Содиқжон Турдиев,
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси,
сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони.
Эл-юртнинг тинчлик-осойишталиги, оилалар фаровонлиги, маҳаллалар ободлиги, ўғил-қизларимизнинг бахтли-саодатли келажагига ишонч билан умргузаронлик қилиш ҳамма даврларда ҳам одамларнинг энг эзгу нияти бўлган. Бугун биз ота-боболаримиз асрлар мобайнида орзу қилган ана шундай ниятларининг рўёбини кўряпмиз.
Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга, давлатимиз раҳбари етакчилигида барча соҳаларни изчил ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга дунё аҳли алоҳида эътибор билан қараётгани ҳеч кимга сир эмас. Кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиш самараси одамларимизнинг турмуш тарзида, ҳаётидаги фаровонликда, оилалар даромадида, маҳаллалар, қишлоқ ва шаҳарларимизнинг обод қиёфасида намоён бўлмоқда.
Халқимизнинг орзу-ниятлари ушалаётган, тадбиркорлик ривожланиб, юртдошларимизнинг даромади ошиб бораётган бугунги мунаввар кунларимизнинг қадри қанчалик улуғ эканлигини биз, кекса авлод вакиллари яхши биламиз.
2025 йилни катта ютуқлар билан кузатиб, 2026 йилни қалбимизда шукроналик, эртанги кунга катта ишонч билан кутиб олдик. Ўтган йил эл-юртимиз учун қут-баракали, хайрли, манфаатли йил бўлди. Президентимизнинг халқимизга йўллаган Янги йил табригида таъкидланганидек, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 145 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимиз ўрта даромадли давлатлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлади.
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши бу нафақат юртимиздаги ҳаётбахш ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш, унинг инфратузилмасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини оширишни, балки маҳалланинг ижтимоий-сиёсий ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастурларини амалга оширишни ҳам англатади. Ушбу ташаббус, энг аввало, юртимизда инсон қадрини юксалтириш, халқимизнинг фаровон турмуши, бахтли-саодатли ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида “Олдимизга қўйган мақсадларни фақат ўзимиз — катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, ҳурматли нуронийларимиз, опа-сингилларимиз, серғайрат ёшларимиз, зиёлиларимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз, Ватан посбонлари, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз”, дея халқимизнинг бугунги ислоҳотлардаги ўрни ва ролини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги тўққиз йилда мамлакатимиз ҳаётида шу қадар ривожланиш ва юксалишлар содир бўлдики, кўп йиллар синовларини кўрган биз, нуронийлар бу ўзгаришларга осонлик билан етиб келмаганимизни яхши биламиз. Халқимиз оддий маиший муаммолар гирдобида қанчалар қийналган, тадбиркорликни бошлаш, уй-жойли бўлиш, ўғил-қизларни илмли-маърифатли қилиб, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш осон бўлмаган йилларни бошдан кечирдик. Минг шукрки, бу муаммоларнинг барчаси Президентимиз раҳбарлигида босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда.
Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ҳаётимизга янги замон руҳи кириб келди, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, бутунлай янги, замонавий қиёфага кирди. Одамларнинг ҳаёти ҳам, дунёқараши ҳам ўзгарди.
Халқимиз фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, хорижий давлатлардан кириб келаётган инвестициялар туфайли энг чекка қишлоқларда ҳам янги иш ўринлари очилди, ҳамюртларимизнинг турмуш шароитлари яхшиланди. Барча соҳаларга янги технологиялар кириб келяпти. Буларнинг барчаси халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Оғир ва машаққатли йиллар синовларидан ўтган кексалар бугунги неъматлар, тинчлик-осойишталик қадрини ва бунга эришиш осон бўлмаётганини яхши билади.
Аҳоли фаровонлигини юксалтириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган йили ҳамюртларимизнинг 5 миллион нафари даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушгани, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиққани, илк бор 1435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлангани ҳам сўнгги тўққиз йилдаги ислоҳотларнинг халқимиз ҳаётидаги ифодасидир.
Шу ўринда мамнуният билан таъкидлашимиз керакки, ушбу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда юртимиз нуронийлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўтган тўққиз йил юртимиз фахрийлари, кекса нуронийлар ҳаётида ҳам туб бурилиш йиллари бўлди. Мамлакатимизда кексаларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга эъзоз ва ғамхўрлик кўрсатишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани нуронийларни янада руҳлантирди. Натижада кексаларимиз бугун “маҳалла еттилиги” билан ҳамқадам, фаол ва ташаббускор кучга айланди.
Нуронийлар билан суҳбатлашсангиз, “Президентимиз маҳаллаларда аҳиллик, ҳамжиҳатлик муҳитини асрашда, ёшларни тарбиялашда юксак ишонч билдириб, биз, нуронийларга шундай шароит, имконият ва ваколатлар бердики, энди бизнинг ишлайдиган, ўзимизни, билимимиз, тажрибамиз ва маҳоратимизни кўрсатадиган давримиз келди”, — дейишмоқда. Бугун ҳар бир маҳаллада “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Бувижонлар мактаби”, “Нуронийлар ва ота-оналар кенгашлари” фаолият олиб боряпти.
Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари билан жорий этилган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ўзига хос умуммиллий ҳаракатга, қадриятлар тантанасига айланди. Мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида нуронийлар ҳар йили 10 нафардан муаммоли, ишсиз ва тарбияси оғир ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топишига, олий ўқув юртларида таълимни давом эттиришига, ишга жойлашиб, даромадли бўлишига кўмаклашмоқда. Шунингдек, нуронийлар “Камбағалликдан — фаровонлик сари” умуммиллий ҳаракатида ҳам фаол иштирок этаётир.
“Нуроний — ҳар бир оилага масъул” тамойили асосида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида бугунги кунда нуронийлар ёрдами билан ажрим ёқасига келиб қолган кўплаб оилалар яраштирилди.
Маҳаллаларда оилалар тотувлигини таъминлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, муаммоли оилалар билан ишлаш борасида тизимли дастурлар йўлга қўйилиши натижасида бугун жамиятимизда муаммоли оилалар сони камайиб бормоқда.
Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Маҳалла азал-азалдан тарбия, ҳамжиҳатлик ва ўзаро кўмак мактаби бўлиб келган. Қийин дамларда қўшни-қўшнининг кунига яраб, тўй-аза, маъракада бир-бирини ёлғизлатмаган. Шу боис, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши халқимизнинг асрий қадриятларига таянган келажакни барпо этиш йўлидаги мантиқий қадам десак, сира ҳам муболаға бўлмайди. Бу ташаббус маҳаллани фақат маъмурий тузилма эмас, балки инсон қадри улуғланадиган, муаммолар жойида ҳал этиладиган ижтимоий институтга айлантиришга қаратилган.
Президентимизнинг маҳаллалардаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникалардаги шарт-шароитларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратгани ҳар бир юртдошимизни беҳад мамнун этди. Зеро, ҳаммамизнинг жамиятга қадамларимиз маҳалладан бошланади. Маҳаллаларимиз ободлиги кўнглимиз ободлигига туташади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳалла тинч бўлса — жамият тинч бўлади.
Шунингдек, Мурожаатномада Президентимизнинг таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратгани инсон қадрини юксалтиришга йўналтирилган тизимли ишларнинг изчил давом этишидан далолатдир.
Умуман олганда, ушбу Мурожаатнома мамлакатимизнинг келгуси ривожланиши йўлидаги стратегик мақсадларни амалга оширишга қаратилган, пухта ўйланган ва узоққа мўлжалланган “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.