Шак-шубҳасиз, дунёда шарафли вазифалар кўп, аммо улар орасида энг улуғи – Ватанни асраш, уни ҳимоя қилишдир. Чунки юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва келажак авлод тақдири ана шу муқаддас бурч билан чамбарчас боғлиқ.
Бугун давлатимиз армияси ҳақиқий маънода халқ билан бир тану бир жон бўлиб, мамлакатимиз мустақиллиги, сарҳадлар дахлсизлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бугун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганига 34 йил тўлиши ҳам ушбу йўлда босиб ўтилган шарафли йўл, тўпланган тажриба ва кучайиб бораётган ҳарбий салоҳият рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз бўйлаб Ватан ҳимоячиларига ҳурматни янада ошириш, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирларда юқоридагиларга кўпроқ урғу берилмоқда. Улардан бири 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Самарқанд давлат университетида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” бўлди. Катта, ўрта ва ёш авлод вакилларини бир майдонга жамлаб, ҳарбий хизмат анъаналари, Ватанга садоқат ва фидойилик ғояларини ёшлар онгига янада чуқур сингдириш, миллий армиянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини кенг тарғиб қилиш мақсад қилинган тадбир аввалида университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Субхон Аббосов сўзга чиқди.
Субхон Аббосов йиғилганларни байрам билан табриклар экан, бугунги тинч ва барқарор ҳаёт ҳар бир ҳарбий хизматчининг сидқидилдан адо этаётган бурчи, жасорати ва матонати самараси эканини алоҳида таъкидлади. У олий таълим муассасаларида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни Ватан тақдирига бефарқ бўлмасликка чорлаш муҳим вазифа эканини қайд этди. Тантанали йиғилишда вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Рашид Шеров, вилоят Ички ишлар бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Убайдулло Амиров ҳамда Марказий ҳарбий округнинг ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, майор Музаффар Муродовлар бугунги Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар, моддий-техник таъминот ва кадрлар салоҳияти изчил равишда юксалиб бораётганини таъкидладилар.
Шунингдек, ҳарбий хизмат нафақат касб, балки юксак маънавий масъулият, Ватан олдидаги муқаддас қарз эканини ёшларга ҳаётий мисоллар орқали етказиб, ҳар бир йигит-қизда юртга садоқат, қонунга ҳурмат ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳимлигини уқтирдилар. Учрашувда соҳа фахрийлари ўз ҳаёт йўли, хизмат давридаги синовлар ва ютуқлар ҳақида сўзлаб берди. Ҳарбий қисм аскарлари томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар эса йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Баҳодир Қиличев,
Самарқанд вилояти.