахрийлар кенгашларининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда фаол иш олиб бораётган ташкилотлардан биридир, — деди Шароф Убайдуллаев

Тадбир давомида сўнгги беш йил мобайнида амалга оширилган лойиҳалар, ҳудудларда олиб борилган ташкилий ишлар, шунингдек, фахрий спортчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар атрофлича таҳлил қилинди. Кенгашнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан батафсил ҳисобот тингланиб, эришилган натижалар билан бирга мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокамалар жараёнида фахрий спортчиларнинг бой тажрибасини ёш авлодга етказиш, спортда ворисийлик анъаналарини мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳа ривожида фахрийларнинг маслаҳатчи ва тарбиявий ролини кучайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Конференциянинг асосий масалаларидан бири — Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши раислигига сайлов ўтказиш бўлди. Сайлов натижаларига кўра, амалдаги раҳбар — Баҳодир Махситов номзоди иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва у навбатдаги муддатга Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгашининг  раиси этиб сайланди.

Янги муддатда ҳам кенгаш томонидан фахрий спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, спорт соҳасидаги ислоҳотларга фахрийлар тажрибасини кенг жалб этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши белгиланди.

Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси раҳбари маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Баҳодир Махситов, чин маънода, Ўзбекистон спорти фахрийларининг ҳақиқий етакчисидир.

У Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган, 1980-82 йилларда Тошкент шаҳар судининг аъзоси, 1082-1984 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи, 1984-1986 йилларда Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Олий суди аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, Бўка тумани ҳокими, 1995-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси, 2002-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ташкилий-назорат хизмати инспектори каби масъул лавозимларда хизмат қилган Баҳодир Махситов нафақага чиққач, ўзи яшаётган “Аҳил” маҳалласига раислик қилган.

Тадбирда Баҳодир Махситов сўзга чиқиб, билдирилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдирди ва  келгусида кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳудудлардаги ишларни тизимли равишда кучайтириш ҳамда спорт фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

Конференция ишида келгусидаги вазифалар юзасидан ўзаро келишиб олинди.

Ҳамрохон Мусурмонова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan