Бугунги кунда юртимизда уруш қатнашчилари ва фахрийларга нисбатан ўзгача ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Айни эътибор, шубҳасизки, фахрийларни беҳад мамнун этмоқда. Аслида уруш кўрган инсон ҳеч қачон бундай кун келмаслигини, еру кўк, бутун олам тинч бўлишини истайди.

Негаки, урушлар туфайли давлатлар ривожланишдан тўхтайди, қанчалаб оилалардаги фарзандлар яқинларидан айриладилар, хонадонлар барбод бўлади, обод маконлар вайроналарга айланади. Бунга дунёнинг турли давлатларида кечаётган тўқнашув ва урушларни яққол мисол қилиш мумкин, албатта.

Шукрки, Янги Ўзбекистонимизда тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик ҳукм сурмоқда. Бу кунлар учун ҳар қанча шукр қилсак оз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори инсон қадри-қимматини юксалтириш, хотирасини улуғлаш йўлидаги эзгу ишларни янги босқичга кўтарди.

— Бу қарор бизни жуда ҳам қувонтирди, — дейди Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Қовунчи” МФЙ “Мустақиллик” кўчаси 1-уйда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси  Нодир Мансуров. — Не ажабки, тақдир сийлови билан юз ёшни қаршилаб, бахтли бир нуроний сифатида дориломон замонда умргузаронлик қилиб келмоқдаман. Ҳар бир уруш қатнашчилари ва ногиронлари Юртбошимиз томонидан рағбатлантирилганимизда, кўнглимиз тоғдек юксалади. Мана, бу йил ҳам давлатимиз раҳбарининг қарори билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига бир марталик мукофот пуллари берилиши белгилангани эзгу анъананинг узвий давоми бўлди.

Бунинг учун Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига уруш фахрийлари номидан чексиз миннатдорлик билдираман.

Тобора юксалиб, дунё майдонидан мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган Янги Ўзбекистонимизга асло кўз тегмасин. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Дарҳақиқат, уруш фахрийларининг бугунги иззат-икромдан мамнунлиги сабаб дуоларга уланаётган дуолар, уларнинг ўзига хос ижобати халқимизнинг тинч ва хотиржам, фаровон ҳаёти учун ўзига хос маънавий замин вазифасини ўтамоқда. Бахтимизга улар доимо омон бўлсинлар!

Юсуф  МАМАДИЁРОВ,

Янгийўл тумани.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan