Шундай замондошларимиз борки, бутун яшаб ўтган умри, қилган ишлари фақат ибратдан иборат. Ҳаётлари давомида қилган эзгу ишлари кўплиги сабаб, Яратган уларнинг умрига, ризқига барака берганлиги рост. Улардан бири, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Дарбанд қишлоғида яшайдиган Шоҳимардон ота Ҳамроев бу йил муборак 104 ёшга кирадилар.
Шоҳимардон Ҳамроев 1922 йил 15 мартда Бойсун тумани Дарбанд қишлоғида дурадгор оиласида туғилган. 1938-1939-ўқув йилида Дарбанд қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабни тамомлаган. 1940 йили “Термиз — Бойсун — Туда” темир йўл қурилишида ишлаганлар.
1941 йил Иккинчи жаҳон уруши бошланган дастлабки кунларданоқ фронтга кўнгиллилардан бўлиб кетганлар. Дастлабки тайёргарликдан сўнг учинчи Белоруссия фронтида артиллерия қисмларида тўпчилар сафида хизмат қилган. Урушнинг даҳшати борган сари ортиб, фронтдаги ҳаёт-мамот жанглари кучайган пайтларда Воронеж, Латвия, Литва, Эстония каби давлатларни душмандан озод қилишга ўз ҳиссасини қўшди. Кейин эса Кензберг, Хельсберг қалъасини озод этишда қатнашди. Урушнинг энг қайноқ нуқталарида бўлиб, душманга аёвсиз, қақшатгич зарбалар берди. 1945 йили охирги марра — Берлингача етиб бориб, ғалаба байроғини қадагунча, жангларда бир неча бор ярадор бўлди, лекин ҳар гал тезроқ соғайиб, жанг майдонига қайтиш, қуролдош дўстлари сафида бўлиш, уларга мадад беришни ўйлади. Уруш ғалаба билан якунлангандан сўнг кўксини орден-медаллар билан тўлдириб, эсон-омон уйига қайтди. Урушнинг дастлабки кунидан то якунига қадар кўрсатган хизматлари ҳамда жасорати муносиб тақдирланди.
Урушдан кейинги тикланиш йилларида ота ёш авлодга таълим-тарбия беришга бел боғлади. Уруш сабаб, мактаблар ёпилган, саводи бор одамлар ҳаммаси урушга жалб қилинган эди. Шоҳимардон ота қишлоғидаги мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлади. Кейинчалик Педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетида сиртдан ўқиб, уни 1961 йилда тугатди. Мактабда 40 йил давомида ёшларга сабоқ берди ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвони билан тақдирланди. Отахоннинг 11 нафар фарзанди ҳам жамиятга керакли инсонлар бўлиб етишди. Бугунги кунда ҳаммалари нафақада, 48 набира, 70 чевара, 7 эвара улуғлар ёнида гиргиттон.
Шоҳимардон Ҳамроевнинг минглаб шогирдлари Ўзбекистон, Тожикистон, Россия ва бошқа давлатларда турли соҳалар ривожига хизмат қилиб келмоқда. Шогирдлари орасида олимлар, ўқитувчи-ю шифокорлар, вилоят, туман ҳокимликлари, давлат ва хўжалик ташкилотларида раҳбар бўлиб ишлаётганлар кўпчиликни ташкил этади.
Жангчи-устоз Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкиллаштириладиган тадбирлар олдидан мактаб, маҳаллаларда бўлиб, ёш авлодга Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон қадр-қимматининг улуғланиши ҳақида шукроналик билан гапириб, бу кунларнинг қадрига етиш, Ватанни севиш, эъзозлаш кераклигини уқтириб келмоқда.
Отахоннинг юзлари, қўлларида вақт синовлари ўз изини қолдирган. Елкаси юз йиллик тарих залворидан букилган, аммо руҳи тетик, қарашлари ўктам, сўзлари пурмаъно. Шундай азим чинорлари, асрларга гувоҳ азамат, ўктам инсонлари бор юртнинг ёшлари ҳам улардек ватанпарвар, боболарига муносиб авлод бўлишига ишонамиз.
Эшдавлат ТОШБОЕВ,
“Нуроний” жамғармаси Бойсун тумани бўлими раиси.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.