Бугун Янги Сирдарёда ҳам улуғвор ўзгаришлар юз бермоқда. Вилоятнинг энг чекка қишлоғидан тортиб, Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарларининг барча гўшаларида уйғониш жабҳасига гувоҳ бўласиз. Кўкламнинг ташрифи ҳам одамларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиши билан бирга, кайфиятини кўтарган. Кўчаларнинг ободлиги, дала-ҳовлиларда экин-тикинларнинг тараддуди деҳқонларнинг заминга муҳаббати ортганидан, албатта. Кузатиб, завққа тўласан киши. Юртимиз тупроғида ростдан, оддий чўп ҳам гуллайди.
Бугунги кунда вилоятимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ҳар бир сирдарёликни қувонтираётгани шубҳасиз. Дарҳақиқат, янги имконларга эшик очиб, янги ижодларга илҳом, янгиликларга пойдевор, янги-янги лойиҳаларга туртки бўлаётган ғоялардан қалбимиз қувончга, шуурга тўлаётгани рост. Аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашда, ҳудудлардаги муаммоларга ечим топишда халқ билан мулоқот энг мақбул тизимдир. Зеро, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқнинг ичига кириб, унинг дарду ташвишларини тинглаш, оғирини енгил қилиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш барча бўғиндаги раҳбар ва мансабдор шахсларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
— Сирдарё вилоятини узоғи билан икки йил ичида республикадаги энг олдинги ўринга кўтарамиз. Бунга кучимиз ҳам, олдимизга қўйган катта-катта марраларимиз ҳам етарлидир,— деди вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенатори Эркинжон Турдимов халқ вакиллари билан учрашувда. — Ерга меҳр бермасанг, у сенга ҳосил бермайди. Демак, машаққатдан, изланишдан ва меҳнатдан қочмаслик керак. Яхши ният қилсак, яхши мақсадлар сари интилаверсак, албатта, кўзлаган мақсадимизга етамиз.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги ерларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга доир тадбирлар, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари — қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари доирасида энг яқин марказлаштирилган тармоқлардан ишлаб чиқариш майдонларининг чегарасигача оқар сув ва электр тармоқларини тортиш ҳамда зовурлар қазиш ишлари амалга оширилди. Артезиан қудуқларини қазиш, лотоклар ўтказиш, зовур қазиш ва дренажлар қуриш, трансформатор ўрнатиш ва электр энергияси тармоқларини тортиш, ташкил этилган инфратузилмаларни сақлаш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳолини қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” вилоят шаҳар ва туманларининг ихтисослашуви, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс тадбирлар жараёнларида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида, халқ депутатларининг фаолиятига ҳам катта эътибор қаратилган. Айниқса, “Депутат сўровномаси”га берилган жавоблар шахсан вилоят ҳокими томонидан назоратга олиниши раҳбарлар масъулиятини оширмоқда. Шу ўринда, ўзим сайланган Гулистон шаҳар “9-Навбаҳор” округидаги 5 та маҳаллада ҳам қатор муаммоли ишлар ижобий ҳал этилди. Айни шу кунларда ушбу ҳудудлардаги бир нечта кўп қаватли уйлар таъмири ва ички маҳалла кўчаларини асфальтлаш, янги кўп қаватли уйга ўрнатилган лифтни ишлатиш масаласи кўрилмоқда.
Кам таъминланган оилаларга бир миллиондан моддий кўмак берилгани кишилар кайфиятини кўтарди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан ҳам кексаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, нуроний отахон ва онахонлар иштирокидаги ижодий кеча ва учрашувлар ёшларимизнинг таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кўклам юмушлари давом этмоқда. Ободонлаштириш, янги дарахт кўчатлари экиш, боғлар яратиш ишқи кексаю ёшнинг виждон амрига айланганидан қувонасиз.
Норинисо ҚОСИМОВА,
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши депутати.